Осиё Чемпионлар лигаси 2 турнирининг 2-туридан ўрин олган «Насаф» - «Ал Ваҳда» беллашувидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаев иштирок этди.
«Тайёргарлигимиз етарли даражада бўлди, деб ўйлайман. Рақиб ҳақида йигитларга тўлиқ маълумот бердик ва уларни имкон қадар яхши ўрганишга ҳаракат қилдик. Ўтган мавсумда ҳам бу жамоага қарши Элит ОЧЛ доирасида майдонга тушганмиз. Шу сабабли уларнинг имконияти ва кучини яхши биламиз. Футболчиларимиз бу баҳсга ҳар томонлама тайёр. Бу турнирдаги иккинчи учрашувимиз ва ҳали ҳаммаси олдинда. Икки жамоанинг ҳам мақсади жиддий. Кейинги босқичга чиқиш учун очко жамғариш керак.
Шу боис эртага ҳар икки томон ҳам бор имкониятини ишга солади. Биз ўз ўйинимизга эътибор қаратишимиз керак. Мухлисларимиз стадионга кўп келишига умид қиламиз. Улар билан биргаликда бу учрашувни ҳақиқий футбол байрамига айлантиришни истаймиз.
- «Ал Ваҳда»нинг кучли томонларини кўрдингизми?
- Рақибни ўрганиш бироз қийин бўлди. Уларнинг таркибида кўплаб хорижлик футболчилар бор. Айрим ўйинчилар эса етарлича ўйин амалиётига эга бўлмагани сабабли уларнинг имкониятларини тўлиқ баҳолаш осон эмас.
«Ал Ваҳда» чемпионатда ва кубок баҳсларида турли таркиб билан майдонга тушди. Шу боис айнан қайси футболчилар асосий таркибда ўйнашини аниқлай олмадик. Асосий ёки захира футболчиси бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ўйинчининг кучли ва заиф жиҳатларини таҳлил қилиб, бу маълумотларни футболчиларимизга етказдик. Уларда маҳаллийлаштирилган футболчилар билан бирга 20 нафарга яқин легионер бор. Демак, катта эҳтимол билан кўплаб хорижлик футболчиларга қарши майдонга тушамиз. Рақибнинг қайси жиҳатлари кучли, қайсилари заиф эканини биламиз. Биз уларнинг кучли томонларини чеклашга, заиф жиҳатларидан эса фойдаланишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу турнирда маҳоратли ва кучли жамоалар иштирок этади.
Шунинг учун майдонда тартиб ва максимал эътибор талаб қилинади. Керакли вазиятларда ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда индивидуал маҳорат ҳам муҳим бўлади. Йигитларга ишонамиз. Рақибнинг кучсиз томонларини топа оламиз. Биз ёшларимизга тўлиқ ишонамиз. Бу йил уларга бекорга кўп имконият бермадик. Асосий жамоа билан мунтазам шуғулланишнинг ўзи улар учун катта мактаб ва тажриба бўлмоқда. Ҳозир уларни майдонга туширишдан қўрқмаймиз. Келажакда улар жамоамизга катта фойда келтиришига ишонамиз. Футболчиларимиз Олимпия жамоасида ҳам ўзини яхши томондан кўрсатди. Бу янги авлод тайёр бўлиб келаётганини англатади.
Агар шу тўрт футболчимиз келажакда асосий таркибда муҳим ўрин эгалласа, бу биз учун катта муваффақият бўлади. Шу мақсадда уларга имконият бериб, тажрибасини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Айтайлик, кимдир тажрибали ўйинчи жароҳат олса, ёшларимизга қўрқмасдан имконият берамиз», — деди Бердиев.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади