Ғузорда бўлиб ўтган «Машъал» ва «Сурхон» клублари иштирокидаги учрашувда ҳисоб очилмади. Ушбу дурангдан сўнг муборакликлар устози Сергей Лушан матбуот анжуманида қатнашди.
— Ниҳоят, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик. Умуман олганда, ўйиндан, унинг мазмунидан, айниқса, ҳимоядаги жамоавий ҳаракатларимиздан қониқдим. Биз футболчилардан нимани талаб қилган бўлсак, улар майдонда шуни бажаришди. Бизда ҳали ҳам жиддий муаммолар бор. Бу муаммолар ҳужумларни якунлаш босқичида кўзга ташланмоқда. Ҳимоядан ҳужумга ўтиш борасида бироз яхшиландик, аммо айнан ҳужумларнинг якуний босқичида қийналяпмиз. Яна бир бор таъкидлайман, жамоанинг ўйинидан мамнунман. Агар натижадан қониқмаётган бўлсам ҳам, ҳеч бўлмаганда, ниҳоят ҳимояда ўз дарвозамизни дахлсиз сақлаб қолганимиздан хурсандман. Бугунги ўйиндан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эди.
— Муртазоев майдонга анча кеч туширилди. Унда бирор жароҳат борми ёки бу тактик қарормиди? Нега уни фақат учрашувнинг сўнгги дақиқаларида майдонга туширдингиз?
— Мен шундай қарорга келдим. Эргашевнинг ҳаракатлари мени тўлиқ қониқтиради. Агар у кучлироқ ўйнаса, майдонга тушади, акс ҳолда захирада қолади. Мен учун футболчининг фамилияси муҳим эмас. Қолаверса, биз янги жамоа қуряпмиз ва асосий эътиборимизни келаси йилги мавсумга қаратганмиз. Биз ишлаймизми ёки бошқа мураббийлар ишлайдими, барибир жамоа таркиби 99 фоизга янгиланади. Раҳбарият олдимизга шундай вазифа қўйган: таркибни тўлиқ янгилаш ва имкон қадар ўз тарбияланувчиларимиздан иборат муайян ўзакни шакллантириш.
Албатта, фақат ўз футболчиларимиз билан буни уддалай олмаймиз. Молиялаштириш бўлса, таркибни кучайтиришимизга тўғри келади. Лекин ҳозир асосий эътиборни ўйин жараёнига қаратяпмиз. Бизда шошилинч вазифа йўқ. Турнир жадвалидаги ўрнимиз бизни мутлақо ташвишга солмаяпти. Шунинг учун ёшларга имконият беряпмиз, уларни синовдан ўтказяпмиз. Кимдир бу имкониятдан фойдаланяпти, кимдир ҳозирча уддалай олмаяпти. Аммо эртами-кечми, уларнинг барчаси бу даражага етишади, деб ўйлайман. Ҳозирча эса кузатишда давом этяпмиз.
— Жамоанинг бугунги аҳволга тушиб қолишида, биринчи навбатда, иқтисодий муаммолар сабаб бўлгани айтилмоқда. Иккинчи томондан, «Машъал» ўз майдонини талаб даражасига келтирмагунича Суперлигада уй учрашувларини ўтказа олмайди. Бунинг учун эса катта маблағ ва ҳомий керак. Футболчилар жамоа ўз майдонида ўйнай олмаётганини, майдонни таъмирлаш имконияти йўқлигини билгани ҳам уларнинг бу ҳолатга тушиб қолишига сабаб бўлдими?
— Келинг, аввало, бир нарсани тушуниб олайлик: футбол — бу касб. Агар сизга олти ой давомида маош тўланмаса, биринчидан, майдонга тушиб ўйнаш истаги қолмайди. Иккинчидан, бу ҳолатнинг бошқа сабаблари ҳам бор.
Менинг назаримда, йил бошида яхши жамоа шакллантирилган эди. Мавсумни ҳам яхши бошлагандик. Аммо пуллар ўз вақтида тўланмагани сабабли асосий футболчилардан бир нечтаси ариза ёзиб, жамоани тарк этди. Ҳозиргача уларнинг ФИФА орқали тўланиши керак бўлган маблағларини тўлаб келяпмиз, лекин улар энди майдонга тушиб беришмайди. Натижада жамоа биринчи давранинг ўртасига келиб, амалда таркибсиз қолди. Мавсум давомида ўйнаши керак бўлган асосий футболчиларнинг кўпчилиги жамоада йўқ эди.
Яна бир масала бор: мураббий айбдорми ёки футболчиларми? Менимча, бу ерда гап футболчилар ҳақида кетиши керак. Мен ҳам футболчи бўлганман, шунинг учун баъзи ҳолатларни умуман тушуна олмайман. Агар 11 нафар футболчи кетма-кет мағлуб бўлаверса, бу фақат мураббийга боғлиқ масала эмас. Бу, аввало, футболчиларга тааллуқли савол. Ахир қандай қилиб 11 киши шундай ўйин кўрсатиши мумкин? Кўчадан оддий одамларни йиғиб келиб, майдонга туширсангиз ҳам, улар ҳеч бўлмаганда бир ўйинда дарвозасидан гол ўтказмасликка ҳаракат қилади. Ҳатто мураббийсиз ҳам шундай қилиш мумкин. Бу футболчиларнинг руҳий ҳолатига, уларнинг ўйнашни хоҳлаши ёки хоҳламаслигига боғлиқ.
Албатта, буларнинг ортида молиявий аҳвол турибди. Мен ҳам футболчи бўлганман. Ўзимиз ҳам олти ой маош олмаган пайтлар бўлган. Шундай вазиятда футбол ўйнашга иштиёқ қолмайди. Ахир оилангиз, икки нафар фарзандингиз бор. Уларнинг эҳтиёжлари, рўзғор ташвишлари хаёлингиздан кетмайди. Бундай пайтда қандай қилиб футбол ҳақида, машғулотлар ҳақида ўйлаш мумкин?
Шунинг учун профессионал спортда, умуман, ҳар қандай соҳада молиявий барқарорлик жуда муҳим. Биз ҳам тирикчилик қилиш, оиламизни боқиш учун пул топамиз. Қолаверса, футболчининг фаолияти қисқа — бор-йўғи 15 йил атрофида. Агар шу даврда пул топмаса, қачон топади? Унда яхшиси, дарҳол бизнес билан шуғуллангани маъқул.
Умуман, бу масалада майда-чуйда нарсалар йўқ. Молиявий барқарорлик, меҳнат қобилияти ва меҳнатсеварлик — буларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғлиқ. Агар шу занжирнинг битта бўғини узилса, ишлаш жуда қийинлашади. Фикримни тушунтира олдим, деб ўйлайман.
— Мавсум якунига яқинлашмоқда. Аввалги интервьюларингиздан бирида «Машъал» таркибида яна ёш футболчиларга имконият беришингизни айтгандингиз. Мавсум охирига қадар U-21 таркибидан Ғофуров, Шомуродов, Валижонов, 2007 йилда туғилган футболчилар ва бошқа ёшларни Суперлигада кўрамизми?
— Ҳа, албатта. Нега бундай бўлаётганини билмайман, лекин бизнинг асосий муаммомиз ёшларни майдонга туширишни хоҳламаслигимизда эмас. Муаммо шундаки, асосий жамоа ўйинидан бир кун олдин дубль ҳам учрашув ўтказади. Бизнинг ихтиёримизда эса жами 30 нафар футболчи бор. Шунинг учун кимнидир 15 дақиқага, бошқасини бошқа вақтга туширишга мажбурмиз.
Бундан ташқари, дубль жамоамиз ҳам ўйнаяпти. Бир хил футболчилар билан ҳам асосий жамоада, ҳам дубльда ўйнай олмаймиз-ку. Шу сабабли таркибни турли позициялар бўйича ўзгартириб туришга ҳаракат қиламиз.
Масалан, ҳозир Башняк умуман ўйнамаган эди. Лекин уни асосий жамоа қайдномасига киритишга мажбур бўлдик. Чунки кеча Ғофуров ҳам, Шомуродов ҳам дубль учун икки таймдан ўйнади. Энди уларни бугун қандай қилиб майдонга туширамиз? Биз робот эмасмиз, футболчилар ҳам шунча юкламани кўтара олмайди.
Башнякни дубль жамоасига қўшиш ҳам кулгили бўларди. У легионер сифатида келган, унинг дубльда ўйнаши ҳам тўғри эмас. Агар Мўйдинов алмаштиришни сўрамаганида, Абдураҳимовда имконият бўларди. Ҳозир шундай вариант ҳам бор эди. Лекин Абдураҳимов ҳеч қачон уч ҳимоячи билан ўйнайдиган тизимда айнан шу позицияда ҳаракат қилмаган. Шунинг учун бошқа қарор қабул қилдик.
Қисқаси, биз вазиятдан келиб чиқиб ишлаяпмиз. Эртага ким майдонга тушишини олдиндан аниқ белгилаб қўйиш имконимиз йўқ. Ҳозир ким ўйнашга тайёр бўлса, ўшани майдонга туширамиз.
Афсуски, вазият шундай. Бизда таркибни ўзгартириш ва футболчиларни танлаш имконияти чекланган. Умид қиламанки, келажакда молиявий имкониятлар пайдо бўлади, селекция ишлари йўлга қўйилади. Шунда, албатта, ёшларга янада кўпроқ имконият берамиз.
Сиз ҳақсиз, бизнинг асосий таянчимиз ёшлардан иборат. Ҳар бир ўйинда дубль жамоаси баҳсларини кузатишга борамиз. Буни шунчаки мажбурият сифатида эмас, қизиқиш билан амалга оширамиз.
Футболчиларнинг ҳаракатларини қайд этиб борамиз, уларни қайси позицияда синаб кўриш мумкинлигини ўрганамиз. Ёшлар жамоаси мураббийидан ҳам футболчиларни турли позицияларда синаб кўришни сўраймиз.
Улар ҳаммаси биз билан бирга машғулот ўтказишади. Ҳозир эса яна бироз гуруҳларга ажратдик. Чунки 34 нафар футболчи билан бир вақтда машғулот ўтказиш осон эмас. Шунинг учун уларни гуруҳларга бўлиб, турли вариантларни синаб кўряпмиз ва кузатяпмиз. Шунга қарамай, барчаси доимий назоратимизда», - дея Лушаннинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.