Live
2
Ўзбек

Эмилиан Карас: «Бу ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Аммо рақибга катта бўш ҳудудларни қолдирдик»

Эксклюзив
2 ноябр, 16:31
Карас матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Эмилиан Карас: «Бу ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Аммо рақибга катта бўш ҳудудларни қолдирдик»
Фото: Пахтакор ПФК
02.11.2026 FT Осиё Чемпионлар Лигаси Пахтакор Пахтакор 2 : 6 Аль-Наср Эр-Рияд Аль-Наср Эр-Рияд

Элит Осиё Чемпионлар лигаси 4-туридан ўрин олган «Пахтакор» - «Ан Наср» учрашувидан сўнг мезбонлар мураббийи Эмилиан Карас матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Натижа биз учун ачинарли бўлди. Ўйиндан олдин ким кам хато қилса, ўша ғалаба қозонишини айтгандим. Афсуски, ўйинимиздаги кўплаб хатолар бизга қимматга тушди. Натижада рақиб иккита тезкор гол уриши учун имконият бердик. Кейинчалик таваккал қилиб, олдинга қараб интилдик. Рақибга катта бўш ҳудудларни қолдирдик. Рақиб жамоада тезкор ўйинчилар кўп, улар эса ўз имкониятларидан унумли фойдаланди.

Умуман олганда ҳужумда етарлича вазиятлар яратдик, иккита гол уришга муваффақ бўлдик. Бизни қўллаб-қувватлаб, олдинга бошлаган мухлисларга миннатдорчилик билдираман.

- 2:6 ҳисобидаги мағлубиятни шармандалик деб қабул қиласизми ?

- Айтганимдек, бу ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Тўғри, биз олтита тўп ўтказиб юбордик. Аммо ўзимиз ҳам янада кўпроқ гол уришимиз ҳам мумкин эди. Бундай кучли рақибга қарши анча тартибли, ихчам ўйнаш ва бўш ҳудуд қолдирмаслик талаб этиларди. Биз эса Жоау Феликс ва бошқа ижрочиларга жуда кўп эркинлик бериб қўйдик. Бу биз учун муваффақиятсиз ўйин ва омадсиз тажриба бўлди, олдинга ҳаракат қилишда давом этамиз.

- «Ан Наср»га қарши баҳсда қайси режаларингиз амалга ошмай қолди?

- Албатта, ўйин учун режамиз бундай кўринишда эмасди. Майдонга ғалаба учун, очиқ ва тажовузкор футбол намойиш этиш, мухлислар кўз ўнгида прессинг қўллаш ниятида чиққандик. 0:2 ҳисобидан сўнг янада очилишга мажбур бўласиз, бу эса психологик жиҳатдан жуда оғир зарба. Агар битта гол ўтказганимизда ҳам, вазиятни назорат қилган ҳолда режа бўйича давом этиш мумкин бўларди. Аммо иккинчи гол барчасини ўзгартириб юборди.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Пахтакор Пахтакор
  • Аль-Наср Эр-Рияд Аль-Наср Эр-Рияд
  • Осиё Чемпионлар Лигаси Осиё Чемпионлар Лигаси
Бугунги янгиликлар