«Локомотив» уйида ОКМКга 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Мазкур баҳсдан кейин мезбон жамоа бош мураббийи Мирко Еличич матбуот анжуманида қатнашди.
- Аввало, жамоамизнинг бугунги ўйини учун футболчиларни табриклайман. Бу учрашув биз учун жуда муҳим эди. Жамоа футбол ўйнашга тайёр эканини кўрсатди. Ўйиндан мамнунман, футболчиларнинг майдондаги ҳаракатлари менга ёқди. Натижа эса жуда ачинарли бўлди.
Менимча, биз уч очкога муносиб эдик, аммо бирорта ҳам очко ололмадик. Футбол шундай: баъзида яхши ўйнайсан-у, ҳеч нарсага эришмайсан, баъзида эса ёмон ўйнаб ҳам уч очкони қўлга киритасан. Бугун бизга омад кулиб боқмади.
- Ўйиндан кейин футболчилар ҳакамларга эътироз билдиришди. Аммо асосий айб футболчиларнинг ўзларида эмасми? Яъни, айрим футболчилар ўйин охиригача ҳаракат қилиш ўрнига тўхтаб қолишди. Ушбу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?
- Биринчидан, ҳакам айбдор. Иккинчидан, ўзимиз ҳам айбдормиз. Айтайлик, ҳакамнинг хатоси майдон марказида содир бўлди, бизнинг хатомиз эса ўз дарвозамиз яқинида юз берди. Демак, ҳар икки томонда ҳам хатолар бўлди.
Балки ҳакам вазиятни яхши кўрмагандир. Мен эса ўша ҳолатдан беш метрча узоқликда турган эдим. У ердан қараганда, тўп майдонни бир неча метрга тарк этгани кўриниб турарди. Улар бу вазиятни қандай кўришди, қандай баҳолашди — билмайман. Буни аниқ айта олмайман. Лекин менга тўп аутга тахминан бир метр чиққандек кўринди.
Бундай тарзда мағлуб бўлиш жуда ачинарли. Бу биринчи хато эди. Энди биз жамоа сифатида ушбу вазиятдан кейин қандай йўл тутишимиз кераклигини биргаликда ҳал қилишимиз лозим.
- Бугунги учрашувда икки тайм бир-биридан фарқли кечди. Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоанинг ҳимоя чизиғи ҳужумдан устун келди, деб ўйлайман. Ҳар икки жамоа ҳам жуда эҳтиёткор ҳаракат қилди. Захирадан тушган футболчилар ҳисобига «Локомотив» рақибни бостириб ўйнай олмади. ОКМК ҳимоясини ёриб ўтиш қийин бўлди. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳа, ҳар хил бўлади. Захирадан майдонга тушадиган футболчини ўйинни кучайтиришга тайёрлаш осон эмас. Баъзида бу иш беради, баъзида эса йўқ. Бугун захирадан тушган футболчиларимиз кутилган даражада ёрдам бера олмади.
Биз рақиб ҳимоя чизиғидаги футболчилар чарчаганини, улар юқорироқ позицияда ўйнаётганини ҳисобга олгандик. Қанотлардаги тезликдан фойдаланишни режалаштиргандик. Яъни, янги кучлар майдонга тушиб, ҳимоя ортидаги ҳудудлардан фойдаланиши керак эди. Аммо бу режамиз кутганимиздек амалга ошмади.
- Жамоа Кубок баҳсида «Нефтчи»га қарши бир таймнинг ўзида тўртта гол урган эди. Ўша ажойиб ғалабадан кейин «Локомотив» кетма-кет учинчи ўйинда ҳам ғалаба қозона олмаяпти. Ҳужумдаги имкониятлардан бир хил маромда фойдаланилмаётганининг сабаби нимада? Жамоа бор кучини ўша «Нефтчи» билан ўйинга сарфлаб қўйдими?
- «Локомотив» Кубокда «Нефтчи»ни сафарда мағлуб этганидан кейин иккита учрашув ўтказди. Саволингизга келсак, вазиятлар бор, лекин улардан фойдаланиш даражаси паст. Бунинг сабабини олдиндан айтиб бериш қийин. Баъзида имкониятлардан фойдаланасиз, баъзида эса йўқ. Буни маҳорат билан ҳам боғлаш мумкин, омад билан ҳам. Ҳар хил ўйинлар, ҳар хил вазиятлар бўлади.
Статистика ҳамма нарсани англатмайди. Масалан, 50 та имконият яратиб, битта гол уришингиз мумкин. Бошқа ўйинда эса бешта имкониятдан тўрттасини голга айлантиришингиз мумкин. Ҳаммаси ўша вазиятдан қандай фойдаланишингизга боғлиқ.
Бугун бизда бу иш бермади, ваҳоланки, кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Ўтган ўйинда ҳам гол ура олмаган эдик. Рақиблар яхши ҳимояланишди. Бугунги рақиб ҳам ҳимояда ёмон ўйнамади. Уларнинг ҳимоядаги ҳаракатларини ҳам эътироф этиш керак.
- Ноябр ойида «Андижон» билан икки марта ўйнайсизлар: чемпионат доирасида ва Кубокда. Асосий куч ва сюрпризларни Кубок учрашуви учун сақлаб қўясизми ёки ҳар икки баҳсга ҳам бир хил ёндашасизми? Режаларингиз қандай?
- Биз учун фарқи йўқ. Ҳар бир ўйинга бир хил ёндашув билан чиқамиз. Биз учун жараён муҳим. Бу борада ортиқча ҳиссиётларга берилмаймиз. Бу ўртоқлик учрашуви бўладими ёки Кубок ярим финали — биз учун фарқи йўқ. Ҳар бир баҳсга имкониятимиз даражасида максимал тайёргарлик кўрамиз. Ҳар куни шунинг учун ҳаракат қиламиз.
- Статистика ҳақида айтганингизга қисман қўшиламан. Аммо сўнгги олтита ўйинда, сиз ишлаган даврни ҳам ҳисобга олсак, «Локомотив» ОКМКдан олти марта мағлуб бўлган. Сизнингча, Ўзбекистон Кубоги финалида «Локомотив» — ОКМК жуфтлиги юзага келиши эҳтимоли борми? Бугунги кунда Кубокдаги мақсадлар нуқтаи назаридан ОКМК «Локомотив» учун ҳақиқатан ҳам ноқулай рақибга айланиб қолдими? Ахир кетма-кет олтита мағлубият қайд этилган.
- Йўқ, унчалик эмас. Менимча, бу бошқача жамоа. ОКМК — очиқ футбол ўйнашга тайёр жамоа. Бугун биз беш-олтита гол уришимиз керак эди, деб ҳисоблайман. Лекин уролмадик. Энди нима ҳам қилардик? Биз Кубок ярим финалидамиз ва бунинг ўзи яхши. Ҳеч қандай муаммо йўқ.
Ўзаро ўйинларга келсак, уларга қарши биринчи учрашувда ҳам сўнгги дақиқаларда мағлуб бўлган эдик, бугун ҳам худди шундай ҳолат такрорланди. Аммо ҳар икки ўйинда ҳам рақибдан яхшироқ ҳаракат қилдик, деб ҳисоблайман. Агар Кубок финалида ҳам шу жамоага қарши ўйнаш насиб қилса, бундан хурсанд бўламан», - дея Еличичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.