Ўзбекистон футбол ассоциациясида миллий ва ёшлар жамоалари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда 2027 йилга мўлжалланган устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ЎФА раҳбарияти, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро, эркаклар ва аёллар миллий жамоалари, шунингдек, U-23, U-20, U-18, U-17, U-16, U-15 ва U-14 ёш тоифаларидаги жамоалар бош мураббийлари иштирок этди.
Тадбир давомида 2026 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, турли ёшдаги жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштироки, эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
ЎФА раҳбарияти томонидан ижобий натижалар эътироф этилиши билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳар бир жамоа бош мураббийи ўз фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этиб, бажарилган ишлар, футболчиларнинг тайёргарлик даражаси ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.
Йиғилишда футболчиларнинг жисмоний, тактик ва психологик тайёргарлигини такомиллаштириш, халқаро мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш ҳамда терма жамоалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳужумчилар ва дарвозабонлар билан индивидуал ишлаш сифатини ошириш, машғулотларда ҳар бир муҳим жиҳатни ҳисобга олиш бўйича тавсиялар берилди.
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам муҳокамаларда фаол иштирок этиб, ўзининг халқаро футболда орттирган тажрибаси асосида ёшлар жамоалари устозларига қатор маслаҳатлар берди.
Йиғилишнинг муҳим мавзуларидан бири 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро мусобақаларга тайёргарлик бўлди.
Хусусан, май ойида юртимиз мезбонлик қиладиган U-17 Осиё кубогини юқори савияда ташкил этиш ва унда Ўзбекистон жамоасининг муносиб иштирокини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, сентябр – октябр ойларида юртимизда ўтказилиши режалаштирилган U-20 жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнлари ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур мусобақаларга давлат миқёсида катта эътибор қаратилаётгани, уларни юқори ташкилий савияда ўтказиш ва терма жамоалар учун зарур шароитларни яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида барча жамоалар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Келгуси халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиш, истиқболли футболчилар захирасини кенгайтириш ва ўзбек футболининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлиги қайд этилди.