Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро келажакда Италия миллий жамоаси бош мураббийи бўлиш истаги борлигини маълум қилди.
«Менинг мақсадим ва орзум — Италияда мураббийлик қилиш ва миллий жамоа бош мураббийи бўлиш.
Дунё бўйлаб саёҳат қилиш ёки Осиёга бориш учун эмас, айнан шу мақсад йўлида ишлаяпман», — деди 53 ёшли мутахассис Sky Sport Italia эфирида.
Шунингдек, Каннаваро клуб ва миллий жамоада ишлаш ўртасидаги фарққа ҳам тўхталиб ўтди.
«Клубда ҳар куни футболчилар билан ишлайсиз. Миллий жамоада эса вақт жуда қисқа. 10 кун ичида хатога йўл қўймасдан тўғри ечим топишингиз керак», — деди у.
Маълумот ўрнида, италиялик мутахассис Ўзбекистон миллий жамоасига мамлакат тарихидаги илк жаҳон чемпионатида бош мураббийлик қилди. Бунгача у «Ан Наср», «Гуанчжоу Эвергранд», Хитой миллий жамоаси ва «Удинезе»да фаолият юритган.