«Машъал»га Сергей Лушан бош мураббий этиб тайинланганидан кейин жамоа кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам ютқазмади.
Ўтган турда қўқонликлар 1:0 ҳисобида мағлуб этилган, бу гал воҳа дербисида «Насаф»га қарши ўйинда 1:1 қайд этилди.
Ўйиндан кейин муборакликлар устозт Сергей Лушан матбуот анжуманида қатнашди.
- Бугунги учрашув ҳақида фикрингиз?
- Биз учун жуда оғир ўйин бўлди. Аслида 90 дақиқа давомида асосан ҳимояланишга мажбур бўлдик. Аммо ҳимояланишни ёмон бажармадик. Ҳозир ҳимоядаги ўйинимизни тартибга солишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳаётнинг ўзи шунга мажбур қиляпти. Чунки 11 турда 23-25 та гол ўтказиб юборганмиз. Ҳар қандай жамоа аввало мустаҳкам ҳимоя устига қурилади. Шу боис кетма-кет иккинчи ўйинда футболчиларимиз биз қўяётган талабларни қандай қабул қилаётганидан мамнунман. Аста-секин ҳужумдаги ўйинимизни ҳам сифатли йўлга қўямиз, деган умиддаман. Умуман олганда, натижадан қониқдим. Ҳозир биз учун турнир жадвалидаги вазиятни ҳисобга олсак, ҳар бир очко олтин билан тенг. Шу сабабли бу натижани ижобий деб ҳисоблайман. Олдинга ҳаракат қиламиз.
- Сиз келгунингизга қадар «Машъал» деярли очко олмаганди. Ҳозир эса жамоа очко тўплай бошлади. Жамоага мослашиш жараёнингиз қандай кечди ва асосий мақсадингиз нима? «Машъал» Суперлигада қоладими?
- Бу бироз риторик савол. Очиғи, менга мослашишга ҳожат йўқ. Футболда жуда кўп йиллик тажрибам бор, мослашиш деган нарса йўқ. Жамоанинг Суперлигада қолиши ҳақида аввалги матбуот анжуманида ҳам айтгандим. Асосий вазифа — лигада қолиш. Лекин ундан ҳам муҳим вазифа — янги жамоа шакллантириш.
Агар эътибор берган бўлсангиз, кетма-кет иккинчи ўйинда ёш футболчиларга имконият беряпмиз. Бугун Абдулҳақов ва Жўрабоев майдонга тушди. Абдулҳақов, назаримда, жамоага эндигина қўшилган эди. Машғулотларда ким ўзини яхши кўрсатса, биз уни майдонга туширишдан қўрқмаймиз. Ҳатто жуда ёш Холматовни ҳам аввалги ўйинда майдонга туширдик ва у ўзини йўқотиб қўймади.
Қисқаси, мавсум охиригача ҳақиқий жамоа яратишимиз керак. Вақтни бой бермасдан, кейинги мавсумда клуб раҳбарияти қўядиган вазифаларни бажаришга қодир бўлган жамоани шакллантиришни истаймиз. Қайси лигада бўлишимизни эса вақт кўрсатади. Ҳозир эса фақат олдинга қараб ҳаракат қиляпмиз.
- Дарвозабондаги ўзгариш зарурат эдими ёки шунчаки имконият бердингизми?
- Иккинчи бўлим бошидаги дарвозабон алмашинуви режалаштирилмаган эди. Гап Тўхтабаев ёмон ўйнаганида эмас. Аксинча, у яхши ҳаракат қилди. Фақат ўтказиб юборган голимиз ноқулай бурчакдан урилди. Муаммо бунда эмас.
Биринчи бўлимда жарима майдонимизга жуда кўп узатмалар бўлди. Бундай вазиятларда дарвозабоннинг чиқишларда ишончли ўйнаши муҳим. Биз янги дарвозабон Русанов чиқишларда яхши ўйнашини билардик. Шу сабабли бу мажбурий қарор бўлди.
