Бугун
18
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Сен гол урмасанг, сенга уришади»

Эксклюзив
17 июл, 14:50
«Қўқон-1912» устози «Машъал»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Андрей Шипилов: «Сен гол урмасанг, сенга уришади»
Фото: Tribuna.uz
17.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Машъал Машъал 1 : 0 Қўқон-1912 Қўқон-1912

«Қўқон-1912» жамоасининг Ғузорга сафари омадсиз чиқди. Улар бу йилги Суперлигада барча ўйинларда ютқазиб келаётган «Машъал»га қарши майдонга тушишди.

Эътиборлиси, қўқонликлар ҳали бир очкоси ҳам бўлмаган жамоага мағлуб бўлди ва уйига қуруқ қўл билан қайтадиган бўлди.
Учрашувдан сўнг «Қўқон-1912» бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида қатнашди.

- Бугунги учрашув борасида нималар дея оласиз?

- «Бизнинг бугунги рақибимизда мураббийнинг дебюти эканлиги тушунарли эди. Ҳаммасини йигитларга тушунтирган ва гаплашган эдик. «Машъал» иккинчи рақамда ўйнайди. Ҳатто шу вазиятда ҳам гапирмоқчи эмасман, танаффусимиз бўлгани, ҳамма бир хил шароитда бўлгани, бугун бироз ҳаво дим бўлгани ҳақида – ҳамма барибир бир хил шароитда эди.

Футбол шунақа ўйин-ки, у хатоларни кечирмайди. Футбол ўзи хатолардан иборат. Бизда биринчи таймда юз фоизлик вазиятлар бўлди, биз уларни голга айлантира олмадик. Иккинчи таймда яна бир юз фоизлик вазиятимиз бўлди. «Сен гол урмасанг, сенга уришади» дейишади-ку, ўша нарса бўлди. Бироз мувозанатни, диққатни йўқотдик. Ҳаммаси доим шундай бўлади, доим кўп вазиятлар юз беради, деб ўйладик. Имкониятлар баъзан кам бўлади. Баъзан бир ўйинда бор-йўғи битта вазият юзага келади. «Машъал»да ўша вазият бўлди ва биз уларга имкон бердик. Агар биз биринчи голни урганимизда, ўйлайманки, иккинчи ва учинчи голларни ҳам урган бўлардик. Ҳозир кучлироқмиз, дейиш қийин, натижа кўриниб турибди – «Машъал» 1:0 ҳисобида ютди, биз ҳеч нарса қила олмадик.

Захирадан футболчилар тушишди, уларнинг ҳам ҳар бирида биттадан юз фоизлик вазият бўлди, икки-уч метрдан бўш дарвозани ишғол қила олмадик. Билмайман, яна мураббий айбдордир? Ҳар доимгидек бизда гапиришни яхши кўришади: «Мураббий айбдор». Наҳотки, шунча юз фоизлик вазиятларни голга айлантира олмаганимиз учун ҳам мураббий айбдор бўлса?

- Янги футболчиларни жамоага жалб этишдан кўзланган мақсадга эришилдими?

- Бугун дарвозабонимизнинг иши деярли бўлмади, лекин принцип бўйича хатосиз ишлади. У ерда ҳеч қандай муаммо туғдирмади, нормал, сифатли дарвозабон. Шундай ўйин вазиятлари бўладики, дарвозабон ёрдам бера олмайди, лекин бугун, яна бир бор қайтараман, унинг иши кўп эмасди. Иккинчи ҳимоячини олган бўлсак-да, уни бугун майдонга туширмадик. Биз бор-йўғи иккита трансфер қилдик: ҳимоячи ва дарвозабон. Шунинг учун бугун фақат дарвозабон дебют қилди. Биринчи қадам қийин бўлди.

- Ҳозир сизда асосий мақсад нима? Суперлигада қолишми ёки Кубокми?

- Вазифа шунақа: ҳар бир ўйинга чиқиш ва ютиш, ютқазмаслик керак, биринчи дақиқадан охирги дақиқагача муносиб ўйнаш, ижобий натижа кўрсатиш ва жадвалда 5-6 поғона юқорироқ бўлиш. Мен бу ерга келганимда ҳам раҳбариятга, ҳам футболчиларга айнан шуни таъкидлаганман: олдинги натижадан 15-20 фоизга яхшироқ натижа кўрсатиш керак.

Ҳозирча ўхшамаяпти. Футболчилар йиғилган, муайян ўйин бор, лекин бизга доим ниманидир етишмаслиги халақит беряпти. Бугун жамоамиз ютиши керак эди, деб айта олмайман. Лекин бу яна бир хатонинг нархи. Айта оламанки, бизда сифатли ҳужумчи бор ва у ҳам биринчи, ҳам иккинчи таймда гол уриши керак эди. Вазифаларимиз шундан иборат. Катта раҳмат», — дея Шипиловнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Машъал Машъал
  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар