Иккинчи даврадаги уй ўйинларини асосан Олмалиқда ўтказиб келаётган «Сурхон» клуби Суперлига 28-туридан ўрин олган «Андижон»га қарши ўйин Зоминда ўтказилишини маълум қилди.
«Маълумки, «Сурхон» футбол клуби айни вақтда ўз уй учрашувларини вақтинча Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ОКМК спорт мажмуасида ўтказиб келмоқда. Бироқ Суперлига тақвимига мувофиқ, 19 ноябр куни «Сурхон» жамоаси «Андижон»ни қабул қилиши, орадан бир кун ўтиб, яъни 20 ноябр санасида эса ОКМК жамоаси ўз майдонида «Қизилқум»га қарши баҳс олиб бориши белгиланган.
Шу муносабат билан бир спорт иншоотида қисқа вақт оралиғида кетма-кет иккита юқори даражадаги расмий учрашувнинг ўтказилиши майдон қопламаси ҳолатига ортиқча юклама келтириб чиқариши мумкинлиги инобатга олинди.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан мамлакатимиздаги футбол майдонларининг сифатини сақлаш, табиий чим қопламасини асраб-авайлаш, спорт иншоотларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда чемпионат учрашувларини муносиб шароитларда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мусобақа давомида майдонларнинг белгиланган талабларга жавоб беришини таъминлаш, футболчилар учун қулай ва хавфсиз ўйин шароитларини яратиш, шунингдек, учрашувларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айнан шу омилларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан «Сурхон» – «Андижон» учрашувини Жиззах вилоятининг Зомин шаҳрида ўтказиш белгиланди.
Шу тариқа «Сурхон» жамоаси Суперлиганинг 28-туридаги навбатдаги уй учрашувини Зомин шаҳрида ўтказади. Мазкур ўзгариш фақат учрашув ўтказиладиган манзилга тааллуқли бўлиб, баҳснинг белгиланган санаси ва бошланиш вақти ўзгаришсиз қолади.
Ҳурматли мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!
«Сурхон» футбол клуби матбуот хизмати барчангиздан учрашув манзили ўзгарганини инобатга олишингизни ҳамда ўйинни стадиондан кузатишни режалаштирган мухлислар ва ОАВ ходимларидан ташрифларини янгиланган манзил асосида ташкил этишларини сўрайди.
Клубимиз ўз навбатида, мазкур ташкилий ўзгариш юзасидан билдирилган тушуниш ва қўллаб-қувватлов учун барча мухлисларга миннатдорлик билдиради», — деб ёзади Термиз клуби матбуот хизмати.