Менимча, рақиб комбинацион ўйин билан бизни ёриб ўта олмасди. Барибир охир-оқибат узун узатмалар ва босимга ўтишини кутгандик. Айнан шундай бўлди. Биз уларнинг қанотларини ёпдик. Шундай вазиятда ҳавода яхши ўйнайдиган дарвозабон керак эди.
Шунингдек, Драгуни ҳам майдонга туширдик. Уни кечагина рўйхатдан ўтказдик, ҳатто алоҳида тайёрлай ҳам олмадик. Бу ҳам мажбурий алмашув эди. Шунга қарамай, захирадан тушган футболчилар яхши ўйин намойиш этишди.
- Ижтимоий тармоқларда «Машъал» футболчиларига тўрт ойдан бери маош берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мураббий сифатида бунга муносабатингиз қандай?
- Бу мавзуда футболчилар билан узоқ гаплашдик. Мен ҳам уларга ўз фикримни айтдим. Мен Ўзбекистон футболида кўп йилдан бери ишлайман ва деярли ҳар йили қайсидир жамоада маош кечикиши кузатилади.
Бу йил эса тушунишимча, вазият кўплаб клубларда жуда оғир. Ҳатто айрим клубларда футболчилар олти ойгача маош олмаяпти. Нега бундай бўлаётганини мен ҳам тўлиқ тушунмайман.
Ҳа, бизда ҳам шундай муаммо бор. Лекин футболчилар машғулотларни давом эттиришга ва келажак учун ишлашга ваъда беришди. Пул ҳеч қаерга йўқолиб кетмайди. Албатта, ҳаммада оила бор, рўзғорни боқиш керак. Кўпчилик ҳозир футболни эмас, оиласининг кундалик эҳтиёжларини қандай қоплаш ҳақида ўйлаяпти.
Бу вазият нафақат бизнинг клубда, балки яна 6-7 та клубда ҳам кузатилмоқда. Тушунишимча, илгари «Нефтгазмонтаж» томонидан молиялаштирилган клубларга маблағ ажратмаслик ҳақида қарор қабул қилинган. Шу сабабли бир муддат барчага қийин бўлади.
Футболчилар сабр қилишларини айтишди. Ҳозирча жамоада ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Мен ўзим ҳам футболчи бўлганман. Саккиз ой маош олмасдан ўйнаш қанчалик қийинлигини яхши биламан. Бундай пайтда ишлашга иштиёқ ҳам камаяди. Умид қиламанки, бу муаммо тез орада ҳал бўлади.
- Сўнгги икки ўйинда «Машъал» очко оляпти. Агар жамоа Суперлигада қолса, кейинги мавсум чемпионлик учун ҳам кураша оладими?
- Буни ҳозир айтиш қийин. Чемпион бўлиш учун жуда кўп омиллар бир жойга тўғри келиши керак. Клубнинг молиявий имкониятлари, машғулотлар сифати, таркибнинг барқарорлиги муҳим. Бир бўғин ишдан чиқса ҳам чемпионлик бўлмайди.
Селекция жуда кучли бўлиши керак. Энг яхши футболчиларни жалб қилиш зарур. Бу юзлаб одамларнинг меҳнатини талаб қиладиган жараён. Фақат мураббийлар ёки футболчилар билан чекланмайди. Бутун тизим мукаммал ишлаши керак.
Бу саволга аниқ жавобни бешинчи ёки олтинчи турдан кейин бера оламан. Мен бу ерга келганимга эндигина ўн кун бўлди. Ҳозир айта оладиган ягона нарса — шу ўн кун ичида машғулотларда футболчиларни жуда қаттиқ ишлатяпмиз. Бошқа йўл йўқ.
Иккинчи ўйиндан бери улар бор кучини бериб ўйнаяпти. Шу сабр-тоқати ва меҳнати учун улардан миннатдорман. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади. Ҳозирча барча футболчиларимдан кўнглим тўқ. Энг муҳими, улар сидқидилдан ишлашяпти. Ишончим комилки, агар улар 100 фоиз куч билан меҳнат қилишда давом этса, олдимизга қўйилган вазифаларни бажара оламиз», - дея Лушаннинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz журналисти.