Live
9
Ўзбек

Миржалол Қосимов: «Ҳакамнинг ҳуштаги янградими, тўхташ керак. Ҳуштак чалинмадими, охиригача ўйнаш лозим»

Эксклюзив
1 ноябр, 10:32
ОКМК устози жамоаси ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
Миржалол Қосимов: «Ҳакамнинг ҳуштаги янградими, тўхташ керак. Ҳуштак чалинмадими, охиригача ўйнаш лозим»
Фото: ОКМК

Бугун бўлиб ўтган «Локомотив» - ОКМК (1:2) беллашувидан кейин олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида қатнашди.

- Умуман олганда, сўнгги ўйинларимиз жуда асабий руҳда ўтмоқда. Бугун ҳам ҳақиқатан асабий учрашув бўлди. «Локомотив» жамоаси ҳам биринчи даврада, менимча, шундай ҳолатни кўрсатиб, ғалаба қозонган эди. Қийин ўйин бўлди. Чунки «Локомотив» таркибида яхши, малакали футболчилар жамланган ва улар чиройли футбол намойиш этишади. «Насаф» билан ўйинини ҳам шу ерда келиб кўргандим. Ўша учрашувда ҳам «Локомотив» ўз имкониятларидан фойдалана олмаганди.

Бугун биринчи бўлимда тезкор гол урганимизга қарамай, 11 метрлик жарима зарбаси, кейин яна икки-учта яхши вазият бўлди. Хуллас, курашларга бой ўйин ўтказдик. Бундай учрашувларда энг керакли жиҳатларни кўрсатиш лозим эди. Акс ҳолда мағлуб бўлиб қолишимиз ҳам, дуранг ўйнашимиз ҳам мумкин эди. Лекин омад биз томонда бўлди ва иккинчи голни киритиб, ғалабани қўлга киритдик.

- Сиз айтганингиздек, биринчи даврада «Локомотив» ҳам 90-дақиқада гол уриб, ғалаба қозонган эди. Ўшанда Нодир гол урган, у ҳам бугун захирада қолди. Ҳақназари ҳам ўтган ўйинда гол урганди, бугун ҳам захирадан майдонга тушиб, гол киритди. Бу сизнинг махсус режангизми? Кучли футболчиларни захирада сақлаб, кейин майдонга туширишни режалаштирганмисиз ёки уларнинг жисмоний ҳолати ҳозирча тўлиқ ўйин ўтказишга тайёр эмасми?

- Йўқ, бу махсус режам эмас эди. Бу ўйинга келиб, иккинчи бўлимда майдонга тушиб, ўйинни янада кучайтиришларини истагандим. Сиа ҳам, Нодир ҳам шундай футболчилар. Ўйиннинг қандай кечишини, қайси тизимда давом этишини олдиндан билиш қийин. Бу ўйин давомидаги ўзгаришлар эди ва улар ўзини оқлади, десам ҳам бўлади.

- Ўша вазиятда тўп аутга чиқдими ёки йўқми, шу ҳолатни кўрдингизми?

- Ҳозир мендан нима кутаяпсизлар? (Кулади). Йўқ, мен ҳозир кийиниш хонасида ҳам айтдим: кўп эътирозлар бўлди. Агар биз ҳам шундай вазиятда бўлганимизда, худди шундай йўл тутишимиз мумкин эди, дедим. Кейин коридорда ҳам бақир-чақир бўлди. «Нима, яна ўйнашмоқчими? Чиқиб, яна ўйнайверамиз», дедим ҳазиллашиб. Бошқа иложи қолмади, ўйин тугади.

Ҳозир бу вазият бундай эди, десам ҳам нотўғри бўлади, ундай эди, десам ҳам нотўғри бўлади. Лекин бир нарсани аниқ биламан: мен кийиниш хонасида футболчиларга доим таъкидлайман — ҳакамнинг ҳуштаги янградими, тўхташ керак. Ҳуштак чалинмадими, охиригача ўйнаш лозим. Чунки биз ҳам бундай вазиятларда кўп бор панд еганмиз.

- Статистикага назар ташласак, «Локомотив» устидан кетма-кет олтинчи ғалабангизни қайд этдингиз. Ҳозир ўзингиз ҳам айтдингиз, бугун ҳам ўйиннинг сўнгги дақиқаларида вазият ўзгариши мумкин эди. Лекин факт шуки, олтинчи ғалаба. Етти йил давомида таркиблар ўзгарди, футболчилар келди-кетди, сиз эса жамоа билан ишлаяпсиз. «Локомотив» ОКМК учун ёки шахсан сиз учун қулай рақибга айланиб қолдими?

- Бунақа деб айта олмайман. Тўғрисини айтсам, бугун ўйиндан олдин шунча ғалабага эришганимизни кўриб, ўзим ҳам эътибор бердим. Лекин футболда шундай ҳолатлар бўлади: баъзи жамоалар ноқулай рақибга айланиб қолади. Гўёки ўйин тизгини сенинг қўлингда бўлади, лекин натижа бўлмайди.

Шунинг учун бундай деб айта олмайман. Барибир ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқилади. Футболда спорт принципи бор — бу кураш. Ҳар ким курашади, ҳеч ким мағлуб бўлишни истамайди. Қолгани эса Аллоҳнинг хоҳиши. Олдиндан нима бўлишини билиб бўлмайди.

- Мавсум ҳам якунига яқинлашмоқда. Мавсум охирида футболчилар чарчайди, куч-қуввати камаяди ва сўнгги имкониятларини ишга солишга ҳаракат қилади. ОКМКни олдинда «Насаф», «Нефтчи» ва «Навбаҳор»га қарши қийин учрашувлар кутмоқда. Бу ўйинларда жамоа мувозанатни сақлаб қолишига ишонасизми? Орада Кубок учрашуви ҳам бор.

- Ниятимиз — кучни сақлаб қолиш ва майдонда яхши кўриниш. Чунки биринчи бўлимда тезкор гол урганимиздан кейин футболчилардаги ўша оловни кўрмадим. Ҳаммаси секин ҳаракат қилди. Футболда ҳеч ким пиёда юриб ғалаба қозонмайди. Ҳаракат бўлиши керак. Бу ҳақда кийиниш хонасида ҳам айтдим.

Энди ротация қиламиз, бошқа футболчилардан фойдаланамиз. Чунки аризалар рўйхати берилганидан кейин унга бошқа футболчи қўшиб бўлмайди. Лекин бошқа жамоалар ҳам худди шундай вазиятга тушади. Йил якунига яқинлашди, ўйинлар кўп.

Бизнинг мақсадимиз — максимал даражада яхши ўйин кўрсатиш, ҳам чемпионатда, ҳам Кубокда муносиб иштирок этиш.

- Сўнгги ўйинларда асабий, ҳатто «валидолли» учрашувлар бўлаётганини айтяпсиз. Бугун ҳам маълум маънода шундай ўйин бўлди. Бундай асабий вазиятлар камроқ бўлиши учун жамоа биринчи навбатда нимани ўзгартириши керак?

- Айтилган гапни бажариш керак-да. Биз ҳам осмондан тушмаганмиз. Гапирамиз, тушунтирамиз. Лекин баъзи футболчилар ҳамма нарсани ўзлари биладигандек ўйлайди, айтилган гапларга эътибор бермайди.
Ўзбекларда яхши гап бор: «Ҳеч бўлмаса, битта кўйлакни кўпроқ йиртган», дейишади. Бу бежиз айтилмаган. Футболчиларнинг меҳнатига ҳақ тўланяптими? Тўланяпти. Демак, майдонга чиққанидан кейин масъулият ҳам бўлиши керак.

Мен ўзим ҳам, уларни ҳам тинч қўймайман. Максимал даражада ҳаракат қилишга ундайман. Майдонга чиқдингми, охиригача курашишинг керак. Клубнинг имижи учун ҳам ўйнаш лозим.

- Денис Иванков ҳақида сўрамоқчиман. Уни жамоага таклиф қилдингиз. Унинг иш услуби қандай? Чунки дарвозабонлар ўйинида кескин ўзгариш сезилмоқда. Ҳатто ўтган мавсум билан бу мавсумни солиштирсак, ер билан осмонча фарқ бор.

- Жамоамизда ишлаётган ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшади. Бусиз иложи йўқ. Ҳар бирининг ўз ўрни, ўз меҳнати бор. Улар ўз меҳнати билан жамоага фойда келтиришади.

Денис Иванков ҳам йигитлар билан яхши ишлаяпти. Бир нарса бор: буни тўғри қабул қилиш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ. Ўсиш учун ҳам шундай бўлиши керак. Баъзи футболчиларга гапирасан, лекин умуман ўзгариш бўлмайди. Ўзиникини маъқул кўради, айтилган гапни қабул қилмайди. Буни ишлаган, шу жараённинг ичида юрган одам яхши билади.

Интизом деган нарса бор. Ҳуштак чалинса, тўхташ керак, чалинмаса, ўйинни давом эттириш лозим. Футболчилар ҳаракат қилса, албатта, ўсади. Дарвозабонларимиз ҳам буни тушуниб туришибди. Денис ҳам ўз ишини тўғри бажариб, имкони борича ёрдам беряпти. Йигитларнинг ҳам ўз устида ишлаш истаги бор.

Бир гап бор: «Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи». Ҳар кунининг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бўлади. Лекин интизом ва меҳнат муҳим. Баъзи футболчилар асосий таркибда ўйнаб юрса, бутун умр шу таркибда қоламан, деб ўйлайди. Ёки битта ўйинда ғалаба қозонса, шунинг ўзи етарли, деб ҳисоблайди.

Бизда ҳар куни ўз устида ишлаш керак. Дарвозабондан тортиб ҳужумчигача ҳамма ҳар куни меҳнат қилиши, ўзини исботлаши лозим. Бир жойда тўхтаб қолиш инсонни орқага тортади.

Ҳар куни ўзингни исботлашинг керак. Бугунги ўйин ўтдими, у энди тарих. Кейинги учрашувга мақсадли равишда тайёргарлик кўриш лозим. Бунинг учун ортиқча нарса ўйлаб топиш шарт эмас. Футбол мухлислари кечаги ғалабангга қараб ўтирмайди, улар ҳар куни ғалаба кутишади. Футбол мухлисининг истаги шу.

- «Локомотив» — ОКМК Кубок финалига қандай қарайсиз?

- Яхши ниятдаман, жуда яхши қарайман. Бу ҳам ниятга боғлиқ. ОКМК ғалаба қозонади, Худо хоҳласа. Ниятга боғлиқ», - дея Қосимовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент
  • OKMK OKMK
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар