ОЧЛ-2 мусобақаси доирасидаги «Насаф» ва «Ал Ваҳда» (1:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «Насаф» жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб берди.
— Ассалому алайкум. Биринчи бўлимни ёмон ўтказдик, рақибга имконият бердик. Лекин шунга қарамасдан, ҳисобни ўз фойдамизга оғдиришга, ўзгартиришга ҳаракат қилдик.
Биринчи бўлимда ҳам вазият бўлди, лекин ўша пеналтини яхши амалга оширганимизда, балки ҳисобдаги вазият бошқача бўлар эди.
0:2 — бу, албатта, рақиб жамоаси учун катта имконият. Шунга қарамасдан, иккинчи бўлимда мен ўйлайманки, жамоамиз эркинроқ ҳаракат қилди, кўпроқ ҳужумга эътибор қаратди, голли вазиятлар яратди.
Менимча, бизга омад етишмади, қаердадир рақиб жамоага омад кулиб боқди. Агар ҳисоб 2:2 бўлганида, балки биз ҳам олдинга ўтиб, бугун ғалабани қўлга киритишимиз мумкин эди.
Ўзларингиз кўрдингиз, йигитлар биринчи бўлимни, ҳозир айтиб ўтганимдек, ёмон ўтказган бўлса-да, иккинчи бўлимда ўйин қанчалик қийин бўлишига қарамасдан, ҳисобни ўз фойдамизга оғдиришга ҳаракат қилишди, бунинг учун вазиятлар яратишди.
Афсуски, бугун, менимча, иккинчи бўлимдаги ҳаракатларимизга қараб айтадиган бўлсак, ютқазишга муносиб эмасдик. Шунинг учун гапимнинг бошида айтиб ўтганимдек, икки бўлимда икки хил ҳаракатни кўрдик.
— Одатда Сардор Баҳромов билан Бобур Абдуҳолиқовни асосий таркибда кўришга ўрганиб қолганмиз. Лекин улар бугун иккинчи бўлимда майдонга тушишди. Бу нима билан боғлиқ эди?
— Сардорга келсак, бу ўйинга Мурод ҳам тайёр бўлиб қолганди. Шунинг учун Сардор кўп ўйинларда иштирок этганини ҳисобга олиб, бугун унга озгина дам беришга қарор қилдик.
Бобурни эса сўнгги ўйинлардаги ҳаракатларига қараб, бугун захирадан майдонга туширдик. Бу қайсидир маънода, менимча, тўғри қарор бўлди. Чунки агар ҳужумчи ўз вазифасини яхши бажармаётган бўлса, албатта, уни кимдир билан алмаштиришимиз керак.
Шу сабабли кейинги ўйинни ҳам ҳисобга олган ҳолда иккаласига ҳам дам беришга қарор қилгандик.
— Пеналтини бошқа футболчи тепса бўлмасмиди?
— Мен ҳам Шароф тўпни олганида, пеналтини у тепса керак, деб ўйлагандим. Бизда пеналтини Шароф амалга оширади. Машғулотларда ҳам у бунинг устида ишлайди. Лекин нимагадир Абдувоҳид тепишга қарор қилди.
— Яхши ўйин учун раҳмат. Жуда кўп имкониятлар бўлди — биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам.
Лекин уларни голга айлантиришда футболчиларга нимадир тўсқинлик қилди. Сизнингча, бу шошқалоқликми, сусткашликми, руҳий-психологик ҳолатми ёки маҳорат етишмаслигими? Келгусида бу борада қандай режаларингиз бор?
— Омадга ҳам боғлиқ. Ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз, бу руҳий ва психологик тайёргарликка ҳам боғлиқ.
Эътибор берган бўлсангиз, биринчи бўлимда гол ўтказиб юборган пайтларимизда йигитларда қандайдир ҳаяжон сезилиб турган эди. Бу нима билан боғлиқлигини билмайман.
Гарчи ҳар бир ўйиндан олдин йигитларга бундай вазиятларда, майдонга чиққанларида эркин ҳаракат қилишлари, ҳаяжонланмасликлари кераклигини таъкидлаймиз.
Лекин бугунги ўйинда кўриниб турдики, жамоамизда бошида озгина ҳаяжон бор эди. Шунинг учун оддий вазиятларда тўпни рақибга бериб қўйиб, оддий хатолар орқали гол ўтказиб юбордик.
Менимча, бу ўша ҳаяжон билан боғлиқ.
Биз йигитларга доимо бу ҳақда гапирамиз. Майдонда эркин ҳаракат қилиш, руҳан кучли бўлиш кераклигини тушунтирамиз. Лекин майдонга чиққандан кейин шундай ҳолатлар содир бўляпти.
Саволингизда тўғри таъкидладингиз, бугунги натижа аламли бўлди. Мен ўйлайманки, иккинчи бўлимда жамоа жуда яхши ҳаракат қилди. 0:2 ҳисобида ортда бораётган бўлса ҳам вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Бунинг учун албатта, йигитларга раҳмат.
Эътибор берган бўлсангиз, иккинчи бўлимда, ҳисоб 0:2 бўлиб турганида ҳам, ҳаяжон йўқолгач, футболчилар эркинроқ ҳаракат қила бошлашди. Биз биринчи бўлимданоқ шундай ўйнашимиз керак эди. Оддий ҳаяжон туфайли рақибга имкониятлар бериб қўйдик.
