Суперлиганинг 12-турида мухлислар Тошкент дербисига гувоҳ бўлдилар. «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари ўртасидаги беллашув 1:1 ҳисобида якун топди ва унда ғолиб аниқланмасдан қолди.
Ушбу ўйиндан кейин «Локомотив» бош мураббийи Мирко Еличич ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Аввало, яна футбол қайтганидан хурсандмиз. Икки ойлик танаффусдан кейин расмий ўйинларга қайтиш жуда яхши бўлди. Бугунги баҳс оғир кечди. «Пахтакор»ни табриклайман. Бу каби иссиқ об-ҳавода ҳар икки жамоа ҳам яхши ҳаракат қилди, катта куч сарфлади. Майдонда яхши вазиятлар ҳам, кескин курашлар ҳам кўп бўлди. Биринчи ўйин учун натижадан қониқиш мумкин. Энди кейинги баҳсларга тайёргарликни давом эттирамиз.
- Ўйин ҳақида яна нима дея оласиз?
- Менимча, бугун ҳар икки жамоа ҳам уч очкони қўлга киритиши мумкин эди. Ўйин давомида имкониятлар бўлди, лекин улардан тўлиқ фойдалана олмадик. Агар бутун ўйинга назар ташласак, дуранг натижа адолатли бўлди, деб ўйлайман.
- Муҳиддин Зойиров ва Турғунбоев ҳақида фикрингиз?
- Ҳар қандай футболчини йўқотиш афсус. Лекин улар барибир иккинчи даврада кўп ўйин амалиётига эга бўлмасди. Деярли ярим мавсум ўтиб кетди, улар кам ўйнашди. Шунинг учун бошқа жамоада ижара асосида ўйнаш имкониятини излашлари тўғри қарор бўлди. Бизда аввал ҳам шундай ҳолатлар бўлган. Бу футболнинг бир қисми. Агар футболчига кўпроқ ўйин амалиёти керак бўлса, клуб унинг манфаатини ҳам ҳисобга олиши лозим.
- Анзур Исмоиловнинг келажаги ҳақида нима дейсиз?
- Бу кўп жиҳатдан Анзурнинг ўзига боғлиқ. У жуда яхши инсон, меҳнаткаш йигит. Бизга у билан ишлаш ёқади. Ҳозир унинг ҳаётида янги босқич бошланмоқда ва бунинг учун унга вақт керак. Биз билан келишуви бор: имкони бўлса, ишлайди ва жамоага ёрдам беради. Агар бошқа ишлари чиқиб қолса, биз буни ҳам тушунамиз.
- Бугун марказий ҳимояда ёш футболчи ўйнади. Бу вақтинчалик қарорми?
- Ҳа, бу вақтинчалик қарор. У бир нечта позицияда ўйнай оладиган универсал футболчи. Илгари ҳам марказда, ҳам қанотда ўйнатганмиз. У жисмонан кучли, тезкор ва ҳаракатчан. Лекин биз футболчиларни ўз табиий позицияларидан тез-тез силжитишни истамаймиз. Ҳар кимнинг ўз ўрни бор ва ўша ерда ўйнагани ҳам жамоа, ҳам футболчининг ўзи учун яхшироқ. Аммо айрим вазиятларда мажбур бўламиз. Бугун Кучеренко белидаги оғриқ сабабли ўйнай олмади. Анзур ҳам сўнгги икки ҳафтада тўлиқ машғулот ўтказмагани учун уни бу позицияда ўйната олмадик. Шунинг учун ёш футболчига ишонч билдирдик.
- Янги келган футболчилар ҳақида фикрингиз?
- Улар яқинда қўшилишди. Узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолишган, шунинг учун жисмоний ҳолатларини тиклаш ва жамоамизнинг ўйин услубига мослашиш учун вақт керак. Лекин уларнинг сифатига шубҳам йўқ. Ҳамма уларнинг имкониятларини яхши билади, айниқса ҳужумда ва яккакурашларда. Фақат футбол бу билан чекланмайди. Бироз вақт ўтгач, улар бизга катта фойда келтиради, деб ўйлайман. Қанчалик ёрдам бера олиши эса албатта, ўзларига ҳам боғлиқ.
- Суҳроб Нуруллоевнинг аҳволи қандай?
- Ҳаммаси яхши. Фақат кичик жароҳати бор эди. Бироз машғулотларни ўтказиб юборди. Лекин, менимча, кейинги ўйинга тайёр бўлади», - дея Еличичнинг сўзларидан келтиради, Tribuna.uz мухбири.
Мирко Еличич: «Дуранг адолатли бўлди, деб ўйлайман»
Эксклюзив
17 июл, 15:41
«Локомотив» бош мураббийи «Пахтакор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Локомотив ПФК
17.07.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Пахтакор
1
:
1
Локомотив Ташкент