Суперлиганинг 14-турида «Сўғдиёна» Тошкентда «Локомотив»га қарши майдонга тушди. Ўйин эса 3:1 ҳисобида майдон эгаларининг фойдасига ҳал бўлди.
Мағлуб бўлган «Сўғдиёна» устози Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақидаги фикрингиз?
- Биринчи бўлимда гол уриш учун жуда кўп вазиятлар яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Менимча, «Локомотив»нинг бир ёки иккита вазияти бўлди, аниқ эслолмайман. Иккинчи бўлим бошида ҳам яхши имкониятга эга бўлдик, лекин уни ҳам голга айлантира олмадик. Кейин эса омадсиз ҳолат юз берди - пенальти белгиланди, ундан кейин яна бир пенальти бўлди. Икки тўп фарқи юзага келгач, «Локомотив» учун ўйнаш анча осонлашди. Бизда яна имкониятлар бўлди, аммо улардан ҳам фойдалана олмадик. Шунга қарамай, футболчиларнинг ўйинига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Фақат гол уриш борасида оқсадик. Энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз ва бундай хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.
- Биринчи бўлимда жамоангиз рақибдан яхшироқ ҳаракат қилди. «Локомотив» ҳимоячилари гўёки Дориевнинг гол уришини кўпроқ истаётгандек таассурот уйғотди. Уларнинг хатолари ҳам кўринди. Нега прессингни кучайтирмадингиз?
- Ҳар бир жамоага қарши бир хил прессинг ўйнаб бўлмайди. Баъзи жамоаларга қарши буни амалга ошириш осон, баъзиларига эса жуда қийин. «Локомотив» шундай жамоалардан бири. Чунки уларнинг дарвозабони жуда юқорида ўйнайди ва ҳимоячилар босим остида қолса ҳам дарвозабон орқали тўпни чиқариб кетиш имкониятига эга. Улар прессингдан жуда яхши чиқиб кетади. Шу сабабли бугунги ўйин учун асосий вазифамиз прессинг қилиш эмас эди. Фақат рақиб ноқулай вазиятга тушган пайтларда босим уюштиришни режалаштиргандик.
- Ғалаба қозониш мумкин бўлган учрашувда мағлуб бўлдингиз. Жамоага ғалаба учун нима етишмаяпти? Маҳоратми?
- Ҳа, эҳтимол маҳорат. Яна нима дейиш мумкин? Бугун Дориевни марказий ҳужумчи сифатида ўйнатдик. Агар эътибор берган бўлсангиз, у беш-олти марта гол уриш имкониятига эга бўлди. Бу шуни англатадики, у тўғри жой танлаяпти ва жамоа унга вазият яратиб беряпти. Лекин бугун айнан якунлашда маҳорат етишмади. Ҳар бир футболчида ҳам, ҳар бир жамоада ҳам пасайиш даври бўлади. Шунинг учун бундан фожеа ясамаймиз. Мен жамоамнинг ўйинидан мамнунман. Футболчиларнинг ҳаракатига, фидойилигига эътирозим йўқ, айрим эпизодларни ҳисобга олмаганда. Сизнинг саволингизга жавоб шуки: маҳорат бўлса — гол урасиз, маҳорат етишмаса — ура олмайсиз. «Локомотив»ни бугунги ғалаба билан табриклайман ва кейинги ўйинларида омад тилайман.
- Охирги икки ўйинда жамоангиз саккизта гол ўтказиб юборди. Шу билан бирга, «Сўғдиёна»га келганингиздан кейин жамоа аввалгига қараганда очиқроқ футбол ўйнаётгандек. Бу индивидуал ижрочилар билан боғлиқми?
- Ҳозирги футболда барча жамоалар ҳам ҳимоялана олади, ҳам ҳужум қила олади. Футбол ўзгариб боряпти. Баъзи вазиятларда ҳимояланамиз, баъзи вазиятларда ҳужум қиламиз, айрим пайтларда эса ўйинни назорат қиламиз. Албатта, икки ўйинда саккизта гол ўтказиб юбориш яхши ҳолат эмас. Аммо футболда бундай пасайишлар бўлиб туради. Ўтган сафар бешта гол ўтказдик, бугун эса учта. Бу борада ишлаймиз. Балки мувозанат етишмагандир ёки бошқа омиллар таъсир қилгандир. Бугунги учрашувда иккита пенальти ҳал қилувчи омиллардан бири бўлди. Бу бироз омадсизлик ҳам эди. Менимча, ўйин жиҳатидан биз ютқазмадик, аммо ҳисобда ютқаздик. Футболда гол урган жамоа ғалаба қозонади.
- Иккинчи бўлимда, тахминан 70-дақиқаларда сув танаффуси пайтида мухлислар томонидан эътирозлар бўлди. Шундай вазиятларда нималарни ҳис қиласиз?
- Албатта, бу ёқимсиз ҳолат. Одамлар бақирса ёки турли гапларни айтса, бу ҳеч кимга ёқмайди. Аммо улар шундай қилишни истаса, биз нима ҳам қила оламиз? Уларга жавоб бера олмаймиз, улар билан баҳслашмаймиз ҳам. Бу тарбия масаласи. Хоҳлашса, бақиришаверади. Бунга қарши ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Лекин, албатта, бундай ҳолатлар жуда ёқимсиз», - дея Улуғбек Бақоевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.