Бугун
6
Ўзбек

«Рақобат қила оладиганлар кам» — Одил Аҳмедов ЖЧ олди таркиб, жароҳатлар, текширув ва Колумбия билан ўйин ҳақида

Эксклюзив
11 июн, 09:56
Tribuna.uz журналисти Аҳмедов билан суҳбатлашди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
«Рақобат қила оладиганлар кам» — Одил Аҳмедов ЖЧ олди таркиб, жароҳатлар, текширув ва Колумбия билан ўйин ҳақида
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоамизнинг тарихий ўйинига тобора оз фурсат қоляпти. Эндиликда Ню-Йоркдан Атлантагача кўчиб ўтган вакилларимиз бевосита мундиалнинг илк туридаги рақибимиз – Колумбияга қарши ўйинга тайёрланишмоқда.

ЎФА раҳбарияти ҳам миллий жамоамиз билан бирга, жумладан, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов ҳам. Tribuna.uz журналисти Аҳмедов билан боғланди.

- Аввало, миллий жамоамиз тарихий ўйинлар арафасида турибди ва мундиал остонасидамиз. Сизлар ҳам АҚШдасизлар ва бош жамоамиз билан биргасизлар. Аввало, кайфият, тайёргарлик, у ердаги муҳит борасида тўхталиб ўтсангиз.

- Футболчиларни кайфияти аъло даражада. Чунки бу жаҳон чемпионати. Шунинг учун уларни руҳий тарафдан ортиқча тайёрлаш ҳам шарт эмас. Ҳамма билиб турибди, муҳит жуда ҳам яхши. Жаҳон чемпионатини кайфияти таъсир қилаётгани шундоқ билиниб турибди.

- Миллий жамоамизни Нидерландияга муносиб қаршилик кўрсатганини кўрдик. Бевосита баҳсни ўша ердан кузатган мутахассис сифатида ушбу беллашув борасидаги хулосаларингиз қандай бўлди?

- Нидерландия жуда яхши ва кучли рақиб. Ўйинчилари ҳам кучли. Барибир класс бўйича қаердадир устунлиги билиниб турди. Лекин бу футбол ва ўйинни ўзинглар ҳам кўрдинглар. Охирида гол ҳам уришга эришдик. Афсуски, сўнгги дақиқада тушунмовчилик эвазига яна пенальти қўйилди. Жаҳон чемпионатида ҳам худди шунақа ўйин кутишимиз мумкин. Ўйлайманки, йигитларимиз муносиб қатнашиб, кўп жамоаларга бош оғриғи бўлишига ишончим комил.

- Охирги пайтларда таркибдаги муаммолар хавотирларни оширмоқда. Жумладан, Алижоновни жароҳати, Машариповни тўлиқ соғаймагани. Жалолиддинни таркибдан чиқариб ўрнига Жияновни жалб қилиш ҳақида ҳам маълумотлар бор. Шу масалада ҳам ўз фикрларингизни билдириб ўтсангиз.

- Миллий жамоамизда рақобат борасида бир-бирига рақобат қиладиган футболчилар кам. Шу сабабли жароҳат олган ўйинчилар жиддий йўқотиш. Ўйлайманки, уларни ўрнини тўлдирадиган футболчилар ёки жароҳатидан тузалиб яна сафга қайтадиганлар мундиал пайтда оптимал формага кириб терма жамоага ёрдам беришларига умид қиламиз.

- Нидерландияга қарши ўйин олдидан миллий жамоамизни текшириш жараёни акс этган видео дунёга тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича фикрингиз қандай?

- Жаҳон чемпионати АҚШда бўлаётгани учун жуда жиддий қарашяпти. Текширувлар ҳам жиддий бўляпти. Ўйлайманки, бу футболчилар, мухлислар ва футболга алоқадор бўлганларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қилинаётган иш. Мен шунақа деб билдим. Чунки ўзим ҳам ушбу ҳолатни интернетда кўрдим. Шу боис ўйлайманки, бу футболчиларни хавфсизлиги учун қилинган иш.

- Биринчи тур доирасида Колумбияга қарши ўйинга жиддий тайёрларлик давом этмоқда. Рақиб даражасидан келиб чиқиб бизни қандай ўйин кутяпти, деб ўйлайсиз?

- Колумбия кучли рақиб. Улар деярли уйида ўйнаяпти, десак ҳам бўлади. Чунки Жанубий Америка жамоаси ва жуда қийин ўйин бўлади. Барибир ишқибозларни кўпчилиги ҳам колумбияликлар бўлади. Бизни йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ. Майдонга чиқиб, жиддий қаршилик кўрсатишади ва ўйлайманки, шунга яраша натижа ҳам яхши бўлишига умид қиламан.

- У ердаги ташкилотчилик, яратилаётган шарт-шароитлар борасида борасида барчаси жойдами? Умуман, ФИФАнинг жаҳон чемпионати мусобақаси нафаси сезилиб турибдими?

- Шу пайтгача миллий жамоамиз ўзи тайёргарлик кўрди. ФИФА барибир катта турнирлардан олдин яратиб берадиган шароитларини мусобақадан аввалроқ қилиб беради. Унгача ҳар бир миллий жамоа ўзи тайёргарлик кўради. Мана, Атлантада бўладиган йиғинларни ташкилотчиси ФИФА. Бу тарафдан муаммо бўлиши керак эмас.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Ўзбекистон
Бугунги янгиликлар