Live
3
Ўзбек

Иброҳимхалил Йўлдошев: «Текширувдан сўнг бир ой даволанишимни айтишди. Аммо менда бу даражада оғриқлар йўқ эди»

Эксклюзив
13 июн, 04:19
Йўлдошев «Нефтчи» билан бирга Туркия йиғинида иштирок этяпти.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Иброҳимхалил Йўлдошев: «Текширувдан сўнг бир ой даволанишимни айтишди. Аммо менда бу даражада оғриқлар йўқ эди»
Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоамиз таркибида Тошкентдаги йиғинда иштирок этган футболчилардан бири Иброҳимхалил Йўлдошев бош жамоамизнинг АҚШга йўл олишига саноқли кунлар қолганида жароҳат сабабли сафдан чиққани расман маълум қилинган эди.

Айни пайтда Йўлдошев «Нефтчи» билан бирга Туркия йиғинида иштирок этяпти.

Фурсатдан фойдаланган ҳолда Tribuna.uz журналисти Йўлдошев билан суҳбатлашди.

- Иброҳимхалил, сиз ҳам миллий жамоамиз билан АҚШда бўлишингиз мумкин эди. Лекин жароҳат сабабли таркибдан четда қолганингиз айтилди. Аслида нима бўлди?

- Ҳа, жароҳатим бор эди, аммо ундан 90 фоизга тикланган эдим. Миллий жамоа мутахассислари ҳам рухсат берганидан кейин, хабарингиз бор, “Нефтчи” билан ўтказилган ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушдим.
МТЖ билан хайрлашув маросимидан бир кун олдин ўша оёғимда озгина оғриқ сезгандек бўлдим ва бу ҳақда миллий жамоа шифокорига хабар бердим. Улар мени МРТ текширувига юборишди. Текширувдан сўнг менга пай узилиши ташхисини қўйиб, бир ой давомида машғулотларсиз даволанишим кераклигини айтишди. Лекин менда бу даражада оғриқлар йўқ эди. Қолаверса, ундан олдинги МРТ текширувларида пай узилиши аниқланмаган, фақат пайларда чўзилиш ва гематома борлиги кўрсатилган эди. Уларнинг даволаш жараёнини ҳам тугаллаган эдик. Шу сабабли мазкур ташхис мен учун кутилмаган ҳолат бўлди ва мен сафдан чиқарилдим.

Аммо орадан 1–2 кун ўтиб, оёғимда умуман оғриқ сезмай қўйдим. Шундан сўнг хорижлик мутахассислар маслаҳатига кўра яна 2–3 та бошқа жойда МРТ текширувидан ўтдим ва натижаларни уларга юбордим. Бу сафарги текширувларда ҳеч қандай узилиш аниқланмади, фақат аввалги жароҳатдан қолган енгил пай чўзилиши қайд этилди. Кейин эса индивидуал реабилитолог ва мураббийлар билан машғулот олиб бордим. Кўрган бўлсангиз керак, бу жараёнларни Instagram саҳифамга ҳам жойлаб бордим. Ҳозирда эса «Нефтчи» билан асосий таркибда 100 фоиз соғлом ҳолатда машғулотлар олиб бормоқдаман. Соғлиғим жойида, Худога шукр.

- Ҳар бир футболчининг орзуси мундиалда иштирок этиш. Бироқ яқин қолганда орзуни амалга ошмай қолиши албатта ўз таъсирини кўрсатиши турган гап. Бу борада сизга қандай таъсир кўрсатди?

- Ҳа, албатта, мен ҳам мундиалда қатнашиш учун ҳаракат қилган эдим. Чақирилганимнинг ўзи менга катта хурсандчилик бағишлади. Бора олмаганим эса Аллоҳнинг иродаси бўлди. Энди эса “Нефтчи” клубига кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Агар менинг жамоамга кўпроқ фойдам тегса, бундан янада хурсанд бўламан. Миллий жамоага фақат омад ва муваффақият тилайман!

