Live
1
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Мағлубиятга лойиқ эмасдик»

Эксклюзив
26 октябр, 16:40
Исмоилов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
Ислом Исмоилов: «Мағлубиятга лойиқ эмасдик»
Фото: Нефтчи ПФК
26.10.2026 FT Осиё Чемпионлар Лигаси Нефтчи Нефтчи 1 : 2 Аль-Иттихад Аль-Иттихад

ОЧЛ Элит мусобақаси доирасида «Нефтчи» Фарғонада Саудия Арабистонининг «Ал Иттиход» клубини қабул қилди ҳамда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Фарғоналиклар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

- Аламли мағлубият бўлди. Жамоамиз бу мағлубиятга лойиқ эмасди. Футболчиларимиз майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Афсуски, охирги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол бизни қимматли очколардан маҳрум қилди. Тўхтаб қолмаймиз, курашишда давом этамиз. Сабаби, ҳозир жуда оғир пайтларни бошдан ўтказяпмиз. Уч кун ичида жуда қийин иккита ўйинни ўтказдик. Сабаби, «Пахтакор»га қарши жуда оғир ўйинни ўтказгандик ва уч кундан сўнг «Ал Иттиход»га қарши ўйнадик. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Хатоларимизни кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз ва кейинги ўйинларда яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- «Нефтчи» муносиб ўйнади. Лекин қайси жабҳада биз шу нарсани яхшироқ қилсак бўларди, деб айтган бўлардингиз?

- Ўтказиб юборилган иккала голларни жуда оддий вазиятларда ўтказиб юбордик. Биринчи голда ҳам ҳимоячиларимиз ютиши керак бўлган тўп эди. Стандарт ҳам оддий вазиятда бўлди. Агар тўғри ўйнаганимизда балки мағлуб бўлмасдик. Учрашув охирида ҳам деярли йўқ жойдан ўзимизга гол олиб келдик. Рақиб ҳам тушуниб етгандики, улар ҳам юқорига ўта олмаётгандилар. Сабаби, биз бунга йўл бермаётгандик. Тўғри, улар ҳам вазият яратишга ҳаракат қилишди. Балки рақиб тўпни кўпроқ назорат қилган бўлиши мумкин. Бу иккала жамоага ҳеч нарса бермасди. Афсуски, иккита мувозанат етишмаган ҳолат бизни очколардан маҳрум қилди.

- «Нефтчи» тезкор ҳужумга ўтганда бироз тўхтаб қолмоқда. Бунга нима сабаб?

- Масаланинг иккинчи томони ҳам борки, рақиб ҳам бизга қарши ўйнаяпти-да. Бугунги рақибимиз таркибидаги футболчилар жаҳон даражасидаги ўйинчилар. Жуда катта тажрибага эга. «Ал Иттиход» бекорга уларга катта пуллар сарфлаб олиб келмаган. Рақиб футболчиларининг савияларини ҳам қайд этишимиз керакки, биз қарши ҳужумларга чиқиб кетаётганимизда тўғри ҳудудларни ёпа олишди. Прессингда ҳам яхши ўйнашгани учун биз бу борада қийналдик.

Ўйлайманки, шундай бўлса-да, биз жуда кўп вазиятлар ярата олдик. Биринчи бўлимда ҳам имкониятларимиз бўлди. Жамоа тактик томондан деярли бехато ўйнади. Футболчилар кучли рақибга қарши муносиб ўйнашди. Оддий ҳолатда охирида ўтказиб юборилган гол ҳисобига очколар йўқотилди. Рақиб бизни тўлиқ мағлуб этди, демаган бўлардим. Бу ўйинда мағлубиятга лойиқ эмасдик. Камида дурангга лойиқ эдик.

- Маркус Форсс бугун ўйиндан тушиб қолмадими? Уни бироз сусткашлиги эвазига кўпроқ қанотлардан ҳужумлар уюштирилди. Ёки Данило яхшироқ ўйнадими? Умуман, Форссни ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Данило ҳам юқори даражадаги футболчи. Агар исталган рақибга ўйнаш имконини берганида «Ал Иттиход»да ўйнамаётган бўларди. Рақиб ҳам майдонга қаршилик кўрсатиш учун чиқади. Форсс катта ҳажмдаги ишни бажарди. Кўпроқ прессингларда қатнашишига тўғри келди. Кўп куч йўқотгани ҳисобига якка курашларда куч топа олмади. Умуман олганда, 10 балли тизимда унинг ўйинига 7-8 балл қўйса бўлади. Афсуски, Марушич билан Перицада жароҳат аниқланди. Бизда бошқа имконият ҳам йўқ эди, фақат Маркус Форсс ва ёш ҳужумчимиз бор эди. У эса ҳали бундай даражадаги учрашувларга тайёр эмас.

- «Нефтчи» тактик жиҳатдан мағлубиятга учрагани йўқ. Фақат номлар ҳал қилди, деган фикрга қўшиласизми?

- «Ал Иттиход»ни ҳам тан олиш керак, улар ҳам яхши ўйин кўрсатишди. Қийин ҳолатларда барибир сифат биринчи ўринга чиқади. Ўйлайманки, барча футболчиларимиз ўз имкониятлари даражасидан баланд ўйин кўрсатишди. Бизнинг футболчиларимиз ҳам улардан кам эмас. Исталган рақибга қарши ўйнаса бўлади ва буни бугун майдонда кўрсата олишди. «Ал Иттиход» яққол устунлик қилгани йўқ. Уларни таркиби кучли бўлса ҳам биз мағлубиятга лойиқ эмасдик», - дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
  • Аль-Иттихад Аль-Иттихад
  • Осиё Чемпионлар Лигаси Осиё Чемпионлар Лигаси
Бугунги янгиликлар