«Нефтчи» - ОКМК (2:1) беллашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Миржалол Қосимов матбуот анжуманида қатнашди.
- Ажойиб ўйин бўлди. Қизиқарли, шиддатли. Озгина омад етишмади. Бир-бирига муносиб, томошабоп, курашларга бой ўйин бўлди. Ғалаба қозонишни жуда хоҳлагандик. Бунинг учун биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам кўп имкониятларимиз бор эди. Фойдалана олмадик. Футбол қонуни: сен урмасанг, сенга уришади. Бу ҳам йигитларни ўзига катта тажриба. Бир-икки кун футболдан дам олиб, кейин у ёғини ўйлаймиз.
- Хорватиялик Иван Пешич жуда яхши ўйин кўрсатди. Жамоа билан шартномаси қандай?
- Йилни охиригача шартномаси бор.
- Трансфер ойнасида демак кетиши ҳам ёки қолиши ҳам мумкин экан-да?
- Олмоқчимисиз? Ярим йил қолганида бемалол гаплашиб, келишув қилсангиз бўлади. Ўзидан сўрарсиз.
- Абубакир Ризо Турдиалиевдан биринчи бўлимда иккита ўта қулай имконият бўлди…
- Адашмасам учта. Биринчи бўлимни ўзида 4 та 100 фоизли вазиятга эга бўлдик. Ундан олдин Папава ҳам гол ура олмади. Ботирали яхши ҳимояланди.
- Абубакир Ризо ҳақида сўрамоқчиман. У персонал қўйилгандек кўринди ёки бешта ҳимоячи бўлиб ўйнадими?
- Биз бешта ҳимоячи бўлиб ўйнаганимиз йўқ. 4-2-3-1 ўйнадик. Бешинчи ҳимоячи бўлганида 3 та вазият қаердан келиб чиққан бўларди? Менимча, ҳужумда ўйнади.
- Ҳужумкор футбол ўйнаш қийинми ё ҳимоявий футболга қарши ўйнаш қийинми?
- Ҳужумкор ўйнаган жамоага қарши ўйнаш осонроқ. Автобус қўйилса, биринчидан ёриб ўтиш қийин. Рақибга ҳам боғлиқ, қандай ҳимояланади? Иккинчидан, орқада бўшлиқ пайдо бўлади. Бир-иккита тезкор футболчиси бўлса қочиб кетишга ҳам осон-да. Ёпиқ жамоага қарши ўйнаш қийинроқ. Бугун очиқ футбол бўлди. Худди шундай ўйин тарафдориман. Мухлисларбоп ўйин бўлади. Ҳимоявий ўйнаб ҳам мақсадга эришиш мумкин.
- ОЧЛ Элитда қатнашаётган «Пахтакор» ва «Нефтчи»нинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Гуруҳдан чиқишларини жуда ҳам хоҳлайман. Бу фақат Фарғона ёки Тошкентнинг юзи эмас, бутун Ўзбекистоннинг юзи. Қизиқиб қарайман, «Нефтчи», «Пахтакор» ёки «Насаф» бўлса ҳам мана шундай мусобақларда иштирок этганда, мухлислик қилиб, жамоалар ютишини хоҳлайман. Ютиш-ютмаслигига келсак, масалан бугунги ўйинни қаранг ёки Эронда 2:1 га ютаётиб охирида ғалаба қўлдан чиқарилди. Ажаб эмас, бир деганда чиқишсин. Биз қанча кўп очко йиғиб, қанча кўп квотага эга бўлсак, шунча бошим осмонга етади.
- Миржамол Қосимов ҳам келажакда дадаси каби мураббий бўлиши мумкинми?
- Буни ўзидан сўрайсиз. Менимча, аниқроғ қилиб жавоб беради. Шу боис бир нарса дейиш қийин.
- ОКМК чемпионатда яхши ўйнаяпти. Бугун ҳам ажойиб ўйин кўрсатди. Кубокда сизларга омад тилаймиз.
- Раҳмат. Бу катта малака, ўрганиб чиқамиз, тушунтирамиз. Футболда оддий вазиятларда хатоларга йўл қўйдик-да. Футболда энг қийини оддий ўйнаш. Азиз бирга-бир чиқди, ёнида иккита жамоадоши бор эди, тўпни бериши керак эди, аммо Ботирали яна қутқарди. Шу билан ўйин тугарди. «Нефтчи» Ботирали қутқарган вазиятда руҳий тарафдан яна уйғонди. Ёки охирида бош билан урилган вазиятда гол бўлганида тугарди, аммо дарҳол кейинги ҳужумда гол уришди», - дея Қосимовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.