МЛС раҳбарияти «Интер Майами»га нисбатан текширув бошлади. Бу ҳақда The Athletic хабар бермоқда.
Манбага кўра, лига клубни футболчилар билан музокара олиб бориш қоидаларини бузган бўлиши мумкин, деб гумон қилмоқда. Гап бразилиялик яримҳимоячи Каземиронинг трансфери ҳақида кетмоқда.
Таъкидланишича, Каземиро билан музокара олиб бориш бўйича устувор ҳуқуқ дастлаб «Лос-Анжелес Гелакси»га тегишли бўлган. Агар текширув якунида қоидабузарлик аниқланса, «Интер Майами» клубидан «Лос-Анжелес Гелакси»га товон пули ундирилади. Компенсация миқдори текширув натижалари эълон қилингач белгиланади.
Шу билан бирга, «Интер Майами» Каземиро билан шартнома имзолаганини расман тасдиқлади. Томонлар ўртасидаги битим 2027 йил ёзигача амал қилади ва уни 2029 йилгача узайтириш имконияти ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Каземиро ўтган мавсум «Манчестер Юнайтед» сафида 33 та баҳсда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва жамоанинг Англия Премер-лигасида учинчи ўринни эгаллаб, УEФА Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишига ҳисса қўшди. Шунингдек, у «Реал» сафида беш бор УEФА Чемпионлар лигаси ғолибига айланган, Бразилия миллий жамоаси сафида эса 91 та баҳс ўтказган.