Ёзги трансфер вақти давом этаётган пайтда «Пахтакор» ўзининг ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида нигериялик форвард – Стефан Чинедуни ўз сафига қўшиб олганини яхши билсангиз керак.
У аввалига Термизнинг «Сурхон» клубидаги ўйинлари орқали кўпчиликнинг эътиборига тушиб қолди. Чинеду жорий мавсум бошида юртимизга келди ва дарҳол ўзидан яхши таассурот қолдиришни бошлади. Акс ҳолда, «Пахтакор» бу трансферга қўл урмаган бўларди.
Чинеду янги клуби сафида ўз голлари ҳисобини ҳам очишга улгурди. Кеча «Пахтакор» «Бунёдкор»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Нигериялик ҳужумчи ушбу баҳсда ҳам иштирок этди. Tribuna.uz журналисти Чинедудан дастлабки интервюни олди.
- Стефан, кечаги ғалаба билан табриклайман. Аввало, ўйиндан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Катта раҳмат. Бу биз учун жуда муҳим ғалаба бўлди. Менимча, биз ўзимизнинг кучли характеримизни кўрсата олдик, жамоа бўлиб қаттиқ меҳнат қилдик ва ўйин давомида интизомни сақлаб қолдик. Албатта, яхшилашимиз керак бўлган жиҳатлар бор, лекин умуман олганда, бугунги ўйиндаги ҳаракатларимиз, курашчанлигимиз ва жуда муҳим бўлган уч очкодан мамнунмиз.
- Сиз «Пахтакор» сафида аллақачон учта ўйин ўтказдингиз. Ҳозиргача мослашиш жараёни қандай кечмоқда? Сиз учун қийин бўлмаяптими?
- Мослашиш жараёни ҳозирча жуда яхши кечмоқда. Жамоадошларим, мураббийлар штаби ва клубдаги барча инсонлар биринчи кунданоқ мени яхши кутиб олишди ва ўзимни жамоанинг бир қисми сифатида ҳис қилишимга ёрдам беришди. Албатта, ҳар бир янги клубга мослашиш учун маълум вақт керак бўлади, лекин мен бу жараёндан завқ оляпман ва ҳар бир машғулот ҳамда ўйин билан ўзимни янада эркинроқ ҳис қилмоқдаман.
- «Сурхон»даги фаолиятингиз жуда муваффақиятли ўтди - 14 та ўйинда 9 та гол ва 2 та голли узатма амалга оширдингиз. Бундай натижаларга эришишингизни кутганмидингиз? Ҳар ҳолда бу жуда таъсирли статистика.
- Мен ҳар доим ўз қобилиятларимга ишонаман, лекин футбол - бу жамоавий спорт. Шунинг учун бу натижаларга жамоадошларим ва мураббийларимнинг ёрдамисиз эришиб бўлмас эди. Ўша давр учун миннатдорман, аммо ҳозирги асосий эътиборим «Пахтакор» жамоасига қаратилган. Нафақат ўша статистикаларни такрорлаш, балки уларни янада яхшилаш ва Худо хоҳласа, «Пахтакор» билан бирга кўпроқ ғалабаларни қўлга киритишни истайман.
- «Пахтакор»ни танлашингизга нима сабаб бўлди? Сизда бошқа бир нечта таклифлар ҳам бор эди, тўғрими?
- Ҳа, бир нечта таклифлар бор эди, лекин «Пахтакор» минтақадаги энг катта клублардан бири ҳисобланади. Унинг буюк тарихи, юқори мақсадлари ва қизиқарли лойиҳаси бор. Мен бу ерда ўзимнинг ривожланишимни давом эттириш, совринлар учун курашиш ва ўзимни янада синаб кўриш учун энг яхши имконият бор, деб ҳис қилдим.
- Бу сиз учун Ўзбекистон чемпионатидаги биринчи мавсум. Ўзбекистон Суперлигаси ҳақидаги таассуротларингиз қандай? Ҳозиргача сиз учун ҳайратланарли жиҳат нима бўлди?
- Мен лигадан жуда катта таассурот олдим. Ўйинлар рақобатбардош ва жисмоний курашларга бой ўтмоқда. Жамоалар яхши ташкиллашган ва ҳар бир учрашув ўзига хос қийин синов бўлмоқда. Ҳозиргача бу мен учун жуда ижобий тажриба бўлиб келмоқда.
- Сиз Нигериядансиз, лекин Хорватия фуқаролигингиз ҳам бор. Демак, сиз икки давлат фуқаросисиз, шундайми?
- Ҳа, мен Нигерияданман. Аслида менда Хорватия фуқаролиги йўқ. Мен хорватиялик инсон билан турмуш қурганман. Ҳозирча менда фақат уларнинг оилавий яшаш учун берилган рухсатномаси бор.
- «Пахтакор»даги ҳаётга мослашишингизда сизга энг кўп ким ёрдам беряпти?
- Айтишим мумкинки, клубдаги барча инсонлар - мураббийлар штаби, жамоадошларим ва раҳбарият менга жуда катта ёрдам беришди. Аммо мен «Пахтакор»га қўшилишдан олдин ҳам Башерни танир эдим. У ҳам мен учун жуда катта роль ўйнади.
- Бу ерда бўш вақтингизни одатда қандай ўтказасиз? Шаҳарда сизга айниқса ёқадиган, ташриф буюришни яхши кўрадиган жойингиз борми?
- Бўш вақтимнинг кўп қисмини оилам билан ўтказаман. Биз биргаликда шаҳарни айланишни, турли хил ресторанларга бориб кўришни ва фарзандларимиз билан боғларга ташриф буюришни яхши кўрамиз. Тошкент жуда чиройли шаҳар, айниқса болалар учун. Биз бу шаҳарнинг яна кўпроқ жойларини кашф этишдан завқ оляпмиз. Қолган вақтимни эса шиддатли ўйинлар ва машғулотлардан кейин дам олиш ҳамда тикланишга сарфлайман.
- Оилангиз ҳақида бироз гапириб берсангиз. Ҳозир улар Нигерияда яшашяптими? Болалигингиз қандай ўтган ва футболга илк бор қачон қизиқиш билдиргансиз?
- Ҳа, ота-онам ва ака-ука ҳамда опа-сингилларим Нигерияда яшашади. Улар мен туғилган шаҳар — Кано шаҳрида истиқомат қилишади. У ерда футбол болалигимнинг катта қисми бўлган. Кўплаб болалар каби, мен ҳам бўш вақтимнинг аксар қисмини кўчада дўстларим билан футбол ўйнаб ўтказардим ва ёшлигимдан профессионал футболчи бўлишни хоҳлашимни билардим.
- Келажак учун асосий мақсадингиз нима?
- Асосий мақсадим, Худо хоҳласа, ҳар бир мавсумда ўзимни янада ривожлантириш, «Пахтакор»га совринларни қўлга киритишда ёрдам бериш ва футболчи сифатида ўзимнинг энг яхши даражамга эришишдир. Шу билан бирга, оиламни фахрлантиришни ва қаттиқ меҳнат ҳамда фидойилик орқали муваффақиятли фаолиятимни давом эттиришни истайман.