Live
4
Ўзбек

Ислом Аҳмедов: «Бу ҳолатдан чиқиб кетамиз»

Эксклюзив
31 октябр, 16:41
Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.
Ислом Аҳмедов: «Бу ҳолатдан чиқиб кетамиз»
Фото: Андижон ПФК
31.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Навбаҳор Навбаҳор 1 : 0 Андижон Андижон

Водий дербиси доирасидаги «Навбаҳор» - «Андижон» (1:0) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.

- Очиғи, бундай ўйиндан кейин нима дейишга ҳам ҳайронсан. Аввало, ташриф буюрган мухлисларимиздан узр сўраймиз. Шунча йўл босиб келиб, бизни охиригача қўллаб-қувватлаганлари учун уларга катта раҳмат айтамиз.

Ўйинга келадиган бўлсак, биринчи бўлимда бироз ўзимизни ўнглаб олишимиз учун вақт кетди. Очиғини айтсам, биринчи таймда ўйин жиловини бироз рақибга бериб қўйдик. Аммо иккинчи бўлимда йигитлар ўз ўйинларини кўрсатишди, ҳужумлар ҳам уюштирдик. Афсуски, якунда омад етишмади.

- Ҳаммамизга яхши маълумки, Азиз Турғунбоев доим яримҳимояда ўйнаб келган. Бугунги учрашувда эса ҳимоя чизиғида ҳаракат қилди. Бунга асосий сабаб нима бўлди?

- Очиғини айтадиган бўлсак, биринчи даврадан кейин жамоага етарлича ўйинчилар ололмадик. Жамоага керакли футболчиларни жалб қила олмадик. Шунинг учун қўлимиздаги таркибни сақлаб қолишимиз ва мавжуд футболчилар билан тайёргарликни бошлашимиз керак эди.
Мавсумнинг узоқ давом этиши ва тақвимнинг тиғизлиги сабабли жароҳатлар жуда кўпайиб кетди. Бунинг устига, орада бир футболчимиз— Муҳаммаджонов ҳам жамоани тарк этди. Шу сабабли айрим позицияларда ўз ўрнига хос бўлмаган футболчиларни мажбуран ўйнатишга тўғри келяпти.
Азизнинг чап оёқда ўйнашини, шунингдек, миллий жамоа сафида бешинчи марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қилганини ҳисобга олдик. Шу ҳафта давомида уни шу позицияга тайёрладик. Ундан олдин Абдувоҳидни ўйнатаётгандик, аммо у ҳам жароҳат олди. Сўнгги машғулотларда бошқа имконият қолмагани учун Азизбекни шу позицияда ўйнатишга қарор қилдик.

- Драган Черан билан шартнома бекор қилинди. Бундан ташқари, Ашортиа жароҳатда, бугунги учрашув қайдномасида Тўхтахўжаев ҳам йўқ эди. Бу нимадан далолат беради?

- Айтганимдек, мавсум жуда тиғиз ўтмоқда ва футболчиларимиз орасида жароҳатлар бор. Шу боис Ашортиа ва Тўхтахўжаев жароҳатда. Бугунги учрашувда майдонга туширмоқчи бўлган Ислом Тўхтахўжаев «Сўғдиёна» билан ўйиндан кейин жароҳат олгани сабабли бугун иштирок эта олмади. Драган эса ўзаро келишувга кўра, жамоага ёрдам бера олмаётганини ҳисобга олиб, ўз хоҳиши билан кетди.

- Жамоангиз хавфли зонага янада яқинлашиб қолди. Кейинги турларда жамоа ўзини ўнглаб олиб, ўзида куч топа оладими?

- Худо хоҳласа, вазиятни ўзгартириш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Чунки бизда ўйин давомида вазиятлар бўляпти, фақат қаердадир омад келмаяпти. Йигитлар охиригача курашишяпти.
Агар жамоа ёмон ўйин кўрсатиб, тушкунликка тушган ҳолда ҳаракат қилаётганида, бу бошқа гап эди. Менимча, бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Йигитлар билан биргаликда бу қийинчиликни енгамиз. Улар ўзларида куч топа олишади. Руҳий ва жисмоний жиҳатдан ҳам ўзларини тиклаб, бу ҳолатдан чиқиб кетамиз.

- Бугунги учрашувдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, «Андижон» жамоасининг ҳимояси ҳам, ҳужумлари ҳам ёмон эмас. Аммо ҳал қилувчи паллада голли вазиятлар яратишда қийинчиликка дуч келяпти. Нима деб ўйлайсиз, етакчи футболчилар орқали жамоавий ўйинни яхшилашнинг иложи борми?

- Биринчи бўлимда унчалик кўп ҳужум қилмадик. Аммо иккинчи таймда кўрган бўлсангиз, жамоа олдинга силжиди, рақиб майдонида тўпни назорат қилдик. Ўйиннинг якуний қисмида ҳужум чизиғида ҳам футболчиларимиз кўп эди, ҳужумлар уюштирдик. Фақат омад келмади», - дея Ислом Аҳмедовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Андижон Андижон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар