Live
6
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Ҳужумдаги ноаниқлигимиз мағлубиятга олиб келяпти»

Эксклюзив
26 август, 14:12
«Насаф» бош мураббийи «Қизилқум»га қарши баҳсдан кейин ўз фикрларини билдирди.
Рўзиқул Бердиев: «Ҳужумдаги ноаниқлигимиз мағлубиятга олиб келяпти»
Фото: Насаф ПФК
26.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Кизилкум Кизилкум 1 : 0 Насаф Насаф

«Насаф» яна мағлубиятга учради. Бу сафар Қаршида «Қизилқум» билан бўлиб ўтган учрашувда 1:0 ҳисобида имконият бой берилди.

Қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев мағлубиятдан кейин матбуот анжуманида фикр билдирди.

- Фақат бугунги ўйинда эмас, бошқа учрашувларда ҳам оддий голларни ўтказиб юборяпмиз. Ҳужумдаги ноаниқлигимиз ва ўйинимиз мағлубиятга олиб келяпти. Ҳимояда қўпол хатолар қиляпмиз. Бугун стандарт вазият уларга қўл келди. Иккинчи бўлимда қанчалик ташаббусга эга бўлиб, вазиятлар яратмайлик, барибир гол ура олмадик. Бу асосий муаммоларимиздан бири бўляпти. Бу мағлубиятга олиб келяпти. Гол урмасанг ғалаба қозона олмайсан деб бекорга айтишмайди. Шу боис натижа биз учун кўнгилдагидек бўлмаяпти.

- «Насаф»ни сўнгги 14 ўйинига назар ташласак фақат 3 тагина ғалабаси бор, холос. Бу нима билан боғлиқ?

- Бунга эътибор қаратмаган эканмиз. Қайсидир учрашувларда омадсизликка учраяпмиз. Ёмон ўйнадик деб бўлмайдию, лекин биз учун жуда ҳам хунук натижа. Буни тузатиш керак бўлади. Очколарни йўқотаётганимиз учун ўрнимиз шу жойда бўлиб турибди.

- Жигаури илгари қўл остингизда ўйнаган. Уни нима учун жамоада сақлаб қолмагансиз? Умуман, «Насаф» легионерларни қандай хусусиятларига қараб танлайди?

- Жаба бизда чемпион бўлишимизга катта ёрдам берганди. Лекин жамоада ўзгаришлар бўлди, бошқа футболчиларни таклиф қилганимиз учун Жигаури жамоамизни тарк этганди. Жабани биламиз, бугун ҳам ўзини яхши тарафдан кўрсатди. Яхши ярим ҳимоячи, маҳорати бор. Легионерлар масаласида олдин ҳам айтиб ўтгандик, бу осон жараён эмас. Кўп жиҳатларига эътибор берасизу, лекин жамоага мослашиб кетиши учун кимгадир вақт етмайди, кимгадир савияси, даражаси етмайди. Охирги пайтда бизда бунга кўп имконият бўлмади. Шу боис легионерларни кўп таклиф қилмадик.

- Сизни футбол ўйнаган даврингиздан бери биламан. Ҳозирги мавсумда ҳамкасбларингиз орасида энг тажрибали ва совриндор мураббийлардан бирисиз. Нима учун сиз миллий жамоага жалб қилинмаяпсиз, сизга ишонч билдирилмаяпти? Бу саволга қандай жавоб берган бўлардингиз?

— Бу саволга қандай жавоб беришни билмайман. Бу савол, эҳтимол, менга эмасдир. Шунинг учун жавоб бера олмайман», - дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Кизилкум Кизилкум
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар