Live
11
Ўзбек

Жамшид Саидов: «Ўйлайманки, бугунги ўйинимиз билан ўзимизни оқладик»

Эксклюзив
26 август, 14:49
«Қизилқум» бош мураббийи жамоасининг ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
Жамшид Саидов: «Ўйлайманки, бугунги ўйинимиз билан ўзимизни оқладик»
Фото: Қизилқум ПФК
26.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Кизилкум Кизилкум 1 : 0 Насаф Насаф

«Қизилқум» номинал мезбон сифатида Қаршида «Насаф»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу навоийликлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Ўйиндан кейин эса «Қизилқум» бош мураббий Жамшид Саидов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

— Албатта, бугун ютганимиздан жуда хурсандман. Боз устига биз «Насаф»дек клубни енгдик. Йигитлар бунинг учун катта меҳнат қилишди. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Биз олдимизга қўйилган вазифани, олдимизда турган стратегияни бажардик. Бизга ишонган, қайғурган ва мухлислик қилган барча ишқибозларимизга, клуб раҳбариятига ва барча юртдошларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

«Севгидан нафратгача бир қадам», дейишади. Афсуски, «Сўғдиёна»га қарши сўнгги ўйинимизда яхши ўйнай олмадик. Бу борада жуда кўп гап-сўзлар бўлди. Ўйлайманки, бугунги ўйинимиз билан ўзимизни оқладик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинда ҳали ўйинлар бор. Ҳар бир учрашувга жиддий тайёрланамиз ва ҳар бир очко учун курашамиз.

Навоий халқини яқинлашаётган байрам — Мустақиллик байрами билан табриклайман! Ушбу байрам барча оилаларимизга, бутун ўзбек халқига кўплаб меҳр-муҳаббат, бахт ва омад олиб келсин.

— Жамшид ака, бугунги қайдномада Лукани ҳам кўрмадик. Шунингдек, Ислом Кенжабоев майдонга тушганидан кейин оёғи оқсаб қолаётганини ҳам кўрдик. Унга нима бўлди?

— Лука бугун ўйнамади. У машғулот пайтида жароҳат олган. Шу сабабли бугунги ўйин қайдномасига киритилмади. Кенжабаев эса ҳали даволаняпти, тўлиқ тиклангани йўқ. Унга ҳали ҳам оғир, тўлиқ соғайиб улгурмаган. Лекин бу борада ишлаяпмиз. Доимий назоратда, даволаниш жараёнини оляпти, тикланиши билан шуғулланяпмиз. Яқин вақтларда уни тўлиқ тайёр ҳолатга келтирамиз. Шу сабабли ҳозирча захирада ўтирибди ва 10–15 дақиқага майдонга тушяпти. Асосий мақсад — унинг ўйин амалиёти ва спорт формасини сақлаб туриш.

— Ўйин охирида сўнгги учта алмаштиришни амалга оширдингиз. Аммо шундан кейин жамоа ўйини кучаймади. Бу нималар билан боғлиқ? Агар майдондаги футболчилар яхши ўйнаётган бўлса, алмаштиришлардан мақсад нима эди?

— Алмаштиришлар нима учун амалга оширилишини ўзингиз ҳам биласиз. Футболчи 60, 70, 80 дақиқа ўйнаганидан кейин чарчоқ пайдо бўлади, қандайдир микрожароҳат юзага келиши мумкин. Биз алмаштиришни нима учун қиламиз? Жамоани кучайтириш учун. Ҳа, сиз ҳақсиз. Афсуски, ҳар бир футболчи ҳам ўйин суръатига бирдек тез мослаша олмайди. Шу сабабли баъзи вазиятларда шундай ҳолат юзага келади. Лекин биз ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйин давомида қайта мослашдик. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳимоявий тарзда ўйнай бошладик, ҳатто беш нафар ҳимоячи билан ҳаракат қилишга ўтдик. Бунинг асосий мақсади — мавжуд ҳисобни сақлаб қолиш эди.

— Яна бир савол. Одатда U-21 жамоаси ғалаба қозонганида статистик жиҳатдан асосий жамоа деярли доим мағлуб қозонарди. Бу сафар ҳам «дубл» жамоаси мағлуб бўлди. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?

— Ростини айтсам, бундай нарсаларга эътибор бермайман.

— Лекин статистика нуқтаи назаридан…

— Ҳа, статистикани юритишингиз мумкин, балки бир томондан ҳақдирсиз. Лекин иккинчи томондан, мен бунга эътибор қаратмайман. «Дубль» жамоасининг ўз вазифаси бор. У ердаги асосий мақсадимиз — ёш футболчиларни тарбиялаш ва асосий жамоага тайёрлаш.

Сиз «дубл мағлуб бўлса, асосий жамоа албатта ғалаба қозониши керак», демоқчимисиз? Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш керак, албатта. «Дубл» жамоасини ҳам доимо рағбатлантирамиз. Йигитларга асосий жамоага йўл очиш учун имконият берамиз, уларни машғулот жараёнига жалб қиламиз. Улар ҳам мотивация билан ҳаракат қилишяпти. Уларнинг биринчи навбатдаги вазифаси — «дубл» жамоасида ўзини кўрсатиш, кейин эса асосий таркибга кириб, ўз имкониятларини намойиш этиш.

— Шунингдек, мухлислар номидан жамоани ғалаба билан табрикламоқчиман. Агар шундай аташ мумкин бўлса, бу тарихий ғалаба.

— Ҳа, тўғри. Анча вақтдан бери бундай ғалаба қозона олмаётган эдик.

— Жамшид ака, бугун таянч яримҳимоячиси Шаҳзод Тоировнинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

— Энди Тоировга ҳам имконият беряпмиз. Ҳаракатлари ёмон эмас. Ўтган ўйинларда ҳам ҳаракат қилди, бугун ҳам яхши ҳаракат қилди. Шаҳзод ҳаракат қилди, деб айтишим мумкин. У мушак жароҳати сабабли алмаштирилди.
Умуман олганда, ўйиндан-ўйинга жамоа ўйинига қўшаётганини кўриб турибсизлар. Албатта, жамоа жуда қисқа вақт ичида йиғилди. Айрим футболчилар, ўзингиз биласиз, трансфер ойнаси вақтида жамоага қўшилишди. Ҳали бир-бирини тушуниш ва ўзаро уйғунлик етарли даражада эмас. Бунга вақт кам бўлгани сабаб. Шунинг учун ўйиндан-ўйинга футболчилар жамоага мослашиб, ўзларини кўрсатиб боришяпти. Шаҳзод эса мушак жароҳати туфайли алмаштирилди», - дея Жамшид Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Кизилкум Кизилкум
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар