Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган тўқнашувлар орасида марказий баҳс мақомидаги водий дербиси алоҳида аҳамиятга эга эди. Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтган «Нефтчи» - «Навбаҳор» ўйини юқори даражада ўтди.
Ўйиндаги муҳит ҳамда футболчиларнинг иштиёқи ҳам ҳар томонлама дерби мақомига мос бўлди. Наманганликлар футболчиси Муҳаммадали Усмоновнинг 3-дақиқада киритган голи ягоналигича қолиши ва унда «Навбаҳор»нинг қўли баланд келишига бир баҳя қолганди. Бироқ баҳс якун топишига бир дақиқа қолганида фарғоналиклар мағлубиятдан қутулиб қолишди.
Муҳаммадали Усмонов эса Tribuna.uz журналистининг водий дербиси борасидаги саволларига жавоб қайтарди.
- Муҳаммадали, водий дербиси ҳар томонлама топ даражада ўтди. Ўйиндан қанчалик завқ олдингиз?
- Ўйинга келадиган бўлсак, кимлардир кечаги баҳсни водий дербиси, яна кимлардир йил ўйини бўлди, деб айтишяпти. Футболчиларга ҳам, мухлисларга ҳам бундай ўйин албатта завқ беради. Хиссиётлар юқори чўққига чиқади, ўзимизга ҳам маза бўлади. Албатта, учрашув қийин кечди. Шунга қарамай, майдонда ҳақиқий жанг бўлди. Бундай ўйиндан нафақат мен, балки жамоадошларим ҳам, ишқибозлар ҳам завқ олишди.
- Ўйиннинг 3-дақиқасидаёқ гол урдингиз. Мана шундай тезкор гол уришингизни ўйлаганмидингиз?
- Ҳа, 3-дақиқадаёқ гол урдим. Қайси вазиятда тўп киритишимни ўйламагандим. Аммо майдонга гол ураман деб тушгандим. Худога шукр, гол урдим.
- Умуман олганда, 1:1 натижаси ўйинга мос бўлди, деб ўйлайсизми?
- 1:1 бўлгани, айниқса, охирги сонияларда гол ўтказиб юборганимиз аламли эди. Чунки боримизни бердик, жанг қилдик. Табиийки, бир дақиқа қолганда гол ўтказиб юборганимиз аламли. Насиб экан. Нейтрал қараганда, менимча мос бўлди.
- «Навбаҳор» 5-6 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётганининг сабабини нима билан боғлаган бўлардингиз?
- Ҳа, 5-6 та учрашувдан бери вазиятлардан фойдаланишда муаммо бўляпти. Машғулотларда бунинг устида ишлаяпмиз. Кечаги ўйинда бизнинг нимага қодирлигимизни ҳамма кўрди. Биз ҳали бундан ҳам кўпроқ нарсаларни бажара оламиз. Жамоадаги ҳар бир футболчи индивидуал маҳоратига эга йигитлар. Худо хоҳласа, бу ёғига ғалабалар қозониб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз.
- Охирги дақиқада аламли гол ўтказиб юбординглар. Ўша ҳолатни захира ўриндиғидан кузатиб тургандингиз. Ўшанда қандай кечинмалар ўтди, сиздан?
- Бошида айтиб ўтганимдек, жуда алам қилди. Жамоадошларимиз билан ўтирганимизда ғалаба қозондик, дея уни нишонлашга тайёр тургандик. Майли, насибамиз шу экан. Намангандан келиб бизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларимизга раҳмат.
- Жамоа энди ўз уйида ўйнашни бошлайди. Наманганда ўйнаш жамоага босим беради, деб ўйлайсизми?
- Ҳа, 4 та ўйинимиз Наманганда бўлиб ўтади. Ўзимизда ўйнаш жамоага ҳеч қанақа босим бермайди. Қайтанга, мухлислар билан биргаликда янада кучли, мотивация юқори бўлади ва маза қилиб футбол ўйнашга ёрдам беради.
- Темур Кападзе билан ишлаш жараёнида нималарни ўрганяпсиз?
- Темур Кападзе билан ишлаш жараёнида жуда кўп нарсаларни ўрганяпман. Асосан прессинг масаласида кўп ўргатяпти. Жамоавий ўйин, назарий томонлар, умума айтганда, кўп нарсаларни ўргатяпти.
Муҳаммадали Усмонов: «Бир дақиқа қолганида гол ўтказиб юборганимиз биз учун аламли»
Эксклюзив
29 июл, 10:58
Усмонов Tribuna.uz журналистининг водий дербиси борасидаги саволларига жавоб қайтарди.
Фото: Навбаҳор ПФК
28.07.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Нефтчи
1
:
1
Навбаҳор