Бразилия миллий жамоаси вингери Винисиус Жуниор жаҳон чемпионати 1-тур доирасидаги Марокашга қарши ўйин (1:1)дан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ўйин бошида гол ўтказиб юборганимиздан кейин тайёргарлик режаси ўзгаради. Лекин ўйлайманки, биз тезда мослашдик ва ҳимояда ўйинимизни яхшиладик.
Рафиня қанотни ўзгартирди, биз ўйинни кенгайтиришни ва тўпни кўпроқ назорат қилишни бошладик. Бироқ турнирдаги илк ўйин ҳар доим жуда қийин кечади. Марокаш жуда яхши ўйнади ва биринчи ўйин босими ҳамиша шундай сезилади.
Олдинги жаҳон чемпионатида мен анча ёш эдим. Ҳозир тажрибам кўпроқ, аммо масъулият ҳам ошган. Менимча, бу турнирда мен барчасига тайёрман.
Бу ердаги майдонлар бошқача, жуда иссиқ. Шунинг учун мослашишимиз керак, чунки ҳаммаси жуда тез содир бўлади.
Анчелотти биздан тўпни кўпроқ назорат қилишни, уни бир қанотдан иккинчисига кўпроқ ўтказишни сўради. Ўйлайманки, буни уддаладик, аммо кўпроқ голли вазиятлар ярата олмадик. Чунки Марокаш жуда яхши ҳимояланди.
Энди бу ўйинни таҳлил қилишимиз шарт. Кейинги баҳсни эса ҳар қандай ҳолатда ютишимиз шарт», — деди Винисиус.