«Навбаҳор» бу турда ҳам кутилганидек ғалабали сериясини давом эттирди. Сафарда аутсайдер – «Машъал»га қарши майдонга тушишди. Баҳсда эса наманганликлар жавобсиз иккита гол уришди ва уч очкони қўлга киритишди.
Ўйиндан сўнг «Навбаҳор» бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда «Навбаҳор» мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Келган ишқибозларга ҳам раҳмат айтаман. Узоқ йўл босиб келишди. Худога шукр, ғалаба қозондик, тайёргарлик кўргандик. Албатта, «Машъал»ни ҳозирги кундаги вазияти яхши эмас. Лекин улар уйида ўйнаяпти ва қийин учрашув бўлишини билган ҳолда тайёргарлик кўрдик. Керакли голларни уриб ғалаба қозондик. Энди кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Чунки 3 кундан сўнг «Насаф»га қарши учрашувимиз турибди. «Машъал» ҳам ёшлар билан ҳаракат қилди, курашлар бўлди. Кейинги учрашувларда «Машъал»га омад тилайман.
- Учта ўзгаришни амалга оширдингиз ва бу ўзгаришлар жамоа ўйинига қанчалик таъсир кўрсатиши керак эди?
- Ўзгаришдан кейин дарҳол гол урдик. Ҳаммаси жойида. Биласизлар, 3 кундан кейин ўйинимиз бор, йўлимиз ҳам бор. Шу боис ротация қилишимиз керак эди. Захиралар ҳам кимгадир дам бериш ва кучайтириш учун қилинди. Лекин ким асосий таркибда ёки захирада бўлмасин ҳар бири муносиб ва ишонаман. Жамоа ғалаба қозонса ҳаммамиз биргаликда қозонамиз.
- Кожо нега қайдномага киритилмади?
- Шамоллаб қолганди. Уни эҳтиёт қилдик. Саидазамат қизил карточка олгани учун келмади.
- Жамоа иккинчи даврада Робин Гуд мақомидан кетди, десам қандай қарайсиз?
- Билмадим. Энди сиздан эшитяпман. Ҳар бир учрашувга яхши тайёргарлик кўриб ғалаба қозониш учун майдонга тушяпмиз. Максимал даражада ҳаракат қиляпмиз. Ўйинлар кетма-кет бўляпти, осон эмас. Лекин курашяпмиз. Мавсум тугаганда шунда Робин Гудми ёки бошқа нарса дебми айтарсизлар. Ҳозир эса максимал даражада ишлаяпмиз», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Темур Кападзе: «3 кундан кейин «Насаф»га қарши ўйинимиз бор, шу боис ротация қилишимиз керак эди»
Эксклюзив
26 август, 13:57
«Навбаҳор» устози «Машъал»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Навбаҳор ПФК
26.08.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Машъал
0
:
2
Навбаҳор