Live
4
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Насаф» ўзбек футболига жуда катта ёрдам бериб келган ва бундан кейин ҳам ёрдам беради»

Эксклюзив
31 октябр, 16:24
Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
Рўзиқул Бердиев: «Насаф» ўзбек футболига жуда катта ёрдам бериб келган ва бундан кейин ҳам ёрдам беради»
Фото: Насаф ПФК

«Насаф» сафарда «Сурхон»га қарши учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувдан сўнг «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.

- Бугун, менимча, балки майдон ҳолати ҳам шунга сабаб бўлгандир, кўпроқ курашларга, яккама-якка беллашувларга бой ўйин бўлди. Шунинг учун баҳс мазмунли ва сифатли кечмагандир. Аммо шунга қарамай, ҳар икки жамоа ҳам вазиятлар ярата олди. Назаримда, қайсидир жамоа ғалабани ўз томонига оғдириши мумкин эди. Лекин бугун дуранг натижа қайд этилди.

Албатта, «Сурхон» жамоасини алоҳида таъкидлашим керак. Улар тўпни яхши назорат қилишади. Биз имкон қадар уларнинг шу жиҳатларини инобатга олиб, кўпроқ босим уюштиришимиз керак эди. Қайсидир маънода буни уддаладик, вазиятлар ҳам яратдик. Фақат тезкор қарши ҳужумларга ўтишда бироз оқсадик.

- Ўтган учрашувдан кейинги суҳбатда мағлубият сабабларидан бири сифатида ҳужумчиларга маҳорат етишмаганини айтгандингиз. Бугунги ўйинда эса ҳимояда ҳам муаммолар борлиги кўринди. Тўғри, бу сизнинг тактикангиз билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кечагина академиядан чиққан ёш футболчилар ҳам кўплаб вазиятларни ўзлари яратишди. Аммо ҳимояга қайтишда... Умуман, жамоанинг бу жиҳати ҳақида нима дейсиз?

- Агар эътибор берган бўлсангиз, биз ҳам яна вазиятлар яратдик. 15-дақиқада 2:0 ҳисобида олдинда бўлишимиз мумкин эди. Бобурнинг имконияти, Патада, яна бошқа футболчиларда ҳам имкониятлар бўлди. Аммо бу бизнинг асосий муаммоларимиздан бирига айланиб қоляпти.
«Сурхон» жамоасида ҳам вазиятлар бўлди. Футболда ёшми, қарими, барибир вазиятлар яратилади. Бугунги ўйинга келсак, биз икки кундан кейин, учинчи куни майдонга тушдик. Чарчоқ сабабли айрим ҳолатларда рақибга улгурмай қоляпмиз. Менимча, буни ҳам ҳисобга олиш керак.

Ҳужумга берилиб кетганимиздан кейин айрим вазиятларда футболчиларимиз ҳимояга қайтишга улгурмай қолишди. Шунинг натижасида ўйиннинг охирига келиб, «Сурхон» жамоаси бир-иккита вазият ярата олди.

- Рўзиқул ака, чарчоқ ҳақида гапирдингиз. Бу жуда қизиқ масала. Тақдир тақозоси билан, охирги марта учрашганимизда ҳам шундай зич тақвимдаги ўйинлар ҳақида гаплашгандик. Ўшанда Йеличич: «Тўғрисини айтсам, имконим бўлса, ўзим учун уч кунлик тақвим тузиб олардим. Ҳафтада иккита ўйин ўтказсам, футболчиларимга футболдан кўра тикланиш учун икки кун берган бўлардим. Шунда улар янада кучлироқ ўйнайверади», деганди.

Кимдир бир йўлни танлайди, бошқаси эса бошқа йўлни. Сиз учун қайси бири қулай? Кўриб турибмизки, зич тақвим сизга қийинчилик туғдиряпти. Бу борада фикрингиз қандай?

- Бу, албатта, унинг шахсий фикри. Аммо менимча, бизнинг иқлим шароитимизда ва мавжуд вазиятда бундай жараёнга мослашиш жуда қийин.

Агар сафардаги ўйинларни ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, уч ёки икки кун оралиғида ўйин ўтказиш, шунингдек, таркибимиз имкониятларини инобатга олсак, бу ҳолат мен учун анча оғир бўлиши мумкин.
Лекин таркибимиз кенг бўлса, ўйинлар оралиғидаги вақт уч кунни ташкил этса ҳам, Ўзбекистон ичидаги учрашувларда майдонга тушиш мумкин. Аммо бошқа мамлакатга сафар қилиш керак бўлса, бу ҳар бир жамоа учун қийинчилик туғдиради.

Масалан, Қувайт жамоасини олайлик. Биз уч кундан кейин яна у ерга бориб ўйнашимиз керак. Яна йўл босиб боришимизга тўғри келади. Қувайт жамоаси эса бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Эътибор берган бўлсангиз, улар Қаршига тўрт кун олдин келиб, яна чартер рейс орқали учиб келишди. Ўйиндан кейин эса дарҳол ортга қайтишди.

Бугун ўтказилиши керак бўлган ўз чемпионатидаги учрашувини ҳам қолдиришди. Биз эса ўйинларни давом эттиряпмиз. Албатта, бу битта таркиб билан ҳаракат қилаётган жамоа учун оғирлик қилади.

- Афсуски, «Насаф» ОЧЛда яна ютқазди. Қўпол бўлса ҳам айтамизки, жамоа охирги уч йилда халқаро майдонда ўзбек футболи учун кўпроқ зарар келтиряпти, деган фикрларга қўшиласизми?

- Билмадим, бу кимнингдир фикри бўлиши мумкин. Аммо «Насаф» ўзбек футболига зарар келтиряпти, деган гапга қўшилмайман.
«Насаф» жамоаси ўзбек футболига катта ёрдам бериб келмоқда. Жамоамизнинг халқаро майдонларда эришган яхши натижалари бошқа ўзбек клубларига ҳам халқаро мусобақаларда иштирок этиш имкониятини яратиб берган.

Қачонки яхши натижаларга эришсак... Ҳозир эса вазиятимиз шундай бўлиб турибди. Бу фақат «Насаф»га тегишли эмас. Умуман, бу мусобақаларда, менимча, ҳар бир жамоамизга қийин бўлади. Ҳеч ким учун осон кечмайди.

Шунинг учун бу кимнингдир шахсий фикри бўлиши мумкин. Менга эса бу фикр қизиқ эмас. Агар айбни «Насаф»га ағдарадиган бўлишса, бундай қарашга мутлақо қўшилмайман. Бу жуда нотўғри фикр. «Насаф» ўзбек футболига жуда катта ёрдам бериб келган ва бундан кейин ҳам ёрдам беради», - дея Рўзиқул Саъдуллаевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сурхон Сурхон
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар