Бугун
18
Ўзбек

Сергей Лушан: «Ростини айтсам, бу ерга келаётганимда футболчиларнинг савияси ҳақида саволларим бор эди»

Эксклюзив
17 июл, 14:30
«Машъал» устози «Қўқон-1912» билан баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Сергей Лушан: «Ростини айтсам, бу ерга келаётганимда футболчиларнинг савияси ҳақида саволларим бор эди»
Фото: Tribuna.uz
17.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Машъал Машъал 1 : 0 Қўқон-1912 Қўқон-1912

Суперлигада яққол аутсайдер – «Машъал» ортда қолган 11 турнинг барчасида мағлубиятга учраб антирекорд ўрнатганди. Ёзги йиғинда жамоада ўзгариш бўлиши кутилди ва бу ўзгариш қачонки, 12-турга яқин амалга оширилди. Бош мураббий ролига Сергей Лушан таклиф қилинди. Таркибда ҳам янги ижрочилар пайдо бўла бошлади.

Лушаннинг дебют ўйини «Қўқон-1912»га қарши кечди ва унда муборакликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 11 ўйинлик узлуксиз мағлубиятли сериясга чек қўйдилар. Сергей Лушаннинг ҳам қадами қутлуғ келди.

Муросасиз учрашувдан кейин «Машъал»нинг янги устози илк матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- «Бу ҳам биз учун, ҳам рақиб учун оғир ўйин бўлди. Об-ҳаво шароити ҳам ўз таъсирини ўтказди. Жамоамиз ҳақида гапирадиган бўлсам, йигитлар биз талаб қилган вазифаларни бажаришди. Албатта, ҳозир биз футболчилар билан энди танишяпмиз. Қандай футбол ўйнашимиз кейинроқ маълум бўлади. Аммо бугунги ўйинда кўришни истаган нарсаларимизни кўрдик. Йигитлар баракалла, ғалабани сақлаб қолишди. Менимча, бу муносиб ва ҳақли ғалаба бўлди.

- Жамоага легионер дарвозабон жалб қилинган, аммо у бугун таркибда йўқ эди. Бунинг сабаби нимада? Нега у асосий таркибда майдонга тушмади?

- Чунки биз уни ўйинга тайёрлаш имконига эга бўлмадик. Фақат кеча кечқурун унинг ўйнаши учун рухсат берилди. Ариза масаласи билан боғлиқ кечикиш бўлди. Шу сабабли охирги уч кун давомида Тўхтабоевни тайёрладик. Ҳар нарсанинг ўз вақти бор, биз шошилмаяпмиз. Олдинда яна 18 та ўйин бор. Ўйлайманки, барча футболчилар ўз имкониятини олади. Тақвим жуда оғир. Ҳар қандай очко йўқотиш биз учун катта зарар. Биз фақат олдинга интиламиз, орқага чекиниш йўқ. Шунинг учун легионерлар ҳам, маҳаллий футболчилар ҳам ўйнайди. Таркибни алмаштириб турамиз. Умид қиламанки, бу ўйин сифатига салбий таъсир қилмайди. Қисқаси, биринчи қадамимиз омадли чиқди. Бунинг ўзи ҳам яхши. Энди олдинга ҳаракат қиламиз.

- Таҳлилсиз ишлаш қийин. Табиийки, сиз ҳам жамоани таҳлил қилгансиз. «Машъал» биринчи даврада бирорта ҳам ғалаба қозона олмади. Сизнингча, жамоа нега 11 тур давомида ғалаба қозона олмаган?

- Буни мен тушунтириб бера олмайман. Чунки мен ўша ўйинларнинг бирортасини ҳам кўрмаганман. Албатта, мураббийларни ҳам, футболчиларни ҳам айблаш мумкин. Лекин жамоа 11 тур давомида ғалаба қозона олмаган бўлса, демак бу тизимли муаммо бўлган. Фақат мураббийлар штабига айбни ағдариш нотўғри. Мендан олдин нима бўлганини билмайман. Бу мен учун муҳим ҳам эмас. Менинг ўз вазифаларим бор. Шунинг учун аввалги ҳолат бўйича фикр ҳам билдира олмайман.

- «Машъал» каби қийин аҳволдаги жамоага келишингизга нима туртки бўлди ва олдингизга қандай вазифа қўйилган?

- «Машъал»даги асосий вазифа — жамоани Суперлигада сақлаб қолиш. Менимча, буни амалга ошириш мумкин. Бажариб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Шу мақсад сари интиламиз. Иккинчи вазифа эса рақобатбардош жамоа шакллантириш. Яъни, мавжуд футболчилар билан нималарга эришиш мумкинлигини кўриш ва клуб раҳбарияти қўядиган вазифаларни бажара оладиган жамоа тузиш. Албатта, янги футболчилар ҳам жалб қилинади, кузатувлар олиб борилади, зарур бўлса, захира ўриндиғини ҳам сифатли ижрочилар билан кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Ростини айтсам, бу ерга келаётганимда футболчиларнинг савияси ҳақида саволларим бор эди. Аммо бугун йигитлар ўзларини яхши томондан кўрсатишди. Демак, муаммо уларнинг иқтидорида эмас экан. Айрим жиҳатларни тўғрилаб қўйдик. Энди кўрамиз, кейин нима бўлади. Кейинги ўйинимиз тўрт кундан кейин. Агар ҳаммаси жойида бўлса, катта ўзгариш қилмаймиз. Агар бирор нарса ўхшамаса, янги футболчилар излаймиз. Футбол ҳаёти шундай.

- «Машъал»даги легионерларнинг салоҳиятини қандай баҳолайсиз?

- Легионерлар билан ишлаяпмиз. Уларнинг сифати ҳақида ҳозир аниқ фикр айта олмайман. Чунки уларни мен танламаганман. Мен энди келдим, менга мавжуд таркиб берилди. Шунинг учун ҳозирча улар ҳақида баҳо беришим қийин», - дея бош мураббийнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Машъал Машъал
  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар