Суперлиганинг 27-туридаги сўнгги ўйин – «Пахтакор» «Қўқон-1912» баҳсида мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин қўқонликлар устози Андрей Шипилов матбуот анжуманида фикрларини айтди.
- Ўйинни биз истагандек бошлай олмадик. Жуда эрта голлар ўтказиб юбордик. Ваҳоланки, бугунги учрашувга тайёргарлик жараёнида ҳам бу ҳақда гаплашгандик. Кийиниш хонасида йигитларга ўйиннинг бошланиши жуда тезкор бўлишини, майдон намлиги сабабли тўпнинг тез ҳаракатланишини, рақиб эса юқори босим билан ўйнашга ҳаракат қилишини айтгандим.
Огоҳлантиргандим, бу ерда ҳеч қандай мураккаб нарса йўқлигини, фақат ўз позициянгизни йўқотмаслик кераклигини тушунтиргандим. Аммо иккита гол ўтказиб юбордик.
Худога шукрки, бу вазиятдан чиқиб кета олдик. Ўзимизни қўлга олдик, ўша нокдаундан кейин тикландик. Иккинчи бўлимда эса нималар бўлганини ўзингиз ҳам кўрдингиз. Жамоамиз муносиб кўриниш олди, яхши гол урдик. Аммо ўзимизнинг аутдан тўпни ўйинга киритишимиз натижасида пеналти ишлаб олганимиз жуда тушунарсиз ҳолат бўлди. Йигитларга ҳам айтдим: майда деталлар ҳам жуда-жуда муҳим аҳамият касб этади.
Аутдан тўпни ўйинга киритиб, рақиб жарима майдонигача олиб бориш ва натижада пеналти ишлаб олиш қандай юз берганини тушунмаяпман. Оқибатда ҳисоб 3:1 бўлди.
— Иккинчи бўлимда марказий ҳимоячингиз жароҳат олди ва сиз унинг ўрнига таянч ярим ҳимоячисини туширдингиз. Кейин эса марказий ярим ҳимоячи марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қилди. Ваҳоланки, захирада яна икки нафар марказий ҳимоячи бор эди. Нега бундай қарор қабул қилдингиз?
- Буни фақат жамоа билан кечаю кундуз бирга бўладиган мураббийгина тушуниши мумкин. Унинг ҳиссиётлари, вазиятни қабул қилиши, нималарни кўра олиши — буларнинг барчаси муҳим. Фақат жамоа билан доимий равишда назарий машғулотларда, залда ва майдонда бирга бўладиган мураббийгина буни англайди. Масалан, трибунада ўтирган ёки ўйинни телевизор орқали кузатаётган инсон буни тушунмайди. Ҳеч қачон тушунмайди.
Ҳозир менга инсонларнинг нигоҳлари, уларнинг энергияси керак. Ижобий кайфиятга эга, ўзини жамоа учун фидо қиладиган, меҳнат қилишни истайдиган футболчилар керак. Кимнинг ўйнашни хоҳлаётганини кўриб турибман. Улар ўз ризқини ҳалол меҳнат билан топишни исташяпти. Шунинг учун айнан шундай футболчилар майдонга тушади. Мен ҳар бир футболчига имконият бераман. Ортиқча тушунтиришлар беришни ҳам, шикоят қилишни ҳам истамайман.
Майдонда борини беришга тайёр, клуб ғояси, натижа ва муносабат учун курашадиган футболчилар ўйнайди. Муносабат — энг муҳим жиҳатлардан бири. Мен ҳаммага етарлича вақт ва имконият берганман. Энди ҳеч кимни кўндириш ниятим йўқ.
Мен ишончли деб ҳисоблаган футболчиларга ишонаман. Мураббийлик ҳаёти шундай. Буни фақат жамоани бошқараётган инсон тушунади. Ҳатто футболчининг ўзи ҳам буни тўлиқ англамаслиги мумкин.
Футболчиларга ҳам айтдим: агар футболчи мураббий билан тортишишни бошласа, демак, ҳаммаси тугади. Бу — мен учун қоида. Менинг футболчилик давримда ҳам шундай бўлган. Агар футболчи кўп гапира бошласа, мураббийнинг кўрсатмаларини бажармаса, у билан хайрлашилади.
Аммо менда ҳозир бундай имкониятлар етарли эмас. Бердиев ҳам шундай дерди: «Бир марта айтдим, агар бажармаса — хайр». Лекин бу Бердиевнинг даражаси. Мени ҳам худди шундай тарбиялашган. Болалар мураббийим айтган, катта жамоадаги мураббийим айтган — мен эса уларнинг кўрсатмаларини бажарганман. Мен ҳам ана шу қоидаларга амал қиламан», - дея Андрей Сергеевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.