- Фабио Каннаваро билан охирги суҳбатингиз қандай кечди ва у сизга нималар деди?

- Тўғрисини айтсам, тадбир олдидан Фабио Каннаваро билан хайрлаша олмагандим. Тадбирдан сўнг у менга телефон қилди ва мени йўқлаганини, тезроқ тузалиб кетишимни ҳамда кейинги йиғинларда жамоа сафида мени кўришни хоҳлашини айтди. Албатта, бу мен учун катта фахр. У ажойиб инсон ва мен уни жуда ҳурмат қиламан. Унинг ишончини оқлаш ва яна эътиборига тушиш учун бундан ҳам кўпроқ ҳаракат қиламан. Буни ўзларига ҳам айтдим.

- Миллий жамоамиз билан бирга бўлдингиз ва муҳитни яхши биласиз. Имкониятлар ҳақида гап кетганда нималарни айта оласиз?

- Таркиб жуда яхши шаклланган. Ҳар бир ўйинчи ўз ўрнида, кучли ва жамоага фойда келтира оладиган савияга эга. Ички муҳит жуда ажойиб, интизом ва тартиб юқори даражада йўлга қўйилган. Тайёргарлик жараёни ҳам юқори савияда ташкил этилган. Ҳар бир ўйинчига алоҳида ёндашув мавжуд, яратилган шарт-шароитлар эса аъло даражада. Чиройли натижаларга эришиш учун менимча, барча имкониятларимиз бор.

- Миллий жамоа лагерини тарк этгач, ёзги таътилни қаерда ўтказдингиз ва ҳолатингиз қандай?

- Асосан тикланиш жараёнига кўпроқ эътибор қаратдим ва шу мақсадда кўп машғулотлар олиб бордим. Туркиядаги йиғиндан 5 кун олдин оилам билан Дубайда қисқа муддат дам олиб келдик. Ундан олдин эса тўлиқ тикланиш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим. Ҳозирда Туркияда йиғиндамиз ва мавсумга тайёргарликни давом эттиряпмиз.

- Колумбия, Португалия ва Конго миллий жамоалари ҳақида нима дейсиз?

- Бу жамоаларга келсак, албатта Португалия гуруҳда фаворит, буни ҳамма билади. Жуда кучли таркибга эга. Қолган жамоалар ҳам кучли, лекин Ўзбекистон бор кучини ишга солади, деб ўйлайман. Қандай рақиб бўлишидан қатъий назар, халқи, мухлислари учун майдонда жонини беради ва жаҳон чемпионатига бекорга келмаганлигини исботлашади, Худо хоҳласа.

- Мундиалдан четдан қолганингиздан кейин сизни руҳлантирган ким ёки нима бўляпти?

- Мен ҳеч қандай тушкунликка тушмадим. Аксинча, оилам билан қолганимдан, фарзандларим билан кўпроқ вақт ўтказганимдан хурсанд бўлдим. Биласиз, футболчи учун оиласи билан ҳатто бир кун бўлса ҳам кўпроқ вақт бирга бўлиш жуда қадрли.

Қолаверса, турмуш ўртоғим мени доимо қўллаб-қувватлаб келади. Менинг янада яхши натижаларга эришишимни ҳатто мендан ҳам кўпроқ хоҳлайди. Доим мени руҳлантириб туради ва ишонч бағишлайди. Бундай пайтларда ҳам, бошқа вақтларда ҳам турмуш ўртоғимдан катта мотивация оламан. У менинг энг яқин таянчим ва доимий қўллаб-қувватловчим.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз — мухлисларимнинг меҳри мени жуда хурсанд қилади. Ҳар бир хабар, ҳар бир изоҳ менга етиб келади. Имконим бўлганича уларнинг барчасини ўқийман ва уларнинг эътибори ҳамда қўллаб-қувватлаши учун чексиз миннатдорман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Ўзбекистон
  • Нефтчи Нефтчи
Бугунги янгиликлар