Live
3
Ўзбек

Лука Дончич 5 кўрсаткич бўйича рекорд ўрнатиб, NBA тарихига кирди

Бошқалар
2 ноябр, 06:07
«ЛА Лейкерс» баскетболчиси «Торонто» билан баҳсда тарихий натижа қайд этди.
Лука Дончич 5 кўрсаткич бўйича рекорд ўрнатиб, NBA тарихига кирди
Foto: Getty Images

«Лос Анжелес Лейкерс» жамоасининг 27 ёшли ҳимоячиси Лука Дончич NBA тарихида бир учрашувда камида 45 очко тўплаш, 15 та ребаунд амалга ошириш, 5 та самарали узатма бериш, 5 марта тўпни олиб қўйиш ва 5 та уч очколик зарбани аниқ бажаришга муваффақ бўлган илк баскетболчига айланди. Бу ҳақда StatMuse статистик портали ижтимоий тармоқда хабар берди.

Словениялик баскетболчи мазкур натижага 2 ноябр куни тонгда бўлиб ўтган NBA мунтазам чемпионати доирасидаги «Торонто Рэпторс»га қарши баҳсда эришди.

Дончич ўйинни 45 очко, 15 та ребаунд, 6 та самарали узатма ва 5 та тўпни олиб қўйиш билан якунлади.

Шунингдек, катта танаффусга қадар ҳимоячи 24 очко тўплаб, 8 та ребаунд, 4 та самарали узатма ва 5;та тўпни олиб қўйишни амалга оширди. У биринчи бўлимда 7 та уч очколик зарбадан 6 тасини аниқ бажарди. Дончич дастлабки чоракнинг ўзидаёқ 4 марта тўпни олиб қўйиш ва уч очколик масофадан 4 марта аниқ зарба беришга эришди.

«Лейкерс» «Торонто» устидан 131:125 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув давомида калифорнияликлар 26 очколик устунликка эга бўлишди, бироқ сўнгги чоракда рақибга фарқни қисқартириш имконини беришди.

Дончичдан ташқари, Остин Ривз 19 очко тўплаб, жамоа ғалабасига ҳисса қўшди. Уокер Кесслер эса 16 очко ва 15 та ребаунд қайд этиб, дабл-даблга эришди.

«Лейкерс» учун ушбу ғалаба янги NBA мавсумидаги етти учрашувда қўлга киритилган бешинчи ғалаба бўлди.

Бугунги янгиликлар