Live
1
Ўзбек

Некунам, Ҳамробеков, Бийронванд — «Нефтчи»нинг Элит ОЧЛдаги рақиби «Трактор» ҳақида

Футбол
2 ноябр, 05:44
    6
Бугун, 2 ноябр куни Ўмонда Ўзбекистон ва Эрон чемпионлари ўзаро тўқнаш келади.
Некунам, Ҳамробеков, Бийронванд — «Нефтчи»нинг Элит ОЧЛдаги рақиби «Трактор» ҳақида
Foto: Getty Images
02.11.2026, 11:00 Осиё Чемпионлар Лигаси Tractor Tractor - : - Нефтчи Нефтчи

Бугун, 2 ноябр куни Фарғонанинг «Нефтчи» клуби ОФК Элит Чемпионлар лигасининг 2026/27 йилги мавсуми доирасида Эроннинг «Трактор» жамоасига қарши майдонга тушади. Ўмон пойтахти Маскат шаҳрида бўлиб ўтадиган беллашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.

ПФЛ матбуот хизмати Ўзбекистон чемпионининг навбатдаги рақиби ҳақида маълумотлар тақдим этди.

«Трактор» Эрон футболида ўз ўрнига эга бўлган, мамлакатнинг энг кўп мухлисга эга клубларидан бири ҳисобланади. Табриз шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи жамоа 1970 йилда ташкил этилган. Клуб номи Эроннинг йирик тракторсозлик корхонаси билан боғлиқ бўлиб, жамоа дастлаб ушбу завод қошида фаолият бошлаган.

«Трактор»нинг асосий ранги қизил бўлиб, клуб мухлислари орасида «қизил бўрилар» лақаби билан ҳам танилган. Табризликлар нафақат ўз шаҳрида, балки Эроннинг турли ҳудудларида ҳам катта мухлислар армиясига эга. Айниқса, Эроннинг озарбойжонлар истиқомат қиладиган ҳудудларида жамоанинг нуфузи юқори.

Клуб ўз уй учрашувларини Табриз шаҳридаги «Саҳанд» стадионида ўтказади. 60 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган ушбу арена Эроннинг энг йирик футбол иншоотларидан бири ҳисобланади. «Трактор» иштирокидаги муҳим учрашувларда стадион трибуналари минглаб мухлислар билан тўлади.

«Трактор» ўз тарихида узоқ йиллар давомида Эрон чемпионлиги учун курашиб келган. Жамоа 2011/12, 2012/13 ва 2014/15 йилги мавсумларда мамлакат чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган. Табризликлар 2024/25 йилги мавсумда тарихида илк бор Эрон чемпионига айланди. Ўша мавсумда жамоа 30 та баҳсда 21 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, 68 очко жамғарди. Шунингдек, рақиблар дарвозасига 57 та гол уриб, ўз дарвозасидан 19 бор тўп ўтказиб юборди.

«Трактор» Эрон кубогида ҳам икки бор зафар қучган. Табризликлар 2013/14 йилги мавсумда илк бор мамлакат кубогини қўлга киритган бўлса, 2019/20 йилги мавсумда ушбу муваффақиятни такрорлашган. Шунингдек, клуб 2025 йилда Эрон суперкубоги соҳиби бўлган. Бу совринлар жамоанинг мамлакат футболидаги мавқейини янада мустаҳкамлади.

Табризликлар халқаро майдонда ҳам муайян тажрибага эга. «Трактор» турли йилларда Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этган. Жамоа 2024/25 йилги мавсумда ОФК Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг чоракфиналига қадар етиб борган. Кейинги мавсумда эса қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақаси — ОФК Элит Чемпионлар лигасида қатнашган.

2025/26 йилги мавсумда «Трактор» ОФК Элит Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, Қатарнинг «Ад Дуҳайл» клубига қарши учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган табризликлар мусобақанинг кейинги босқичига муддатидан аввал йўлланма олди. Ушбу натижа жамоанинг халқаро майдонда ҳам жиддий рақобат кўрсата олишини намоён этди.

Жамоани айни пайтда эронлик 46 ёшли эронлик Жавод Некунам бошқармоқда. У 2026 йилнинг август ойида «Трактор» бош мураббийи этиб тайинланган. Некунам бунгача Эроннинг «Истиқлол», «Фулад», «Нассажи» каби клубларида фаолият олиб борган. Шунингдек, у футболчилик фаолияти давомида Эрон миллий жамоасининг етакчиларидан бири бўлган. Испаниянинг «Осасуна» клубида узоқ йиллар тўп тепган Некунам Эрон футболининг таниқли вакилларидан ҳисобланади.

«Трактор» таркибида Эрон миллий жамоасида ўйнаган бир қатор тажрибали футболчилар мавжуд. Улар орасида дарвозабон Алиризо Бийронванд ва ҳимоячи Шожаи Халилзода алоҳида ажралиб туради. Бийронванд Эрон сафида Жаҳон чемпионатларида иштирок этган тажрибали посбон ҳисобланади. Халилзода эса ҳимоя чизиғидаги етакчилик хусусиятлари билан танилган.

Жамоанинг ҳужум чизиғида Амирҳусайн Ҳусайнзода муҳим ўрин тутади. У 2024/25 йилги Эрон чемпионатида 14 та гол билан мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланган. Шунингдек, жамоа сафида Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Одид Ҳамробеков ҳам ҳаракат қилади
», — деб ёзади ПФЛ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар лигасининг 2026/27 йилги мавсуми доирасидаги «Трактор» — «Нефтчи» учрашуви 2 ноябр куни Ўмон пойтахти Маскат шаҳрида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Tractor Tractor
  • Нефтчи Нефтчи
  • Осиё Чемпионлар Лигаси Осиё Чемпионлар Лигаси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

6 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар