Самарқанднинг «Динамо» клуби Арманистон миллий жамоаси таянч яримҳимоячиси Тигран Аванесян билан шартнома имзолаганини эълон қилди.
Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, 24 ёшли футболчи «Динамо» сафига Россиянинг «Оренбург» клубидан келиб қўшилди. Томонлар мавсум охиригача мўлжалланган ва келишувни узайтириш имкониятини ўз ичига олган шартнома имзолади. Аванесян Самарқанд клубида 19-рақам остида ҳаракат қилади.
Қайд этилишича, Тигран Аванесян 2002 йил 13 апрел куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У «Балтика» академияси тарбияланувчиси бўлиб, фаолияти давомида ЦСКА Москва, «Арсенал Тула» ва «Оренбург» клубларида ўйнаган. Шунингдек, Россия U17 ва Арманистон U19 жамоаларида ҳаракат қилган. 2024 йилдан буён эса Арманистон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Маълумот учун, Тигран Аванесяннинг яқин қариндошларининг аксарияти асли самарқандлик бўлиб, ҳозирда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади.