Суперлиганинг 26-турида «Машъал» «Динамо»ни қабул қилди. Ўйинда муборакликлар яна ютқазди, бу сафар 0:3 қайд этилди.
Ўйиндан кейин «Машъал» бош мураббийи Сергей Лушан матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ҳар доимгидек, рақиб жамоа ғалабага муносиб ўйин кўрсатди. Улар биздан яхшироқ ҳаракат қилишди. Ҳа, бизнинг ҳам бир-иккита вазиятимиз бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. Футбол шундай ўйин: сен гол ура олмасанг, сенга гол уришади.
- Бугун майдонда жамоангизнинг етакчиларидан Ҳумоюн Муртазоев ва яна бир нечта футболчини кўрмадик. Бизнинг маълумотимизга кўра, уларда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Нима сабабдан улар асосий таркибда майдонга тушмади?
- Билмадим, сиз буни қаердан биласиз? Жамоа ичида бўлмасангиз, бу ҳақда қандай маълумотга эга бўлишингиз мумкин? Сиз журналистлар фақат миш-мишлар билан яшайсизлар.
Аслида эса Муртазоев жароҳат олган. У кеча ва ундан олдинги куни машғулотларни ўтказиб юборди. Кеча фақат машғулотнинг бир қисмини бажарди ва ўринбосарлар жамоаси сафида тахминан 20 дақиқа ўйнаб кўрди. Ўзини синаб кўрди. Ҳозир эса кўринишидан, жароҳати яна қайталанган.
Афсуски, ёш ҳам ўзини билдиряпти, жароҳатлар анча узоқ вақтда битади. Ҳар ҳолда бугун тактикамиз ва ўйин йўналишимиз бироз ўзгарган эди. Агар Муртазоев соғлом бўлганида, эҳтимол, Владикнинг ўрнига у майдонга тушган бўларди. Афсуски, жароҳати туфайли бунинг имкони бўлмади.
- «Машъал» аллақачон Про лигага тушиб кетди. Кейинги мавсумда ҳам жамоа билан ишлашда давом этасизми?
- Буни билмайман. Умуман олганда, «Машъал» кейинги мавсумда мавжуд бўладими-йўқми, буни ҳеч биримиз билмаймиз. Менимча, 90 фоиз эҳтимол билан «Машъал» чемпионатдан чиқиб кетади. Чунки бошқа жамоаларда бўлгани каби, бизда ҳам пул йўқ. Одамлар саккиз ойдан бери маош олмаяпти. «Машъал» меҳнаткашлари пулсиз қолган. Бундай шароитда қайси жамоа фаолият юрита олади? Футбол ўйнаш учун ҳам, ахир, овқатланиш керак.
Пул йўқ ва унинг пайдо бўлиши ҳам кутилмаяпти. Ҳомийлар йўқ, ҳеч нарса йўқ. Менинг тушунишимча, Про лигада ҳам давлат томонидан ёрдам ажратилиши режалаштирилмаган. Шундай экан, клубнинг ўзи ҳам чемпионатдан чиқиб кетиши мумкин.
Бу қандай якун топишини билмайман, вақт кўрсатади. Ҳозирча ҳеч нарса дея олмаймиз. Раҳбариятдагилар вазиятдан чиқиш йўлларини излаяпти, илтимос қиляпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Аммо, афсуски, ҳозирча натижа йўқ. Бу муаммо фақат бизда эмас. Менимча, ҳар бир интервюда бир хил гапларни такрорлашга мажбурмиз. Ҳамма футболда нима бўлаётганини кўриб турибди.
Менимча, агар келаси йили Суперлигада тўққизта жамоа иштирок этадиган бўлса, ҳозирги молиявий шароитда уларнинг ҳеч бири яшаб қола олмаслиги мумкин. Албатта, ўзининг бош ҳомийси бор клублар қандайдир йўл билан фаолият юритишда давом этади. Аммо бу спорт принципларига қанчалик мос келади? Бир клубда пул бор, бошқасида эса умуман йўқ. Буни қандай тушуниш мумкин?
Мен бу тизимни ким ва қандай фикр билан ўйлаб топганини билмайман. Ҳатто бу ҳақда гапиришни ҳам истамайман. Бу — мутлақо мантиқсиз ҳолат. Футбол давлат томонидан қўллаб-қувватланиши керак бўлган спорт тури. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда давлат кўмагисиз футбол клублари яшаб қола олмайди. Ҳа, айрим хусусий клублар борки, уларни миллиардерлар молиялаштириши мумкин. Аммо ҳар бир мамлакатда бундай клублар битта-иккитадан ошмайди.
Афсуски, бизда бундай имконият йўқ. Бир вақтлар «Бунёдкор» клуби бор эди. Ўша пайтда футболнинг ҳақиқий ишқибози бўлган инсон бор эди. У футболга катта маблағ киритди ва ўша даврда бутун футболимиз ривожланди. Бу хусусий маблағлар ҳисобига амалга оширилди.
Ҳозир эса футболга пул тикиши мумкин бўлган бирорта корхона ёки жуда бой инсонни кўрмаяпман. Айниқса, футболнинг ҳақиқий мухлиси бўлган тадбиркорлар йўқ. Шахсан мен бундай инсонларни билмайман. Балки бошқалар ниманидир билар, аммо мен кўрмаяпман.
«Пахтакор»ни олайлик. Бу ўзбек футболининг рамзи. Аммо клуб ҳокимликка қарам бўлиб қолган. У ерда маблағ ажратишади, масалан, «мана, беш миллиард» дейишади. Сизлар ҳам бу ҳақда ўқийсизлар, ёзасизлар. Бу қандай ҳолат ўзи? Футболчилар қандайдир камбағал, тиланчи одамларми? Нега улар шундай аҳволга тушиши керак? Назаримда, бу борада қандайдир амалий қадамлар ташлаш вақти келган.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Жаҳон чемпионатига чиққанимизни айтяпмиз. Аммо бу муваффақият 15 йил аввал бошланган меҳнатнинг самараси. Бугунги натижа — ўша 15 йиллик ишнинг меваси. Ҳозир биз шу меҳнат самарасидан фойдаланяпмиз. Аммо кейин нима бўлади? Ёшлар терма жамоаларимизга қаранг. Улар жаҳон чемпионатида нечaнчи ўринни эгаллашди? 42-ўринми? Жуда ажойиб натижа-ку! Келинг, энди олдинга қарайлик. Бу — бизнинг келажагимиз.
Ёшлар терма жамоасидаги футболчиларни исм-фамилияси билан санаб кўринг. Уларнинг қайси бирини танийсиз? U-17 терма жамоаси футболчиларининг исмларини биласизми? Бир-иккитаси, холос. Ваҳоланки, бу йигитлар беш-олти йилдан кейин миллий жамоада ўйнаши керак.
Бир ўйлаб кўринг: агар чемпионатимиз инқирозга юз тутса, на миллий жамоа, на бошқа нарса қолади. Яқинда бир гапни ўқидим, менга таржима қилиб беришди. Кимдир — фамилиясини айтмайман, эҳтимол, у биздан кўпроқ нарсани билар — «миллий жамоа чемпионатдан алоҳида мавжуд бўлади», дебди.
Агар шундай бўлса, унда беш йилдан кейин ўзбек футболи қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўринг. Агар миллий жамоа чемпионатдан алоҳида бўлса, унга футболчилар қаердан етишиб чиқади? Агар чемпионатимиз Африкадаги қандайдир қабилалар ўртасидаги мусобақага ўхшаб қолса, футболчиларни қаердан оламиз? Чет элданми? Бу энди томоша, ҳақиқий цирк!
Шунинг учун, биласизми, биз ҳар куни бу масалаларни муҳокама қиламиз. Кўпчилик вазиятни кўриб турибди, ҳаммасини тушуняпти. Эҳтимол, буни ҳал қилиши керак бўлган инсонлар ҳам англаб етгандир. Қандайдир ўзгаришлар бўлиши шарт. Ҳамма ўша ўзгаришларни кутяпти.
Аммо ҳозирча, сиз айтганингиздек, асосан икки-учта клуб бор, қолганлар эса денгиздан нажот кутгандек, кутишда давом этяпти», - дея Лушаннинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.