Бугун
31
Ўзбек

Темур Кападзе: «Ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз»

Эксклюзив
21 август, 17:18
«Навбаҳор» устози «Насаф»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Темур Кападзе: «Ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз»
Фото: Getty Images
21.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Навбаҳор Навбаҳор 1 : 0 Насаф Насаф

«Навбаҳор» клуби ушбу турда Наманганда Қаршининг «Насаф»ини қабул қилди. Қийин ўтган учрашувда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи бўлим бошларида «Навбаҳор» бир футболчи кам бўлиб қолди. Шунда ҳам мезбонлар ғалабани сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишди.

Наманганликлар бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдирди:

- Бутун «Навбаҳор» мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Қийин ўйин ўтказдик, лекин ёқимли ғалаба бўлди. «Насаф» яхши жамоа. Уларга қарши яхши тайёргарлик кўрдик. 10 киши қолганимиз қийинчилик туғдирди. Шунга қарамай, футболчилар ирода кўрсатди. Мухлисларимизга раҳмат. Бутун учрашув давомида биз билан бўлишди ва далда беришди. Уларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз. Вилоятимиз ҳокимини туғилган кунига яхши совға бўлди, деб ўйлайман. Кожони ҳам бугун туғилган куни эди. Бугун ютмасак бўлмасди. Худога шукр, меҳнатимиз орқали яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, ҳақли ғалабага эришдик.

- Кейинги ўйинда сафарга «Машъал»га бориб келамиз. Кейин яна «Насаф» билан уйда ўйнашимиз керак. Бир рақиб билан кетма-кет ўйин ўтказиш осон бўлмайди. Насиб бўлса, яна тайёргарлик кўрамиз. Асосийси, олдимиздаги ўйин. Кейин Кубокка тайёрланамиз. Вақт зиқ. Бўлажак ўйинларда керакли натижаларни қўлга киритамиз. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Осон рақиб йўқ. Ҳамма майдонга ютиш учун чиқяпти. Барча эътиборимизни «Машъал» билан учрашувга қаратамиз.

- Жамоа 11 футболчидан иборат эмас. Бир-бирига муносиб, яхши жамоа шаклланган. Албатта, жароҳатланганлар бор. Бугун қизил карточка ҳам бўлди. Нафақат бизда, балки барча жамоада ўзига яраша камчиликлар бор. Ҳар бири биз учун муҳим. Иккала учрашувда ҳам ғалаба қозонишимиз керак.

- Ғиёсов катта йўқотиш. Ҳар бир футболчимиз керакли. У ҳам «Бунёдкор»га қарши учрашувда фаол ўйнади. Ҳимоячи унга атайлаб сакради. Тикланиши учун вақт керак. Биз ҳам кутяпмиз. Тошкентда даволаняпти. Қанча тезроқ қайтса хурсанд бўламиз.

- Бунақа учрашувларда босим ҳам кучли бўлади. Ҳакамларга ҳам осон эмас. Ҳамма ўз тарафидан қарайди. Ҳакамлар жаҳон чемпионатини кўрган энг яхши ҳакамлар. Баҳсли вазиятлар ҳақида бир нарса дейишим қийин. Мен кўрмадим. Такрорлий лавҳалар орқали кўрганлар балки тўғри ё нотўғри деб айтиши мумкин. Умуман олганда, бу ҳакамларга кимдир камдан-кам эътироз билдиради. Улар яхши даражадаги ҳакамлар.

- Кожога ритмга киришиш учун озгина вақт керак. Аслида яна бошқа ҳужумчиларимиз ҳам бор. Иккита ҳужумчи билан ўйнасак ҳам бўлади, буни ўйлаб кўришимиз мумкин. У ҳолда ўртада камчилик бўлиб қолишлари мумкин. Лекин мен муаммо кўрмаяпман. Ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз. Бугунги, ўтган турдаги ўйинлар жамоани янада кучли қилади. Жамоа ичидаги муҳит янада кучаяди. Мен ҳам мураббий сифатида осонроқ ютишни, 3:0, 4:0 ҳисобида ғалаба қилишни истайман. Аммо ҳеч бир жамоа осонликча таслим бўлмаяпти, ҳамма курашяпти. Асосийси, ўз очколаримизни олишимиз керак. Айниқса, биринчи даврада кўп очко йўқотдик. Мана, энди уйда, ажойиб муҳитда ўйнаяпмиз. Биринчи даврада бизга шу нарса етишмади. Ҳисобласак кўп очко йўқотдик. Агар мухлисларимиз қаршисида уйда ўйнаганимизда очколарни қўлга киритиш эҳтимолимиз кўпроқ эди. Бундай муҳитда футболчилар ирода кўрсатиб янада максимал курашишади. Барибир майдонга янада идеал даражага келиши учун озгина вақт керак. Мен ҳам комбинация қилиб ўйнашни хоҳлаяпман. Аммо кўряпсизлар, тўп сакраяпти. Кўп курашлар бўляпти. Ёз тугаб, сентябрга яқин майдон янада яхши бўлади. Нафақат бизда, бошқа майдонлар ҳам. Кўп майдонлар ёзда ёмон ҳолатга келган. Нега бундай бўлди, ҳайронман. Бу ҳақида ПФЛ ҳам, клублар ҳам бош қотириши керак. Бу ўсишга таъсир қилиши мумкин. Ўйинларимизни четда ҳам кўришади», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар