Фарғонада бўлиб ўтган «Нефтчи» - ОКМК (2:1) беллашуви мезбонлар учун драматик тарзда кечди. 88-дақиқада меҳмонлар пеналтидан ҳисобни очишди. Шундан кейин мезбонлар ҳақиқий характер кўрсатишди. 90-дақиқада ҳисоб тенглашди ва 7 дақиқа вақт қўшиб берилганида охирги сонияда ғалаба голини уришди.
Жанговар учрашувдан кейин ғолиб жамоа устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
— Барчани қўлга киритилган ажойиб ғалаба билан табриклайман. Албатта, бунақа учрашувлар футболнинг безаги. Бу ўйинни кўрган барча мухлислар иккала жамоанинг ҳужумкор ўйинини кўришди ва ажойиб ғалабадан хурсанд бўлишди. Бу — жамоанинг характери. Нима учун курашаётганимизни кўрсатиб берадиган ўйин бўлди.
— Нурбек Сарсенбаев кеча ўринбосарлар жамоасида иккита гол урганди. Бугун ҳам захирадан тушиб гол урди. Унга қандай ишонч билдирдингиз? Агар ўхшамаганда катта эҳтимол билан танқидларга учрардингиз.
— Албатта, Нурбек учун хурсандман. Келажаги порлоқ футболчи, фақат меҳнат қилишдан тўхтамаса. Бизда захирада бошқа ҳужумчи йўқ эди. Марушич жароҳатда. Перица ҳам аслида жароҳати билан ўйин ўтказяпти. Қийин ҳолатда қўлидан келганича жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиляпти, раҳмат. Иккита вариант бор эди: Алишер Одиловни ҳужумга ўтказиб, ўрнига қанотларга ўйинчи тушириш, лекин ҳар бир мураббийда ички ҳиссиёт бўлади. Аввало, барчаси Аллоҳдан. Қарорим тўғри бўлиб чиққанидан, Нурбек гол урганидан хурсандман.
— Ўйиндан кейин Коффи Куао тиббиёт ходимлари кўмагида майдондан чиқиб кетди. Унинг ҳолати қандай?
— У клуб билан деярли 8 кун бўлмади. Паспорти билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш учун Африка давлатига жўнаб кетганди. Кеча жамоа ихтиёрига етиб келди ва бугун ўйнашига тўғри келди. Бу орада барибир мускуллар ўз тонусидан чиқади. Шунга қарамасдан у майдонда бор кучи билан ёрдам беришга ҳаракат қилди. Бу — ҳақиқий матонат. Бир ҳафта машғулот ўтказмасдан тўғридан тўғри бундай қийин ўйинда майдонга тушгандан кейин бундай оғриқлар кузатилиши табиий. Кейинги ўйинларга янада тайёр бўлади.
— 90-дақиқада ҳисоб 1:1 бўлди. Шундан кейин ғалабага ишончингиз бормиди?
— Ишонч доимо ҳакам хуштаги чалингунига қадар сақланиб туради. Жамоани характерига ишонгандим. Ҳаммаси Аллоҳдан. Бунақа ўйинлардаги ғалаба инсон омили билан қўлга киритилмайди. Худога айтган жойимиз бор экан, омад бизга кулиб боқди.
— Ўйинда туб бурилиш бўлиши учун «Нефтчи» тўп ўтказиб юбориши керак бўляпти.
— Ҳужумкор ўйнаяпмиз, олдинги чизиқда имкониятлардан фойдаланишимиз керак, бўлмаса рақиб ўз имкониятларидан фойдаланиб кетади, деб олдин ҳам айтганмиз. Тўғри, ОКМКни йўқотадиган нарсаси йўқ. Доим чиройли ва очиқ футбол кўрсатади. Ажойиб жамоа шаклланган, у ерда ажойиб мураббий фаолият кўрсатяпти. Бизни ҳам ҳужумкор ўйнашдан бошқа иложимиз йўқ эди. Уйда, мухлислар қаршисида ўйнаяпмиз. Биринчи бўлимда яққол имкониятларимиз бўлди, фойдалана олмадик. Рақиб деярли йўқ жойдан пеналти ишлаб, имкониятидан фойдаланди. Бу ҳам жамоага таъсир қилади. Гол ўтказиб юборилгач, жамоа ҳам йўқотадиган нарсаси йўқлигини тушуниб етади. Ўйин бошида босим жуда юқори эди. Чемпионликка қанча яқинлашганимиз сари босим шунча ошиб кетяпти. Буни енгиб ўтиш футболчиларга ҳам, мураббий сифатида менга ҳам қийин бўляпти. Лекин раҳбариятга, вилоят ҳокимига қўллаб-қувватлаётгани учун раҳмат айтамиз. Жамоа сифатида қийин вазиятлардан чиқиб кетяпмиз.
— Сарсенбаев билан тузилган шартнома қанча муддатга мўлжалланган?
— Нурбекнинг шартномаси 2028 йилгача. Битта ўйин билан чекланиб қолмаслиги керак. Ёшлар лигасида тўпурарликда биринчи ўринда кетяпти. Бугун Перицани ҳам гол уришига умид қилгандик, гол уриб тўпурарлар пойгасида пешқадамга айланганида, мавсум охирида ҳам асосий, ҳам ёшлар жамоамиз ҳужумчилари тўпурар бўлиши қанчалик ҳужумкор ўйин намойиш этаётганимизни кўрсатиб берарди. Нурбек ҳали яна ўзини кўрсатиши керак, қиладиган ишлари кўп.
— FIFA кунларида ҳам ўртоқлик ўйини бўлади. Бу жамоанинг дам олиш кайфиятига таъсир кўрсатмайдими?
— Футболда дам олиш деган тушунча йўқ. Футболда тўхтаб қолсангиз, унда орқага кетасиз. FIFA куни бўладими ёки бўлмайдими, биз машғулотлар ўтказамиз. Режа бўйича давом этамиз. Клубдаги ишдан ташқари пайтда ҳам биз футбол билан яшаймиз. Футболда дам деган тушунча йўқ. Футболда ишлаётган ҳар бир инсонни дам олишга ҳаққи йўқ.
— Охирги ўйиндан кейин ижтимоий тармоқларда ҳар хил танқидий фикрлар билдирилди. Бу ОКМК билан ўйинда албатта ютишимиз керак, деган мотивацияни бердими?
— Бу жуда қийин ҳолат эди. Қил устидан қайтдик. Ҳар бир инсоннинг ичида ўзини мени бўлади. Агар жамоадаги ҳар бир инсон ўзини менини кўрсатиш учун ҳаракат қиладиган бўлса, унда жамоа бўлмайди. Кимлардир ўзини ички хиссиётларини енгиб ўтиши лозим. Бу бўйича вилоят раҳбари жамоани ҳар томонлама жуда катта қўллаб-қувватлади», — дея Ислом Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади