Наманганда бўлиб ўтган «Навбаҳор» ва «Андижон» клублари ўртасидаги водий дербиси кутилганидек жуда шиддатли ва кескин курашлар остида кечди. Ўйин эса 1:0 ҳисобида мезбонларнинг фойдасига ҳал бўлди.
Бироқ «Андижон» рақибга муносиб қаршилик кўрсатди. Захирадан майдонга тушган Бекзод Сулаймонов эса иккита эпизодда воқеанинг қаҳрамонига айланди. Аввалига уни жарима майдони ичида йиқитишди, кейин эса у жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади.
- Бекзод, водий дербиси ҳақидаги фикрингиз қандай? Ўйин охирларида сизни жарима майдони ичида тўхтатиб қолишди, аммо ҳакам пеналти белгиламади. Ўша вазиятга қандай изоҳ берасиз?
- Ўйинга келадиган бўлсак, бу дерби ва биз учун муҳим беллашув эди. Учрашувга 100 фоиз тайёр эдик. Буни майдонда ҳам кўрдинглар. Лекин биз ҳеч бўлмаганда уйга бир очко билан қайтишимиз керак эди. Лекин бунга ҳакамлар тўсқинлик қилишди. 80-дақиқада ўйлайманки, 100 фоиз пеналти бор эди. Мени елкамдан ушлаб қолди. Акс ҳолда дарвозагача масофа яқин эди ва мен гол уришим мумкин эди.
Ҳакам ўйин мобайнида кўп вазиятларда 50 га 50 ҳолатларда ҳам рақиб фойдасига қарор чиқарди. Афсуски, мен қулай вазиятдан фойдалана олмадим. Бунинг учун жамоадошларим ва мухлисларимиздан узр сўрайман. Яна такрорлайман, биз дербида ҳеч бўлмаганда дуранг натижага лойиқ эдик.
- Дарҳақиқат, «Андижон» мағлубиятга лойиқ эмасди, лекин ҳаёт давом этади. Ўзингиз учун қандай хулоса чиқардингиз?
- Мен ҳам ўзим учун ҳар қандай имкониятдан фойлалана олиш муҳимлигини биламан. Ўша вазиятда гол урганимда ўйин бошқача бўларди.
- Чиндан ҳам гол уришга жуда яқин келгандингиз. Ўша вазиятда гол бўлишига нима ҳалақит қилди?
- Ҳа, ҳақиқатан гол уришга яқин келгандим. Ҳамма нарсани тўлиқ бажардим. Аммо омад келмади, дарвозага кирмади. Шу камчилик устида ишлаб, Худо хоҳласа, ҳали ғалабаларимизга ўз хиссамни қўшаман.
- Олдинда «Локомотив»га қарши чемпионат ўйини турибди. Қолаверса, шу ойни ўзида уларга қарши кубок ярим финалида ҳам ўйин бор. Сиз учун қайси бири муҳим?
- Бўлажак учрашувларга келсак, иккаласи ҳам муҳим. Ҳаракат қиламиз ва Худо хоҳласа, иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонамиз.
Бекзод Сулаймонов: «100 фоиз пеналти бор эди»
Эксклюзив
1 ноябр, 11:48
Сулаймонов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатлашди.
Фото: Андижон ПФК
31.10.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Навбаҳор
1
:
0
Андижон