Бугун
35
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ўйин кўрсатдик»

Футбол
22 июл, 17:00
«Қўқон-1912» устози ОКМКга қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Андрей Шипилов: «Мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ўйин кўрсатдик»
Фото: Қўқон-1912 ПФК
22.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Қўқон-1912 Қўқон-1912 1 : 4 OKMK OKMK

«Қўқон-1912» жамоаси ҳамон мухлисларини ранжитишда давом этяпти. Ўтган турда муборакликларга ютқазишганди. Бу сафар эса ўз уйида ОКМКга 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Учрашув якунлангач, қўқонликлар бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида қатнашди.

- Ўйин ҳақидаги фикрингиз?

- Аввало шуни айтмоқчиманки, ўзинг севган касбга бундай муносабатда бўлиш мумкин эмас. Нима бўлаётганини тушунмаяпман. Иккинчи бўлимга яна чиқиб, мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ўйин кўрсатдик. Бундай бўлиши мумкин эмас.
Биринчи навбатда ўзимнинг ҳам уялгим келади. Лекин бу ерда фақат мураббий айбдор эмас. Бу ерда бутун бир занжир бор. Жамоа ютқазса, одатда мураббий айбдор дейишади. Аммо ўйинни синчиклаб таҳлил қилсангиз, биринчи бўлимни биз анча яхши ва муносиб ўтказдик. Ҳа, дастлаб бироз ишончсиз бошладик, аммо ўнинчи дақиқалардан кейин вазиятни ўзимиз томонга оғдира олдик.

Биринчи бўлим оғир кечди, буни мен ҳам кўрдим. Бизга ҳам осон бўлмади. Жуда муросасиз кураш бўлди. Танаффусда иккинчи бўлимда қандай ҳаракат қилишимизни футболчиларга батафсил тушунтирдик.
Аммо уларнинг бошида нима борлигини билмайман. Ҳозиргина кийиниш хонасида улар билан хотиржам гаплашдим. Уларгача етиб бориш жуда қийин. Ахир булар тажрибали, яхши савиядаги футболчилар. Таркибда тажрибали ва ёш футболчилар ўртасида мувозанат бор.

Натижа тўлиқ қонуний. Ўйинга бундай муносабатда бўлиш мумкин эмас. Бу шунчаки уят.
Қўқон яхши шаҳар, мухлислари ҳам жуда яхши. Улар жамоани чин дилдан қўллаб-қувватлайди. Албатта, ҳар доим чўнтагида тош олиб юрадиган танқидчилар ҳам бўлади, лекин мен уларга умуман эътибор бермайман.
Бироқ ҳозир жамоага ҳам, раҳбариятга ҳам айтдим: агар вазият ўзгаришларни талаб қилса, марҳамат, керакли қарорни қабул қилинг. Мен яхши таркибга эга бўлган жамоанинг турнир жадвалида ўзига муносиб бўлмаган ўринда юришини истамайман.

- Жасур Ёқубов жароҳат олиб майдонни тарк этгач, жамоа тўртта гол ўтказиб юборди. Ҳимоя айнан унинг кетиши туфайли издан чиқдими?

- Йўқ, йўқ. Жасур Ёқубов ёмон ўйнамади. Шу сабабли ҳам уни бугун асосий таркибга қўйгандик. Уни фақат жароҳатини оғирлаштириб юбормаслик учун алмаштирдик. Аслида уни алмаштириш режамиз йўқ эди.
Битта ҳимоячининг алмашгани ўйинга бунчалик таъсир қилмайди. У ерда бутун бошли хатолар занжири бўлди. Бири хато қилди, кейингиси ҳам хато қилди. Жуда оддий, болаларча хатолар туфайли тўртта гол ўтказиб юбордик.

Биринчи бўлимни шундай ўтказган жамоа учун бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Нима бўлаётганини тушунмаяпман.
Агар футболчилар майдонда зўрға ҳаракат қилаётганини кўрсам, жисмоний тайёргарлик етишмаяпти дердим. Лекин ундай эмас. Ҳеч кимнинг оёғи тортишмади, ҳамма югурди, курашди.

Алмасалиев кейинроқ жароҳат олди ва уни алмаштиришга мажбур бўлдик. Бу ҳимоячиларнинг эмас, бутун жамоанинг ҳимоядаги хатоси эди. Ҳужумдан ҳимояга ва ҳимоядан ҳужумга ўтиш босқичларида жиддий камчиликлар бўлди.

- Трансфер ойнасида таркибни кучайтириш режалаштирилганми?

- Бу саволга мамнуният билан жавоб берган бўлардим. Аммо ҳозир аниқ гапира олмайман. Чунки молиявий имкониятлар ва бюджет масаласи бор.
Кимдир танаффусда олти футболчи олади, бошқаси бешта олади. Кимдир эса трансфер қилади-ю, барибир ютқазади.
Биз имконимиз етганича ишладик. Дарвозабон олдик ва у бугун дебют қилди.

Албатта, таркибни кучайтиришни истаймиз. Масалан, ҳозир Нимели йўқ. Унга нима бўлганини ҳам билмайман, шунчаки таркибда йўқ.

Сиз айтишингиз мумкин:«Битта футболчи йўқлиги муаммо эмас». Мен ҳам бунга қўшиламан. Аммо ҳозир биз учун ҳар бир футболчи жуда муҳим.

Муборакдаги ўйинда Нимели йўқ эди, Иқбол эса сариқ карточкалари сабаб ўйнамади. Бугун Иқбол майдонга тушди ва унга эътирозим йўқ. Ҳар доим муносиб ўйнайди.

Сидиков эса узоқ вақт машғулот ўтказмаганига қарамай, бугун икки бўлим ўйнади. Унга ҳам эътирозим йўқ. Тома ҳам тўлиқ ўйнади. Лекин мураббий сифатида доим кўпроқ нарсани хоҳлайсан.

Жамоада янги футболчилар бўлишини, ҳақиқий рақобат юзага келишини истардим. Назаримда, айрим футболчилар шартнома имзолагач, шу билан ҳаммаси тугади, деб ўйлаб қолишган.
Мен ҳам имкон бўлса, икки-уч нафар янги футболчини, айниқса ҳужум ва ярим ҳимоянинг чап ҳамда ўнг қанотларига таклиф қилган бўлардим.

Ҳозирча қўлимиздаги футболчилар билан ишлашга мажбурмиз. Ҳеч кимдан воз кечмаяпмиз. Мураббийлар штаби ва тиббий штаб билан биргаликда имкон қадар ҳамма нарсани қиляпмиз. Аммо қанча гапирмай, қанча тушунтирмай, натижа бўлмаса — бу жуда ёмон.

Мен бу ҳақда раҳбариятга ҳам очиқ айтдим. Натижа йўқ — бу жуда-жуда ёмон ҳолат. Бу мени ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда ва умуман қониқтирмайди.
Шу сабабли энди барча қарор раҳбарият қўлида. Мен уларга ҳаммасини тушунтирдим. Ўйиндан икки кун олдин ҳам улар билан учрашиб, профессионал тарзда суҳбатлашган эдик.

Футбол жамоавий ўйин. Аммо натижа учун якунда бош мураббий жавоб беради. Натижа бўлмаса, демак, айбдор ҳам мураббий», - дея Шипиловнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • OKMK OKMK
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар