Тошкент шаҳар ҳокими «Пахтакор» раҳбарияти, мураббийлари ва футболчилари билан учрашди ҳамда клубни қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «Пахтакор» футбол клуби жамоаси — маъмурият ва мураббийлар штаби вакиллари, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассислар, жамоа сардори ҳамда футболчилар билан учрашди.
«Пахтакор» — миллий бойлик, пойтахт ва мамлакатимиз спорти тарихининг бир қисми. Ушбу меросни асраб-авайлаш клубни замонавий тенденцияларга мос равишда изчил ривожлантиришни талаб этади. Ўсиш учун муҳим пойдевор аллақачон мавжуд: «Пахтакор» академияси футболчиларни тайёрлаш бўйича CIES Footbal Observatory глобал рейтингида 46-ўринни эгаллади.
Учрашувда замонавий футбол истеъдодларни излаб топиш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ҳалол спорт рақобатини қамраб олган бутун бир экотизим эканлиги таъкидланди. Унинг негизини олимпия қадриятлари, ўзаро ҳурмат ва соғлом рақобат руҳи ташкил этади.
Учрашув жамоа аъзолари, жумладан, жамоа сардори билан очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтди. Унда клуб фаолиятига оид долзарб масалалар, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ҳамда улкан мақсадларга эришиш учун зарур шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Замонавий менежментни жорий этиш ва «Пахтакор» тарихига муносиб имижни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, клубнинг моддий-техник базасини янгилаш ва яхшилаш, хусусан, футболчиларни реабилитация қилиш ва саломатлигини тиклаш, уларнинг жисмоний ҳолатини бир маромда сақлаш ҳамда масъулиятли ўйинларга тўлақонли тайёргарлик кўриш учун зарур ускуналар билан жиҳозлаш масалалари кўриб чиқилди.
Умумий вазифа: клуб ўйинчиларининг фикр-мулоҳазалари асосида —
жамоа анъаналарини асраб-авайлаш, унинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва янги марраларни забт этишдан иборат», — деб ёзади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Пахтакор»га ҳокимлик томонидан 5 миллиард сўм ажратилганди.
Тошкент шаҳар ҳокими «Пахтакор» раҳбарияти ва футболчилари билан учрашди
Футбол
1 ноябр, 17:30
Учрашувда клубнинг улкан мақсадларга эришиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Foto: FC Pakhtakor
Telegram’да биринчи бўлиб фикр билдиринг
Муҳокамага ўтишИзоҳлар Telegram’да очилади