Live
3
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Локомотив» эконом режимда ўйнади»

Эксклюзив
17 октябр, 15:53
Бердиев матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
Рўзиқул Бердиев: «Локомотив» эконом режимда ўйнади»
Фото: Насаф ПФК
17.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент 0 : 0 Насаф Насаф

Бугун бўлиб ўтган «Локомотив» - «Насаф» баҳсида дарвозалар дахлсиз қолди. Ушбу баҳсдан кейин қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

- Бу ўйинда ҳеч бир жамоага ташаббусни олди, деган фикрни билдира олмайман. Биз ўз жамоамизни чарчоғи борлигини билардик. Лекин «Локомотив» жамоаси ҳам эҳтиёткор бўлиб, эконом режимда ўйнади. 20 октябрда бўладиган ўйинни эътиборга олгандир. Вазиятлар бўлди, иккала клубда ҳам. Ўйлайманки, дуранг ўйинга мос бўлди. «Локомотив» тажрибали ўйинчиларга эга ва яхши футбол кўрсатадиган жамоа. Тўпни яхши назорат қилади. Асосан рақибни кучли тарафларини ёпишга ҳаракат қилдик. Бунга йигитлар анча эътиборли бўлишди ва иккала жамоа ҳам бир очкодан чекланишди.

- Шунда бир очко ишладик дейсизми ёки икки очко йўқотдик, деб айта оласизми?
- Икки жамоа ҳам ғалаба учун ўйнади. Иккаласини ҳам икки очкодан йўқотди, десак тўғри бўларди.

- «Насаф» ўйин сифати бўйича шошиб футбол кўрсатяпти. Агар жамоада натижа ёки мақсад талаб қилинмаган вақтда эса чиройли ўйин намойиш қилади. «Насаф»га мақсад қўйилганида ўйини соддалашади, деган фикрга қандай қарайсиз?

- Бугунги ўйинда яхши ҳимояланишимиз керак эди. «Локомотив»дан яхши футболчилари олдинги чизиқда. Шу боис ҳимояга эътибор қаратиб, қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилишимиз лозим эди. Тўғри таъкидладингиз, яхши футбол кўрсатяпмизу, аммо ҳужумда самарадорлик етишмаяпти. Ҳар доим йигитларга айтамиз, очиқроқ, енгил ва чиройли футбол ўйнашни уқтирамиз. Чемпион бўлган йилимизни эсласак, натижа учун ҳимоявийроқ ўйин ва эътиборлироқ бўлиб ўйнаганмиз. Ўзингиз айтганингиздек, ҳеч қанақа босим ёки талаб йўқ. Ҳар бир учрашувда натижа билан бирга футболчилардан чиройли ўйинни ҳам сўраяпмиз. Маҳорати етгунга қадар ҳаракат қилишяпти.

- Ўйиндан олдин «Локомотив»ни кучли ва кучсиз томонларини таҳлил қилганингизда қандай бўлганди?

- Ҳужум чизиғида жуда яхши ижрочилар бор. Қанотларида ҳам шундай. Улар яримта вазиятни ҳам голга айлантиришлари мумкин. Бу «Локомотив»ни асосий қуроли эди. Биз шу тарафига ҳимояда кўпроқ эътибор қаратдик. «Локомотив»да ёши катта футболчилар кўп. Жисмоний томондан улардан яхшироқ бўлишимиз керак, деб ўйлагандик. Бироқ бизда ҳам тез-тез ўйинлар бўлаётгани сабабли ўзимизда ҳам енгиллик йўқ эди. Жисмоний тарафимиз устунлик бермади.

- Ўтган ўйинда хато қилса ҳам Абдувоҳид Неъматов яна асосий таркибда тушди. Бу жамоада дарвозабонлар ўртасидаги рақобатни ўта катталигиданми?

- Бекорга дарвозабон ярим жамоа дейилмайди. Дарвозани ёш посбонга топширсак бу жуда оғир вазиятларга олиб келиши мумкин. Ҳужум чизиғидаги ўйинчиларни алмаштирсангиз, бу билинмаслиги мумкин. Шу сабабдан таваккалчиликка бориб бўлмайди. Неъматовни позицияси билан ҳужумкор ўйинчиларни позициялари умуман бошқа. Булар клуб учун жуда зарур жойлар.

- Ёшлар лигасидаги жамоангизни ўйинларини ҳам томоша қилиб борасиз. Кеча «Локомотив» ва «Насаф» ёшлари ўйинида асосий таркибга тортадиган футболчилар бормиди ва «Локо» ёшларидан ҳам эътиборингизни тортган ўйинчини кўрдингизми?

- «Локомотив»да бугунги асосий жамоага жалб қилинган ўйинчиларни биламиз, яхши футболчилар. Шодибоев чиқди, кейин 2007 йилдаги ёш йигит бор. Улар кечаги учрашувда бўлишмадию, аммо менимча Ибрагимов ўйнаганди. Яхши томонлама ўзини кўрсатди. Ёшлар жамоалари ўйинларига борганда нафақат ўзимизни, балки рақиб ўйинларини ҳам кузатамиз. Жуда иқтидорли футболчилар кўринмаяптию, лекин ўрта савиядаги ўйинчилар бор. Лекин мана бу талант деб ажратиб кўрсата оладиган футболчиларни кеча иккала жамоада ҳам кўрмадим. Шунга қарамасдан юртимиз футболида кўплаб иқтидорлар бор, фақат уларни топиб чиқариш керак. «Насаф» бош мураббийи сифатида айтаманки, ўринбосарлар жамоаси таркибидаги ўйинчиларга ҳам, ўйинига ҳам эътирозларимиз бор. Буни клуб ичида муҳокама қиламиз.

- Дарвозани алмаштирсам ютқазиб қўйишимиз мумкин, аммо ҳужумчиларни алмаштирсам, у гол урмаса ҳам бошқаси уриши мумкин, қабилида айтяпсиз. Рўзиқул Бердиев прагматизим томонга оғиб кетмаяптими?

- Ўзимизни қарашимиз бор, унга амал қиламиз, ундан чиқишга ҳаракат қилмаймиз. Жамоамни ҳар доим ҳужумкор, комбинацион бўлишини жуда хоҳлайман. Лекин бунинг учун футболчиларни савияси, маҳорати бўлиши керак. Буни ўзим яхши тушунаман. Баъзи ҳолатларда ўйинчиларимизни даражасидан келиб чиқиб, балки сиз айтаётган футболни ҳам ўйнашга мажбур бўламиз. Агар мураббий сифатида ўзингларни қўйиб кўрсанглар, агар мен хоҳлаган футболга ўйинчиларни даражаси етмайдиган бўлса, нима қиламан мажбур қилиб? Шу боис қаердадир оддийроқ футболга ҳам ўтишимизга тўғри келади», - дея Рўзиқул Саъдуллаевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар