UEFA Чемпионлар Лигасининг 2026/2027 йилги мавсуми умумий босқич 2-тур доирасида мусобақа тарихидаги янги голлар рекорди қайд этилди. Жамоалар 18 та учрашувда жами 78 та гол урди.
Бу ҳар бир ўйинга ўртача 4,33 тадан гол тўғри келишини англатади. Бу ҳақда UEFA расмий сайти хабар берди.
Турнинг энг сермаҳсул учрашувларида «Ливерпул» «ЛАСК»ни 6:3, «Брюгге» «Интер»ни 4:3, «Реал» «Рома»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, «Астон Вилла» «Фенербаҳче»ни 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратди, «Бавария» «Викинг» билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади, «ПСЖ» эса «Манчестер Сити»ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди.
Аввалги рекорд 2025/2026 йилги мавсумнинг умумий босқич 3-турида ўрнатилганди. Ўшанда 18 та учрашувда 71 гол урилган бўлиб, ҳар бир баҳсга ўртача 3,94 тадан гол тўғри келган.
Қайд этиш лозим, Чемпионлар Лигасининг формати 2024/2025 йилги мавсумдан ўзгарган. Гуруҳ босқичи ўрнига 36 та клуб иштирок этадиган умумий босқич жорий қилинган ва ҳар бир турдаги учрашувлар сони 16 тадан 18 тага ошган.
Эслатиб ўтамиз, турнирнинг навбатдаги 3-тур учрашувлари 20 ва 21 октябр кунлари бўлиб ўтади.