«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ сардори Антонио Валенсия «Олд Траффорд»га қайтиш ва янги бош мураббий Майкл Кэррик билан ишлашга тайёр эканини маълум қилди.
2009 йилдан 2019 йилгача манкунианликлар сафида тўп тепган эквадорлик собиқ футболчи Керрик билан алоқаларни сақлаб қолганини айтди.
«Кэррик — мен жуда ҳурмат қиладиган инсон. Мен уни янги шартнома билан табрикладим ва мураббийлик фаолиятида омад тиладим.
Менимча, унинг ишлари яхши кетмоқда. Унинг яна бир мавсум жамоа бошқарувида қолаётганидан хурсандман», — деди Валенсия.
Суҳбат давомида собиқ футболчидан «Манчестер Юнайтед»га қайтиш эҳтимоли ҳақида ҳам сўралди.
«Ҳа, албатта қайтардим. «Манчестер Юнайтед» менга жуда кўп нарса берди. Оилам ҳам Манчестерда жуда бахтли эди.
Мен бу клубдаги исталган лавозимда ишлашга тайёрман, чунки уни севаман. Ҳозир клуб тўғри йўлдан кетаётганига ишонаман. Агар мени чақиришса, дарҳол етиб бораман», — дея таъкидлади Валенсия.
40 ёшли собиқ футболчи 2021 йилда фаолиятини якунлаган. У «Манчестер Юнайтед» сафида 339 та ўйин ўтказиб, 25 та гол урган.
Валенсия клуб билан икки марта Англия чемпионлиги, Европа лигаси ва бир қатор миллий совринларни қўлга киритган.