Бугун
17
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Агар ютқазганимизда футболни бизга нисбатан ноҳақлиги бўларди»

Футбол
28 июл, 15:12
«Нефтчи» устози водий дербисидан сўнг ўз фикрини билдирди.
Ислом Исмоилов: «Агар ютқазганимизда футболни бизга нисбатан ноҳақлиги бўларди»
Фото: Нефтчи ПФК
28.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Нефтчи Нефтчи 1 : 1 Навбаҳор Навбаҳор

Водий дербиси доирасидаги «Нефтчи» - «Навбаҳор» ўртасидаги баҳс кутилганидек кескин курашларга бой ўтди. Мезбонлар охирги дақиқада урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди. Натижада 1:1 ҳисоби қайд этилган учрашувда иккала жамоа бир очкодан бўлишиб олдилар. Фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

- Ҳар ўйиндан олдин футболчиларга айтаман, жамоалар амалдаги чемпион ва биринчи ўринда кетаётган жамоага қарши худди финалга чиққандек майдонга тушишяпти. Бугун ҳам кўришимиз мумкинки, «Навбаҳор» футболчилари охирги дақиқагача максимал ҳаракат қилишди. Менимча, бу жамоани ўйинини кўрганимизда олдин бундай бор кучи ҳаракат қилишмаганди. Бу табиий ҳолат. Ҳамма клуб пешқадамга қарши бор кучи билан ўйнашга ҳаракат қилади. Бу хусусида ҳафта давомида футболчиларни огоҳлантирдик. Руҳий тарафдан ҳам ишладик. Лекин бу – футбол. Кўплаб имкониятларимиз яратилди. Ўйинчилар борини беришди. Албатта, охирида қийин ҳолатдан қутқаришди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ҳамма ҳар хил талқин ва танқид қилиши мумкин, лекин факт шуки, ҳозирги кунда биринчи ўриндамиз. Жамоамиз «Пахтакор»га қарши учрашувни ҳисобга олмаганда мағлубиятсиз сериясини давом эттиряпти. Ишлашда давом этамиз. Мавсум охиригача шу жойимизда қолиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

- Ўйиндан олдин Жокич жароҳат олди. Уни ҳолати қандай?

- Йован Жокични жароҳати яна қайтадан такрорланди. Яқинда операция жараёнини ўтказади. Шифокорлар операциядан кейин уч ой муддатда тикланишини маълум қилишди.

- ОЧЛ Элит мусобақасига оз қолди. Бунинг учун трансфер борасида ҳаракат борми? Масалан, ҳужумчи борасида.

- Албатта, клуб раҳбарияти бунинг устида иш олиб боряпти. Аниқ бўлмагунгача номларни эълон қилмай турамиз. Лекин жамоа таркибини ОЧЛ Элит мусобақаси учун кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

- «Нефтчи»ни «Пахтакор» билан чемпионлик учун курашаётган бир пайтда бугунги бир очкосини мағлубиятга тенг деб ҳисоблаймизми ёки дербида сўнгги дақиқада гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолгани учун ғалабага тенглаштириш мумкинми?

- Чемпионлик йўлида йўқотилган ҳар бир очко мағлубиятга тенг ҳисобланади. «Навбаҳор» жамоаси ҳам бугун яхши ўйин ўтказди, буни инкор этиб бўлмайди. Лекин бизда ҳам кўплаб имкониятлар бўлди. Биринчи бўлимда Перица имкониятидан фойдаланганида ўйин умуман бошқача кетарди. Иккинчи таймда ҳам кўпроқ ҳужум қилдик. Шунинг ҳисобига юқорига кўтарилганимиз учун «Навбаҳор» қарши ҳужумларда ўйнади. Гол уриш учун олдинга ўтганингизда орқада бўш ҳудуд қолади, бусиз иложи йўқ. Бемалол айтишим мумкинки, бу йўқотилган очко.

- Тeмур Кападзе биз ғалабага кўпроқ лойиқ эдик, деб айтди. Лекин бирга-бир вазиятларда «Нефтчи» имкониятларидан фойдаланганида ғалаба қозониши ҳам мумкин эди…

- Албатта. Бугун Ўткир Юсупов ҳам ажойиб ўйин ўтказди. Искандеров, Марушич ва яна бошқа футболчиларимизнинг зарбаларини, 100 фоизли голларда жамоасини қутқарди. Бемалол айта оламанки, ғалаба қозонсак бўларди. Омад билан ҳам боғлиқ. Тинимсиз охирги дақиқаларда уюштирган ҳужумларимиз натижасида ўзимизни голимизни уриб кетдик. Гол уришимиз керак эди. Агар мағлубиятга учраганимизда футболни бизга нисбатан ноҳақлиги бўларди.

- «Нефтчи» мухлислари ҳакамларни ҳақоратлар билан кузатиб қўйишди. Ҳакамларни қарорларига қандай қарайсиз?

- Ҳозир бир нарса дея олмайман. Мен ўйинни умуман бошқа ракурсдан кўраман. Мухлислар эса бошқа ракурсдан кўрадилар. Шунинг учун учрашув давомида мен футболчиларимга кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Ўйинни кўриб таҳлил қилганимизда кейин хатоларини кўришимиз мумкин.

- Жаҳон чемпионати финалида Аргентина қила олмаган ишни «Навбаҳор» қилди. Яъни, Аргентина ярим ҳимояда Испаниядан тўпни олиб қўя олмаганди. Биламизки, «Нефтчи» Суперлигада энг яхши ярим ҳимоясига эга жамоалардан бири. Бугунги ўйинда иккала жамоани ярим ҳимоясини қандай баҳолайсиз?

- Тўғри, яримҳимояда ёмон ўйин ўтказдик, деб айта олмайман. Бу ўйинни боришига ҳам боғлиқ. Ўйин бошида ўтказиб юборилган гол режамизни ўзгартириб юборди. Ҳохлаймизми-хоҳламаймизми, юқорига кўтарилишга ҳаракат қилдик. 16 дан 16 га кўп ҳаракатланишга мажбур бўлдик. «Навбаҳор» таркибида ҳам сифатли футболчилар кўп. Пастки ўринларда юргани билан Суперлигани сифатли ўйинчилари бор. Легионерлари ҳам савияли. Тўпни бемалол назорат қилиб, ўйинни ўз қўлига олишни биладилар. Уларни ярим ҳимояси ҳам майдон марказида устунлик қилиши табиий ҳолат эди. Сабаби, бу ўтказиб юборилган голга боғлиқ.

- Ёш футболчи Нурмуҳаммад Абдуғаниевни захирадан майдонга туширилиши ўзини оқлади. Шу хусусида нима дея оласиз?

- Нурмуҳаммад Абдуғаниев ёшлар лигасида ҳам марказий ҳимоячи бўлишига қарамасдан ҳужумларга кўп қўшилади. Унда ҳужумда гол уриш хусусияти бор. Шуни ҳисобга олиб, охирги дақиқаларда узун паслар кўпайгани эвазига уни ҳужумга қўйишга қарор қилдик. Якка курашлардаги имкониятларни ютиб-ютиб, бурчак зарбасига сабабчи бўлди. Ўйлайманки, у ҳозирги кунда исталган позицияда ўйнай оладиган камдан-кам ёшлардан бири ҳисобланади. Қайси жойда унга имконият берилса ўзини оқлаяпти. Меҳнат қилишдан тўхтамаса ёркин келажак кутяпти», - дея Исмоиловнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар