Суперлиганинг 13-турида воҳа дербиси доирасида «Машъал» ҳамда «Насаф» ўзаро куч синашишди ва ушбу баҳсда ғолиб аниқланмади – 1:1.
Бу эса охирги ўринда бораётган «Машъал» учун ғалабага тенг дуранг. Албатта, «Насаф» икки очкони йўқотди.
Мазкур ўйиндан сўнг қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Албатта, биз очко йўқотдик. Сабабини, ўзинглар кўрдинглар. Ҳисобда олдинда бўлганимизда вазифамиз енгиллашарди. Рақиб жамоаси жуда чуқур, зич ҳимояланди. Ёриб ўтиш қийин бўлди. Агар имкониятлардан фойдаланганимизда рақиб очилишга мажбур бўларди ва бизга янада осонроқ кечарди. Ўйин бошидан уларни қониқтирадиган ҳисоб бўлиб турибди. Шу боис чуқур ҳимояланиб, қарши ҳужумларни кутди. Ўйлайманки, рақибни бу натижа албатта қониқтиради.
- Ўтган йили «Машъал» Қаршида ғалаба қозонганди. Бу сафар эса дуранг бўлди. Нега айнан «Машъал» билан шундай бўлади?
- Биласизлар, «Машъал» ҳар йили биз билан катта иштиёқ билан ўйнаяпти. Озгина бўлса ҳам буни дерби мақоми бор. Шу боис ҳар доим бизга қарши икки карра куч билан ўйнайди. Ўтган йили мағлубиятга учрагандик, бу йил дуранг. Кейинги сафар демак, ютамиз.
- Лушан бошчилигидаги «Машъал»ни қанчалик кучайган деб ўйлайсиз?
- Олдинги ўйинлари билан таққосласак, «Қўқон-1912» билан ўйинини ҳам кўрдим. Айнан ушбу учрашувни кузатганимиз биз учун етарли эди. Жамоа янги мураббий билан тартиблироқ, зичроқ ҳимоя асосан 5-4-1 схемасида ўйнашга ҳаракат қиляпти. Нафақат 5 нафар, балки керак бўлса, 7 кишилаб ҳам ҳимояланяпти. Қайсидир
маънода тўғри қарор деб биламан. Ҳозир «Машъал» жамоаси учун ҳам очколар жуда зарур. Қолаверса, янги мураббийга футболчилар албатта ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Уларда иштиёқ ҳам борлиги кўриниб турибди. Шунинг учун иккита ўйин улар учун ижобий якунланди. Қўқонликларга қарши учрашувда ҳам улар худди шу схемада ўйнаганди ва уч очко келтирди. Бу сафар ҳам жуда чуқур, керак бўлса 9 кишилаб ҳимояланишди. Бу ҳар қандай жамоа учун қийинчилик туғдиради. Биз ҳисобда олдинга чиқиб олганимида «Машъал» очилишга мажбур бўларди. Футболда ҳаммаси уларни режаси бўйича кетди.
- Отубанжо бу учрашувда майдонга тушмади. Кейинги ўйинларга ёрдам бера оладими?
- Ҳа, у бугунги ўйинни ўтказиб юборди. Балки ёрдами тегарди. Қисқа жойларда у яхши ўйнарди. Биринчи бўлимда вазиятларимиз яхши бўлди. Агар қайсидирларини голга айлантирганимизда ёки иккинчи бўлимда Шароф Муҳитдинов ўз имкониятидан фойдаланганида...Бўлди, биз очко йўқотдик, энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
- «Насаф» ҳозир 8-ўринда кетяпти. Чемпионлик ёки учинчи ўрин ё Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиш мақсади борми?
- «Насаф»ни ўз ўрни ва мавқеи бор. Чемпионлик мақсади олдимизда тургани йўқ. Бироқ мавқени тиклашимиз ва юқори ўринлар учун ҳаракат қилишимиз лозим. Олдимизда ўйинлар кўп, халқаро баҳслар ҳам бор. Буларга яхшироқ тайёргарлик кўришимиз даркор.
- Ҳимоячи Алибек Давронов бу ўйинда олдинроқда ҳаракат қилди…
- Зич ҳимояни юқори паслар билан ўйнашга қарор қилганимиз учун Алибекни олдинга ўтказдик. Давроновни бош билан яхши ўйнаш сифати бор. Шу мақсадда олдинга қўйдик. Барибир операциядан сўнг Алибекни ҳолати зўр эмаслиги бугунги ўйинда кўриниб турибди. Бу унинг позицияси эмасди, таваккалчилик эди. Охирги вариантимиз бўлгани учун ҳужумда ўйнатдик.
- Мана шундай ўйинлардан кейин асосий куч мураббийга қаратилади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда. Ижтимоий тармоқларни кузатмайман деб кўп интервю бергансиз. Мана шундай руҳият билан боғлиқ ҳолатлардан қандай чиқиб кетасиз? Керак бўлса, жамоани ҳам топшираман, деган фикрлар ҳам ўтадими?
- Мураббий аввало бу нарсага руҳан тайёр бўлиши керак. Чунки футболни паст-баландликлари бўлади. Ҳар ўйиндан кейин эсдан чиқариб, кейинги учрашувларга тайёргарлик кўриш керак. Агар четдан эшитиладиган гапларга ёки ҳар хил фикрларга эътибор қаратсак, жуда ҳам чалғишимиз мумкин. Совуққон бўлишимиз керак. Бу ҳар қандай мураббийни атрофида бўладиган нарса. Дам олиш ҳақида...Тўғрисини айтаман, 2024 йилги мавсум якунланганида танаффус олишни раҳбариятдан сўрагандим. Буни айтмагандим, ҳозир мажбур қилдингиз. Ўша 2024 йили чемпион бўлганимиздан кейин раҳбариятга менга танаффус беринглар, клубда хоҳлаган ишда ишлаб тураман, дедим. Лекин менга айтишди: 10 кун сизга дам, кейин ишни давом эттираверинг, дейишди. Шунинг учун ҳозирги қийин вазиятда ҳам мен ҳеч нимадан нолиётганим йўқ. Мен шу ерликман, шу жамоа мени уйим. Мени қадрли жамоам. Қанча керак бўлса ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ёрдам беришга тайёрман.
- Ўтган ўйиндаги матбуот анжуманида янги ўйинчилар олишимиз керак дегансизу, аммо қайси чизиққа кераклигини очиқламагандингиз.
- Имкониятимиз ҳақида бир нима дея олмайман. Агар шу ҳолатда бўлса имкониятимиз балки нолга тенг бўлар. Ўйлайманки, вазият яхши тарафга ўзгаради. Қанотларда ва ҳужумкор ўйинчилар жуда ҳам зарур.
- Акрам Афифни «Насаф»га келиши мумкинлигини эшитиб хурсанд бўлдим…
- Бу ҳақида қаерда ўқидинглар?
- Миш-мишда…
- 100 карра аминман, Афиф Ўзбекистонга келмайди. Керак бўлса, уни Европа даражасидаги клублар ҳам таклиф қилиши мумкин. Биласизми, Акром Афифни ўз жамоасида қанча даромад қилишини? Бутун бир клубни эгаси бўлиши мумкин. Бунақа фикрлар бўлади. Ижтимоий тармоқлар ҳақида гапирдингларку, улар қизиқтириш, одам йиғиш учун ҳар хил нарсаларни чиқараверади. Бундан олдин ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган. Жамоамизга Англиядан ўйинчилар келаркан деб ёзишарди. Шу боис бунақаларни камроқ ўқишга ва камроқ эътибор қаратишга ҳаракат қиламан», - дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади