«Бухоро» клуби Самарқандда «Динамо»ни 1:2 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди. Ушбу ғалабадан кейин бухороликлар устози Александр Хомяков матбуот анжуманида қатнашди.
- Учрашув осон кечмаслигини кутгандик. Рақиб дастлабки дақиқалардан ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилиши ва агрессив футбол намойиш этишини тахмин қилгандик. Аслида, рақиб айнан шундай ўйнади. Улар буни уддалашди ҳам. Биз яна дастлабки ўн дақиқа ичида гол ўтказиб юбордик. Айтиш мумкинки, рақибнинг бир киши кам бўлиб қолгани ҳам бизга қўл келди.
Албатта, бу устунликдан дарҳол фойдалана олдик, деб айтолмайман. Аммо учрашувнинг якуний қисмида рақибнинг камчиликда ўйнагани бизга ёрдам берди. Шу сабабли бу оғир ва қийин ғалаба бўлди. Йигитлар бор кучини ишга солишди. Уларга миннатдорчилик билдираман. Ўзимизни ва барча мухлисларимизни ушбу ғалаба билан табриклаймиз.
- Ўйин давомида қандай кўрсатмалар берилди, тактикани қандай ўзгартирдингиз? Ўзингиз айтганингиздек, нима учун ўйинни дарҳол ўзгартиришнинг иложи бўлмади? Фақат иккинчи бўлимдагина буни уддаладингиз. Ғалабага эришиш учун футболчиларга қандай кўрсатма берилди ва ўйинни қандай ўзгартиришга муваффақ бўлдингиз?
- Ўзингиз ҳам кўрдингиз, тўпни назорат қилган бўлсак-да, ҳужумларнинг ҳал қилувчи, яъни якунловчи босқичида ўткирлик етишмади. Кўп вазиятлар ярата олмадик. Тўпни жуда секин ҳаракатлантирдик. Ҳужумкор ҳудудда ишончсиз ўйнадик, рақибни алдаб ўтишга ҳаракат қилмадик, фаоллик кўрсатиш ўрнига тўпни бир-биримизга ошириш билан чекландик.
Бу осон эмас эди. Биринчидан, рақиб олти нафар футболчидан иборат ҳимоя чизиғида ўйнади. Бизнинг вазифамиз уларни ўз позицияларидан чиқариш, ҳимояда бўшлиқлар ҳосил қилиш эди. Бу ҳар доим ҳам ўхшамади, баъзида шошилиб қарор қабул қилдик. Аммо олти нафар футболчидан бирини ўз чизиғидан чиқаришга муваффақ бўлганимизда, ҳимояда бўшлиқ пайдо бўлди. Биз тўпни ўша ҳудудга йўналтирдик ва гол урдик.
Иккинчидан, ҳужумда ижодкорлик етишмади. Майдонда бўлган футболчиларимиз бундай ўйин кўрсатишга етарлича ҳисса қўша олишмади. Качарава ва Қаюмовнинг майдонга тушиши билан ўйинимизни янада ранг-баранг қилишга эришдик. Качараванинг бўйи баландлиги ҳам қўл келди. Қанотлардан узатмалар кўпая бошлади, ҳужумларнинг якуний босқичларида ишончлироқ ҳаракат қилдик.
Бундан ташқари, рақиб очиқ ҳудудларда яхши ўйнайди. «Динамо»нинг қарши ҳужумларда кучли эканини биламиз. Шунинг учун ҳужумчиларнинг ҳимоя ортига очилиб кетиши ва узоқ узатмалардан ҳам эҳтиёт бўлдик. Бу борада ҳам бироз ишончсиз ҳаракат қилдик. Тўпни йўқотганимизда эса ҳар доим ҳам дарҳол прессингга ўта олмадик.
Яна бир бор таъкидлайман, бу жуда кескин ва асабий кечган учрашув бўлди. Энг муҳими, ғалаба қозондик.
- Ҳисобни тенглаштирганингиздан кейин ҳам «Динамо» айрим дақиқаларда ташаббусни қўлга олгандек кўринди. Сўнгги 10–15 дақиқада уларнинг ҳужумларини тўхтатишга эришган бўлсангиз-да, учрашув охирида рақиб жиддий босим уюштирди. Бунинг сабаби нимада?
- Одатда, гол урган жамоа ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Биз ҳам шундай қилдик, эҳтимол, бироз орқага чекиндик. Рақиб узоқ узатмалардан фойдаланишга ҳаракат қилди, аммо бахтимизга, тўп учун курашларда кўпинча устун келдик. Бурчак тўплари ҳам хавфли бўлди.
Бу футболда табиий ҳолат. Бир жамоа ҳисобни сақлаб қолишга интилади, иккинчиси эса сўнгги дақиқаларда ҳисобни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди.
Шу билан бирга, айрим футболчиларимиз ўйиндан тушиб қолишди, балки жисмоний жиҳатдан янгиланиш етишмагандир. Футболчилар робот эмас. Улар ҳар доим ҳам ғалабалар келтираётган даражада барқарор ўйнай олмайди. Яхшиямки, ҳаммаси биз учун ижобий якунланди.
Рақибнинг бир киши кам бўлиб қолишига келсак, биз айнан шу вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ўз майдонимиз ярмида рақиб ҳужумини тўхтатганимиздан кейин дарҳол ҳимоя ортига узатма беришга эътибор қаратдик. Айнан шундай вазиятлардан бири натижа берди: ҳимоя ортига узатма амалга оширилди, ҳужумчимиз тўп учун курашди ва рақиб футболчиси четлатилишига сабаб бўлган вазият юзага келди», - дея Хомяковнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири