Суперлига 18-турининг сўнгги ўйинида «Пахтакор» «Сурхон»ни қабул қилиб, аламли тарзда очко йўқотди. Тошкентликларнинг 90+3-дақиқада Ҳожимат Эркинов томонидан киритган голи ВАРда узоқ текширилгач, бош ҳакам Жасур Мухторов ўйиндан ташқари ҳолат сабаб голни бекор қилди.
Учрашувнинг сўнгги сонияларида бекор қилинган гол «Пахтакор» футболчилари ва мураббийлар штабининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Шунингдек, клуб матбуот хизмати ҳам расмий канал орқали ҳакамлик бўйича кескин норозилик билдириб, жиддий танқид қилди.
Жумладан, гол вазиятида чизиқ тортилиб, ўйиндан ташқари ҳолати аниқлангач, Мухторов гол бекор қилинганини маълум қилди ва кўп ўтмай учрашув якунланди – 0:0. «Пахтакор» расмий саҳифаси ҳакамларни кескин танқид қилди:
«90+4' Нимани эшитяпти ҳакам, нимани?!
ОДАМ БЎЛМАЙДИ БУЛАР!
5 йилга четлатилиб қайтган ҳакамдан ниманаи кутиш мумкин?
Ўзбек футболига янги қон керак! Ўйин тугади.
Чизгани линиенга сенларни! Ўзбек футболини тозалаб беринг ҳурматли Баҳодир Қурбонов?

ЎзФҲМ ва ЎФА – қани бу ерда офсайд? Уялларинг!
Жасур Мухторов бургут кўзми? ВАРни 30 метрдан кўра оладиган, жаноб Саидқосимов? Оқлаб бериш бўйича кенгаш тузяпсизми ВАРдагилар билан?
Жаноб Абдувоҳидов, Сиз қайси камерадан айб топдингиз?

Жасур Мухторов қинғир ишлари учун 5 йил футболдан четлатилиб. Вақт тез ўтди ва у яна бир пасда Суперлигани мунтазам бошқарувчи ҳакамига айланди қўйди», - дейилади клуб расмий саҳифасида.
Маълумот учун, учрашувни Жасур Мухторов бош ҳакам сифатида бошқарган бўлса, Равшан Абдувоҳидов ВАР ҳаками сифатида фаолият юритди.
Эслатиб ўтамиз, Мухторов 2019 йилдаги қўпол хатолари учун футболдан бир неча йилга четлатилган ва 2026 йилдан бошлаб ҳакамлик фаолиятига қайтганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади