Live
4
Ўзбек

Темур Кападзе: «Андижон»да ҳам яхши футболчилар бор»

Эксклюзив
31 октябр, 16:59
Наманганликлар устози водий дербисидан кейин ўз фикрларини билдирди.
Темур Кападзе: «Андижон»да ҳам яхши футболчилар бор»
Фото: Навбаҳор ПФК
31.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Навбаҳор Навбаҳор 1 : 0 Андижон Андижон

«Навбаҳор» ҳамда «Андижон» ўртасидаги водий дербисидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Темур Кападзе қатнашди.

- Албатта, бутун «Навбаҳор» жамоасини, мухлисларини — барчани ғалаба билан табриклайман. Қийин учрашув бўлишини билардик. Қайсидир маънода принципиал ўйин эканини ҳам тушунардик. Лекин, ўйлайманки, яхши тайёргарлик кўрдик. Албатта, ўйин осон ўтмади, бироқ, менимча, яхши ҳаракат қилдик.

Биз ҳар доим ғалаба қозонишни истаймиз. Эртароқ ҳам гол уриш имкониятимиз бор эди. Футбол бу... Энг асосийси, ғалаба қозондик ва энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Албатта, «Андижон» жамоасига кейинги ўйинларда омад тилаймиз.

- Темур ака, мавсум якунига етиб қолди. Мавсум давомида наманганлик мухлислар томонидан Темур Кападзе номи қайсидир маънода ўзига хос «кричалка»га айланиб қолди. Намангандек шаҳарда бундай даражадаги натижага эришиш ҳар доим ҳам мураббийларга насиб қилавермаган. Бу сизда қандай ҳиссиётларни уйғотмоқда?

- Албатта, бу жуда ёқимли. Ҳар бир мухлисга раҳмат айтаман. Ўйлайманки, мен ҳам, жамоам ҳам уларни хурсанд қилиш учун ҳар томонлама ҳаракат қиляпмиз. Худога шукур, шундай натижаларга эриша оляпмиз. Ҳар бир стадионга келган мухлисни хурсанд қилаётганимиздан ўзимиз ҳам мамнунмиз.

Қолаверса, мухлисларнинг бизга шундай муносабат билдириши мен учун ҳам, жамоа учун ҳам жуда ёқимли ҳолат. Ўйлайманки, бу ҳамиша шундай бўлсин, ҳар бир мураббийга мухлисларни хурсанд қилиш насиб этсин. Чунки мураббийлик шундай касб: ғалаба қозонсангиз, ҳамиша кўкларга кўтаришади, мағлубиятга учрасангиз эса…

Худога шукур, ҳаракат қиляпмиз, бунинг эвазига Худо ҳам бизга барака беряпти. Шунинг учун, албатта, бу жуда ёқимли. Ўйлайманки, биз ҳам уларга ўз ўйинимиз билан жавоб қайтаряпмиз.

- Ҳозирда кўплаб жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўришни бошлади. Гарчи трансфер бозори ҳали очилмаган бўлса-да, келаси мавсум учун музокаралар бошланган. «Навбаҳор»да бугунги кунда вазият қандай? Келаси мавсум учун «Андижон»дан айрим футболчиларни таркибингизга жалб қилишингиз мумкинми?

- Албатта, менимча, ҳар бир жамоада у ёки бу даражада бундай ҳаракатлар бор. Барибир келаси йилни ўйлаш керак. Трансфер масаласида кимдир кетиши мумкин ёки ўз футболчиларимиздан айримларининг шартномаси тугаяпти. Шунинг учун бу борада ишлар олиб бориляпти. Кўрамиз, вақт кўрсатади. Лекин, менимча, нафақат бизда, балки бошқа жамоаларда ҳам бу борада ҳаракатлар бошланган.

Албатта, эҳтимолий номзодлар рўйхати шакллантирилган. «Андижон»да ҳам яхши футболчилар бор. Мавсум бошидаёқ айрим футболчиларни, балки биз ҳам ўз сафимизда кўришни истаган ўйинчиларни кузатгандик. Шунинг учун кўрамиз, танлов бўлади. Яхши футболчилар бўлиши керак. Ҳар бир жамоага яхши ўйинчилар зарур. Қолганини вақт кўрсатади. Албатта, «Андижон»да яхши футболчилар бор.

- Бугунги ғалабадан кейин жамоа кучли учликдаги ўрнини анча мустаҳкамлаб олди. Суперлигага эътиборни бироз камайтириб, асосий эътиборни Кубок мусобақасига қаратиш режалаштирилганми ёки икки фронтда ҳам охиригача кураш олиб бориладими?

- Албатта, икки фронтда ҳам майдонга тушамиз, ўйнаймиз. Ҳар бир учрашувга ғалаба қозониш учун чиқамиз. Ўйлайманки, қайси ўйин бўлишидан қатъи назар, максимал даражада ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Менимча, бу борада танлов бўлмайди. Қолгани насиб. Энг асосийси, машғулотларда ҳам, умуман, ўйинга тайёргарлик жараёнида ҳам профессионал ёндашсак, ҳаммаси жойида бўлади.

Кубок масаласида ҳам бизни ўйлантираётган жиҳатлар кўп. Чунки ҳозир миллий жамоа билан боғлиқ вазият ҳам бор. Олдинда яна битта тур бор, кейин миллий жамоа йиғини бошланади. Кимлар чақирилишини ҳозирча билмаймиз.

Биласизлар, миллий жамоани иккита учрашув кутяпти. Иккинчиси 17-куни сафарда бўлади. Бунинг устига, 20-куни «Нефтчи» билан ўз майдонимизда дерби ўйинимиз бор. 17-куни ўйнаб, футболчилар қачон қайтиб келишади? 18-куни келиб, бир кун машғулот ўтказиб, яна ўйинга тайёрланишлари керак бўлади. Улар ўйнай оладими ёки йўқми? Бунинг ўзи ҳам кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Бунинг устига, ўша ўйиндан кейин дарҳол Кубок учрашуви белгиланган. Бундай ҳолатлар, албатта, биз — мураббийлар учун жуда қийин масала. Чунки ҳозир яна танаффус бўлади, кейин яна тайёргарлик кўришингиз керак. Айрим футболчилар миллий жамоада бўлганидан кейин ўйин ритмидан тушиб қолиши, ўйин тонусини йўқотиши мумкин. Бундай жиҳатлар кўп.

Ўйлайманки, барча жамоаларда шундай бош оғриғи бор. Албатта, миллий жамоа ҳаммамиз учун ҳамиша устувор ҳисобланади. Уларга фақат омад тилаймиз. Биз эса ишлашда давом этамиз», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Андижон Андижон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар