Бугун
4
Ўзбек

Сергей Лушан: «Ҳозирги қилаётган меҳнатимизнинг самарасини сентябр ойларида кўрамиз»

Футбол
27 июл, 15:45
«Машъал» бош мураббийи ОКМКга қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Сергей Лушан: «Ҳозирги қилаётган меҳнатимизнинг самарасини сентябр ойларида кўрамиз»
Фото: Машъал ПФК
27.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси OKMK OKMK 2 : 1 Машъал Машъал

Муборакнинг «Машъал» клуби бу турда сафарда ОКМК меҳмони бўлди ва ўйин 2:1 ҳисобида олмалиқликларнинг фойдасига ҳал бўлди.

Учрашувдан кейин «Машъал» устози Сергей Лушан матбуот анжуманида иштирок этди.

- Бугунги ўйин ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

- Аслида, мана учинчи ўйиндан бери ҳимояга таяниб ўйнаяпмиз. Ҳозирча бошқа йўлимиз йўқ. ОКМКни муносиб ғалаба билан табриклайман. Улар босимни охиригача давом эттириб, ғалабага эришди. Кераксиз қизил карточка олдик. Энди нима ҳам қилардик? Футболда шундай ҳолатлар бўлиб туради. Мен ҳозир футболчиларга ҳам айтдим: бизнинг ортга қараб ўтириб, афсусланишга вақтимиз ҳам йўқ. Фақат олдинга қараб юришимиз керак. Бу ўйин энди тарихда қолди. Олдинда ҳали 14 та тур бор. Ўйлайманки, биз ҳали Суперлигада қолиш учун кураш олиб бориш имкониятига эгамиз. Мақсадимиз ҳам шу. Олдинда ўйинлар жуда зич жадвал асосида давом этади. Шунинг учун бу учрашувни унутамиз ва кейингисига тайёргарлик кўрамиз. Яна бир бор ОКМКни ғалаба билан табриклайман.

- «Машъал» ўйинни яхши бошлади. Жамоа бундай руҳий тайёргарликни қаердан олди? Ҳозирги оғир вазиятдан чиқиш учун нималарга эътибор қаратяпсиз?

- Очиғи, футболчиларни қандайдир алоҳида усул билан руҳлантирдик, деб айта олмайман. Биз уларга фақат нимани хоҳлаётганимизни тушунтирдик. Улар эса буни жуда яхши қабул қилишди. Машғулот жараёнида футболчиларга нисбатан бирорта ҳам эътирозим йўқ. Чин дилдан айтяпман, улар худди ҳақиқий футболни соғингандек ишлашяпти. Биринчи ўйинимиз яхши чиқди, иккинчи ўйинда ҳам охиригача курашдик. Ўша учрашувда ҳам бир-икки имкониятимиз бўлганди. Ҳозирги футболда ҳамма ҳимояланишни ҳам, ҳужум қилишни ҳам ўрганиб бўлган. Имконият бўлса, ундан фойдаланиш керак. Бугун ҳужумда деярли ҳеч нарса амалга ошмади, фақат битта яхши қарши ҳужумни ҳисобга олмаса. Мен буни ҳозир футболчиларга бераётган катта жисмоний юкламалар билан боғлайман. Яна бир ярим ҳафта шундай ишлаймиз, кейин аста-секин юкламаларни камайтирамиз.
Биз асосий эътиборни чемпионатнинг сўнгги ўнта турига қаратганмиз. Ишонаманки, ҳозир қилаётган меҳнатимизнинг самарасини сентябрь ойларида кўрамиз. Айнан ўша пайтда жамоамиз ўзининг энг яхши ҳолатига чиқади, деган умиддаман. Шунда Суперлигада қолиш учун жиддий кураш олиб боришимиз мумкин. Ҳозирча футболчиларим сабр билан ишлаяпти. Мен уларнинг барчасидан жуда мамнунман. Уларни анчадан бери бунчалик иштиёқ билан ишлаётганини кўрмагандим.

- Демак, бугунги ўйинингиздан қониқдингизми?

- Ҳа, бугунги ўйиндан тўлиқ қониқдим. Фақат ўша мутлақо кераксиз қоида бузилиши ва қизил карточка бўлмаганда яхши бўларди. Аммо футболда шундай ҳолатлар учраб туради. Энди бунга ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Тўғри хулоса чиқарсак, футболчилар ҳаммасини яхши тушуниб туришибди. Ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Биз учун фақат олдинга йўл бор. Ортга қараб бўлмайди, ҳаммаси ўтмишда қолди. Энди ишлашда давом этамиз ва кейинги ўйинларда натижани кўрамиз», - дея Лушаннинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • OKMK OKMK
  • Машъал Машъал
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар