23 октябр, жума куни Суперлиганинг 25-тури доирасида «Пахтакор» ўз майдонида «Нефтчи»ни қабул қилади. Ушбу баҳс олдидан жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлар статистикасига назар ташлаймиз.
Маълумот учун, жамоалар Ўзбекистон чемпионатлари тарихида ўзаро 63 та баҳс ўтказган. Шулардан 31 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, 10 та ўйин дуранг билан якунланган, 22 та баҳсда эса «Нефтчи» устун келган. Тошкентликлар рақиб дарвозасига 104 та гол уриб, ўз дарвозасидан 71 та тўп олиб чиққан.
Тошкентда ўтказилган баҳсларда ҳам «Пахтакор» устунликка эга. «Шерлар» 22 та ғалабага эришган, «Нефтчи» эса 6 бор зафар қучган. Яна 3 та ўйин дуранг билан якунланган. Тошкентликлар ўз майдонида 61 та гол уриб, 18 та гол ўтказиб юборган.
Жамоалар ўртасидаги ўзаро баҳсларда «Пахтакор» 11 марта йирик ғалабага эришган. «Нефтчи» ҳисобида эса 3 та шундай ғалаба бор. «Шерлар»нинг энг йирик ғалабаси 6:0, фарғоналикларнинг энг яхши натижаси эса 4:0 ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўртасидаги баҳс 23 октябр куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида соат 19:00 да бошланади.

Foto: Paxtakor FK