Live
4
Ўзбек

Анвар Ғофуров: «Ҳеч бир жамоа мағлубиятга лойиқ эмасди»

Эксклюзив
31 октябр, 16:30
Ғофуров матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Анвар Ғофуров: «Ҳеч бир жамоа мағлубиятга лойиқ эмасди»
Фото: Сурхон ПФК

«Сурхон» ва «Насаф» ўртасидаги ўйинда 1:1 ҳисоби кузатилди. Ушбу қайд этилган дурангдан кейин термизликлар устози Анвар Ғофуров матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ассалому алайкум. Бугун жуда яхши жамоага қарши ўйин ўтказдик, ўйлайманки, баҳс яхши кечди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозониш учун ҳаракат қилди. Ҳеч ким ҳимояга ёпишиб олмади, очиқ футбол гувоҳи бўлдик.

Худога шукур, биз ҳам бир нечта ўйиндан бери гол ура олмаётган эдик. Аммо учрашувларда муносиб ўйин кўрсатдик. Афсуски, бугун гол ҳам ўтказиб юбордик. Тан олиш керак, жуда кучли ва яхши жамоа шаклланган. Уларнинг бош мураббийи ҳам, мураббийлар штаби ҳам жуда яхши. Бу янгилик эмас.

Шунинг учун очко олганимиздан хурсандмиз, десак ҳам бўлади. Чунки мен ҳар доим қайси жамоага қарши ўйнашимиздан қатъи назар, футболчиларни ғалаба учун ҳаракат қилишга ундайман.

«Боевая ничя», дейишади-ку. Менимча, ҳар икки жамоа ҳам яхши ўйин кўрсатди ва ҳеч бири мағлубиятга лойиқ эмас эди. Иккита яхши жамоа ўртасидаги яхши ўйинни кўрдик.

- Жамоа яхши ўйин кўрсатяпти. Буни «Хоразм» ва «Қўқон-1912»га қарши баҳсларда ҳам кўрдик. Аммо ғалабани ўз томонингларга оғдира олмаяпсизлар. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Тўғри, мағлуб бўлмаяпсизлар, бу ҳам яхши. Лекин дурангларни ҳам бироз таҳлил қилиш керак.

- Яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Балки... Кимгадир катта эътироз билдириш жуда қийин, чунки ҳеч ким буни атайлаб қилаётгани йўқ. Бу футбол. Баъзан биттагина вазиятдан фойдаланиб, ғалаба қозониб кетишингиз ҳам мумкин. Буни тан олишимиз ва кейинги ўйинларга тайёргарлик кўришимиз керак.

- Анвар ака, жамоа олдига ҳам муайян вазифа қўйилиши керак. Бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш керак, деб ўйлайсизми? Чунки ҳозир жамоа на у ёқда, на бу ёқда…

- Албатта. Тўғри айтяпсиз, бизнинг жамоамизда ёш футболчилар кўп. Бу ҳам ўз йўлига. Агар биз бироз юқорироқ натижаларга эришмоқчи бўлсак, бу албатта, селекцияга боғлиқ. Селекция ишлари керак бўлади. Бу борада яна режаларимиз ва ғояларимиз бор.

Аммо ҳар бир мураббий ҳам имкониятларидан келиб чиқиб иш тутади. Бизнинг ҳам яхши жамоамиз шаклланган. Буни майдонда кўрсатаётган ўйинимиз ҳам исботлаб турибди. Ҳар ҳолда биз кўпроқ нарсага эришишни истасак, селекция ишларини амалга оширишимиз шарт.

- Кейинги йилга сизга яна имконият берилса, янада яхшироқ натижалар қайд этиладими?

- Албатта, менимча, шундай бўлади. Чунки бизда кўп гол урган Чинеду ҳам бор эди. У 11 та тур ўйнаган бўлса, 6 ёки 7 та гол урди. Ҳозир эса ҳужумчи масаласи биз учун муаммо бўлиб турибди.

Торнике ҳам аслида ҳужумчи эмас, у марказий ҳужумчи вазифасида ўйнашга ихтисослашмаган. Шунинг учун уни ҳам олдинги чизиқда ўйнатяпмиз. Аммо буни ўзимизга сабаб ёки баҳона қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Торнике ўз ишини қиляпти, ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳар бир футболчи ўз вазифасини бажармоқда.

Биз қандай қийинчиликларни бошдан кечираётганимизни ўзим ҳам яхши биламан. Шунинг учун йигитларга катта раҳмат айтаман. Ташриф буюрган мухлисларимизга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Шунча йўл босиб келиб, бизни қўллаб-қувватлашяпти. Биз ҳам кейинги ўйинларда муносиб футбол намойиш этиб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», - дея Ғофуровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сурхон Сурхон
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар