Суперлиганинг 27-туридан ўрин олган «Андижон» ва «Локомотив» (1:3) ўртасидаги учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.
- Бугунги ўйин бўйича мухлисларимиздан узр сўраймиз. Охирги пайтларда натижаларимиз билан уларни олдида жуда уялиб қолдик. Ўйинни яхши бошладик, ҳужумлар ҳам қилдик. Футболчилар қўлларидан келганича ҳаракат қилишяпти. Уларни ўйнамаяпти, дея олмаймиз. Қаердадир омад етишмаяпти, голлар ура олмаяпмиз. Мураббийлар томонидан барча нарса қилиняпти, камчиликлар устида ҳам ишлаяпмиз. Майдонда шу нарсани футболчилар кўрсатиб беришлари керак. Агар ҳужум қилмасдан, ўйин томонлама ютқазганимизда бу бошқа гап эди. Иккита стандартдан гол ўтказиб юбордик. Мувозанатни йўқотдик. «Локомотив»ни индивидуал футболчилари ҳисобига улар кўпроқ хавф солишди. Жамоавий ҳаракатларимиз ёмон чиқмади. Ҳужумларни якунловчи нуқтани қўядиган ўйинчилар топилмади.
- Мураббий сифатида бугунги ўйиндан қанчалик хатоингиз бор деб ҳисоблайсиз? Тактикадами ёки бошқа нарсадами?
- Айнан қайси ҳолатда хато кўрдингиз?
- Мағлубиятга учралдими, бунда мураббийни ҳам айби бор…
- Албатта, натижа учун мураббий жавобгар. Қаердадир етарлича тайёрлай олмагандирмиз. Ўйинни кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз. Барибир бизда йўқотишлар бор. Иккита марказий ҳимоячимиз йўқлигидан Андроникашвилини қўйдик. Иложи йўқлигидан уни ўйнатдик. Қаердадир ўйинчини ушлашда, ҳимояланишда, стандартларда хатога йўл қўйди.
- Андроникашвилини ўрнига Исмоналиевни қўйиб, Исмоналиевни ўрнига эса Ғуломовни тушириб, Андроникашвилини ўз жойига олиб чиқса бўлмасмиди?
- Машғулотларда ҳамма вариантлар устида ишлаганмиз. Усмоналини ҳам текширганмиз. Ўзи билан гаплашганимизда бу жой ноқулай бўлаётганини ҳис қилди. Сандро эса олдинги жамоасида шу позицияда ўйнаган пайтлари бўлган ва шу боис уни орқага қўйдик. Усмонали ўнг қанотдан кўп ҳужумга қўшилди, жонини бериб ҳаракат қилди. Агар Исмоналиевни ўртага қўйганимизда бундай бўлмаслиги мумкин эди. Хатоларни албатта кўриб чиқамиз.
- Биринчи бўлимда жамоа ҳужум қилаётган вазиятда тўп рақиб ўйинчисини қўлига тегди, аммо пеналти берилмади. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Барибир биз ҳеч нимани ўзгартира олмаймиз. Уларни текширадиган қўмитаси бор. Биз айтганимиз билан барибир ҳеч қанақасига ҳақ бўлиб чиқмаяпмиз. Шунинг учун ўзларига қўйиб берамиз.
- Самвел Бабаяндан кейин бош мураббий лавозимига келганингиздан кейин кетма-кет ғалабалар бўлди. Ўртадаги танаффусдан сўнг клубда қандайдир пастга шўнғиш бошланди. Иккала даврни солиштирганда нима фарқи бор?
- Яхши футболчилар йиғилган. Биринчи даврадан кейин янада ҳужумкорликни, рақобатни кучайтирадиган ўйинчиларни ололмадик, очиғи. Шу нарса ҳам ўйинчиларга хотиржамлик берди, деб ўйлайман.
- Шохмалик Комиловни ўйинга киришиб кета олмаяпти, деб айтгансиз. Ҳозиргача жамоага киришиб кета олмадими?
- Шохмалик кўп ҳаракат қилади. Жамоага фойдали ҳолати бироз камроқ. Вақтида пас бериш каби жиҳатларда бироз оқсаяпти.
- Мураббийлар штаби билан ҳозирги ҳолатдан қандай чиқиб кета оласизлар?
- Камчиликлар устида яна ишлаймиз. Бу бўйича футболчилар билан яна гаплашамиз. Барчамиз биргаликда бундан чиқиб кетамиз. Орқага йўл йўқ.
- Ўзбекистон Кубоги яримфинали бўладиган стадионни майдони ҳақида «Локомотив» мураббий яхши эмас деди. Ўйинни ОКМК стадионида ўтказилишига сиз қандай қарайсиз?
- Иложи борича текис, яхшироқ майдон бўлса яхши бўларди. Чунки биз ҳам тўпни назорат қилиб, пас билан ўйнаймиз», - дея Ислом Ғуломовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.