Кўрган бўлсангиз, шошқалоқлик ва ҳаяжон сабабли баъзи футболчиларимиз нотўғри қарорлар қабул қилишди. Баъзи стандарт вазиятларда, бурчак тўпларида ҳам тўпни бир-бирларига оширишди.
Стандарт вазиятларда яхши ҳаракат қиладиган жамоамиз комбинациялар орқали ўйнаши керак эди. Аммо ўша ерда ҳам шошилиб, тўпни юқорига тепдик ёки йўқотдик.
Масалан, Зaфармурод рақиб жарима майдонига кириб борган вазиятда нима учун ўзи зарба бермай, пас узатишга қарор қилди? Мана шу ҳаяжон ва шошқалоқлик туфайли нотўғри қарорлар қабул қилингани ўйинимизга таъсир қилди. Агар ўша вазиятларда гол урганимизда, албатта, ташаббус бизнинг томонда бўлиши мумкин эди.
Рақиб ҳақида гапирадиган бўлсак, ўзларингиз кўрдингизлар, бундай даражадаги футболчилар ўз маҳоратини намойиш этишди. Шунга қарамасдан, менимча, сизлар ҳам кўрдинглар, йигитлар ҳеч бир жиҳатдан рақибдан қолишишмади. Фақат ҳаяжон туфайли оддий вазиятларда иккита гол ўтказиб юборганимиз бугунги натижага таъсир қилди.
— Бир қарашда, дарвозабоннинг ўз дарвозасини ташлаб келиб пеналти тепиши катта таваккалчилик. Агар тўп қайтса, рақибнинг қарши ҳужум орқали дарвозамизга гол уриш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Шундай экан, дарвозабоннинг пеналти тепиши катта таваккалчилик эмасми? Фикрингиз қандай?
— Абдувоҳидга эътибор берган бўлсангиз, у охирги ўйинда ҳам пеналтини амалга оширган эди. Балки футболчиларнинг ўзларида ҳам шундай ташаббус бўлгандир. Лекин биз пеналтини амалга оширадиган футболчиларга доимо кимда ишонч кучли бўлса, ўша тепиши кераклигини таъкидлаймиз. Ҳозир айтиб ўтганимдек, Шароф қўйган тўпни Воҳиднинг олиб тепгани бизга ҳам бироз тушунарсиз. Буни футболчиларнинг ўзларидан сўраймиз.
Албатта, бу таваккалчилик. Агар пеналтини голга айлантирсангиз, ҳаммаси тўғри бўлиб кўринади. Лекин тўпнинг қайтиб, бизнинг дарвозамизга бориб тушиши шу таваккалчиликнинг салбий оқибати бўлди, деб ўйлайман.
Шунинг учун бу жамоа ичида қабул қилинган қарор эди. Йигитлар шундай қарор қилишди ва натижада мана шундай вазият юзага келди.
— Рўзиқул ака, хоҳлаймизми-йўқми, масала шу пеналтига бориб тақалганидан кейин Неъматовга нисбатан ижтимоий тармоқларда мухлислар орасида босим кучайди.
«Дарвозабон дарвозабонлигини қилсин, асосийси, гол ўтказиб юборса ҳам, ўз ишини қилсин», деган мазмундаги фикрлар билдириляпти. Айримлар эса бутун мағлубиятни шу вазият билан боғлашяпти. «Кўра олмади», «ютқазди», дейишяпти.
Бундай ҳолатдан кейин футболчининг руҳий тушкунликка тушиши мумкин. Бундан ташқари, у терма жамоа машғулотларида иштирок этади, расмий учрашувларда босим остида ўйнаб келяпти, чарчоқ ҳам бор.
Дарвозабонлар ўртасида жамоадаги рақобат қандай? Мана шу ҳолатдан кейин Абдувоҳидга нисбатан позициянгиз қандай бўлади? Бошқа дарвозабонларга ҳам имконият бериладими?
— Абдувоҳид ҳақида кеча ҳам айтиб ўтдим. У — руҳий босимларга бардош бера оладиган йигит. Биз унга тўлиқ ишонамиз. Агар зарурат туғилса, захирада дарвозабонимиз бор, балки унга ҳам имконият берамиз. Вазиятдан келиб чиқиб, мураббийлар маслаҳатлашамиз ва ким тайёр бўлса, ўша ўйнайди.
Неъматовга келсак, сизлар, билмадим, анави изоҳларга жуда қизиқасизлар-да. Ҳозир бутун бир фикрни, изоҳларни менга айтиб чиқишингиз мумкин. Лекин футболчилар изоҳларга эътибор қаратмайди, билиб қўйинг. Агар улар изоҳларга эътибор қаратиб яшайдиган бўлса, бу жуда оғир босимга айланади ва руҳан қийналиб қолишади.
Шунинг учун Абдувоҳидга ишонамиз, уни яхши биламиз. У жамоамиз учун жуда кўп ўйинларда муҳим натижаларни таъминлаган, кўплаб совринларни қўлга киритишимизга ҳисса қўшган. Бугун ҳам жуда кўп яхши натижалар қайд этишимизга ёрдам берган. Шу боис бизнинг томондан Воҳидга ҳеч қандай босим бўлмайди.
Аслида, кимдир Абдувоҳидга салбий изоҳлар ёзадиган бўлса, бу унинг муаммоси. Агар Абдувоҳид кимгадир ёқмаса, бу ҳам унинг муаммоси. Бу дарвозабоннинг ҳам, жамоамизнинг ҳам муаммоси эмас», - дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.