Live
5
Ўзбек

Раҳимжон Давронов — «Қўқон-1912»ни танлагани, водий футболи ва рақобат ҳақида

Футбол
16 июл, 14:50
Қўқонликларнинг янги дарвозабони клуб матбуот хизматига интервю берди.
Раҳимжон Давронов — «Қўқон-1912»ни танлагани, водий футболи ва рақобат ҳақида
Foto: FC Kokand-1912

«Қўқон-1912» жамоасининг янги дарвозабони Раҳимжон Давронов клуб матбуот хизматига интервю берди.

— «Қўқон-1912»дан таклиф тушганда, ушбу клубга ўтиш қарорини қабул қилишингизга нима энг асосий туртки бўлди? Лойиҳами, мураббий ишончими ёки водий футболи муҳитими?

— «Қўқон-1912» — ўзининг буюк тарихи, содиқ мухлислари ва ҳар доим юқори мақсадлар сари интиладиган характери билан ажралиб турадиган клуб. Қарор қабул қилишимда мураббийлар штабининг менга билдирган ишончи энг асосий омил бўлди. Эндиги вазифам — ушбу ишончни ҳар бир ўйинда, яшил майдонда ҳаракатларим билан оқлаш.

— Фаолиятингизнинг катта қисмини айнан водий жамоаларида ўтказяпсиз. Водий футболи ўзининг ашаддий ва талабчан мухлислари билан машҳур. Бундай босим ва трибуналарнинг жўшқинлиги сизга қўшимча адреналин берадими ёки масъулият юкини оширадими?

— Водий мухлисларини мутлақо муболағасиз ўзбек футболининг юраги дейиш мумкин. Уларнинг ҳар қандай ўйиндаги тинимсиз қўллаб-қувватлаши менга фақат ва фақат қўшимча куч бағишлайди. Мен буни босим эмас, аксинча, елкамдаги улкан масъулият ва майдонда боримни бериб ўйнаш учун энг кучли мотивация деб биламан.

— Ҳар бир жамоада 1-рақам бўлиш учун жиддий кураш кетади. «Қўқон-1912» дарвозабонлар чизиғидаги рақобат ҳақида қандай фикрдасиз?

— Соғлом рақобат бор жойда ҳар доим ўсиш ва тараққиёт бўлади. Мен ҳар куни машғулотларда ўз устимда тинимсиз ишлаяпман. Таркиб борасида эса мураббий қарор қилади — ким энг тайёр ва муносиб бўлса, ўша майдонга тушади. Мақсадим — ҳар қандай дақиқада жамоага максимал фойда келтиришга тайёр туриш.

— Агар қўқонлик ашаддий мухлис сизни кўчада тўхтатиб, «Нега айнан бизнинг клубни танладингиз?» деб сўраса, унга 3 та сўз билан қандай жавоб берган бўлардингиз?

—Ишонч. Мақсад. Ғалаба.

— Янги жамоага келган ҳар бир футболчи ўз олдига аниқ мақсадлар қўяди. Сиз «Қўқон-1912» таркибида қандай марраларни кўзлаяпсиз?

— Биринчи навбатда — жамоамиз, мураббийлар штаби ва мухлисларнинг тўлиқ ишончини қозониш. Шахсий мақсадларимга келсак, «қуруқ ўйинлар» сонини имкон қадар кўпайтириб, «Қўқон-1912»нинг турнир жадвалида юқори ўринлар учун курашишига муносиб ҳисса қўшиш.

— Агар дарвозабон бўлмаганингизда, майдоннинг қайси нуқтасида ўйнаган бўлардингиз ва нима учун?

— Катта эҳтимол билан марказий ҳимоячи бўлардим. Чунки дарвозабонлик каби бу чизиқда ҳам ўйинни чуқур ўқиш, майдонни тўлиқ кўра олиш, вазиятни сониялар ичида баҳолаш ва бутун жамоа ҳимоясини бошқариш талаб этилади. Бу масъулият менга жуда яқин.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар